ҲАДИС ЎРГАНИШ МАҚСАДИДА САФАР ҚИЛИШ
Суннат Аллоҳ таоло тарафидан келган ваҳий ва Аллоҳ китобининг изоҳга муҳтож жойларини баён қилгувчидир. Суннатнинг мана шундай муҳим вазифаси, эътибори бўлганлиги боис салафи солиҳлар бутун эътиборларини унга қаратдилар ва ҳадислар ва уларнинг санадини йиғиш учун бор имкониятларини сарфладилар. Ҳадисларни излаб, унинг санадларини қидириб, манзилларнинг узоқлиги, улкан машаққатларга қарамасдан узоқ масофаларга сафар қилдилар. Улар бунда қуйидаги каби қуръон оятлари ва расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига бўйсунган эдилар:
Аллоҳ таоло айтади: “(Мўминларнинг) ҳар бир гуруҳи (яъни, шаҳар, қишлоқ ёки қабилалар)дан бир тоифа (сафар асносида расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган) дин таълимотларини ўрганиш ва шояд қавмлари огоҳ бўлишлари учун улар олдига қайтиб келганларида уларни (ўзлари ўрганган дин таълимотлари ва душман хабаридан) огоҳ этишлари учун жангга отлансалар бўлмайдими?»[1]. [Тавба: 122].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимики илм излаб бир йўлдан борса, Аллоҳ таоло унга бунинг эвазига жаннатга элтувчи йўлни муяссар қилиб қўяди».[2]
Ҳадис ўрганиш мақсадида сафар қилмоқлик илмий тадқиқотлар борасидаги муҳаддислар тариқати ва услубидан келиб чиққан иш эди. Ҳофиз Ибни Салоҳ шундай дейди: «Агар (муҳаддис) ўз юртидаги олий санад ва муҳим масалаларни эшитиб бўлган бўлса, унда бошқа юртларга сафар қилсин».
Яҳё ибни Маийндан ривоят қилинади : «Тўрт тоифа борки, уларда ҳеч етуклик кўрмайсан: кўча қоровули, қози жарчиси, муҳаддис фарзанди ва ўз юртида ҳадис ёзиш билан кифояланиб, ҳадис ўрганиш мақсадида сафар қилмаган киши».[3]
Аҳмад ибни Ҳанбалдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади : У кишига: «Киши «улув»[4] истаган ҳолида сафар қиладими?»-дейилди. Имом Аҳмад: » Ҳа, Аллоҳга қасамки, бунга қаттиқ интилади. Дарҳақиқат, Алқама ва Асвад иккисига Умар розияллоҳу анҳудан бир ҳадис етиб келса, бу у иккисини қаноатлантирмасдан, балки Умарни олдига боришиб ҳадисни унинг ўзидан эшитар эдилар».[5]
Иброҳим ибни Адҳам розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳ таоло ҳадис асҳобларининг сафари туфайли бу умматдан балони даф қилади».[6]
Хатиб Абдуллоҳ ибни Аҳмад ибни Ҳанбалгача бўлган санади билан ривоят қилади: Абдуллоҳ шундай дейди: «Отамдан илм талаб қилган киши ҳақида сўрадим: «Нима дейсиз, бу одам бирон илмда бир кишини этагини тутиб ,ундан ажрамасдан илм ёзгани маъқулми, йўқса, илм бор жойларга сафар қилиб одамлардан эшитгани яхшими?». Отам айтдилар: «Сафар қилгани яхши. Куфаликлар, Басраликлар, Мадина ва Макка аҳлидан илм ёзсин. Одамлардан илм ахтарсин, улардан эшитсин».[7]
Илм ўрганиш мақсадида сафар қилишнинг бошланиш тарихи:
Бу борадаги асос Аллоҳнинг пайғамбари ва калими Мусо алайҳиссаломнинг Хазир олдига сафар қилганлигидир. Дарҳақиқат, бу қиссани Аллоҳ Каҳф сурасида ҳикоя қилиб берган.
Исломда илк бор бундай сафар қилмоқлик, Араб Ярим Оролининг турли чеккаларидан расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига вакил бўлиб келган араб қабилаларидан бўлмиш жамоатларнинг сафари билан бошланди. Улар расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ислом динини қабул қилганликлари билан байъат қилишар қилишар ва китобу-суннатдан иборат у зот келтирмиш ваҳийни таълим олишар эди.
Сўнгра расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин, футуҳотлар (яъни, янги-янги ўлкаларга ислом динининг кириб бориши) натижасида саҳобалар турли шаҳарларда тарқалиб кетгач, бу тур сафарга саҳобалар ҳам эътибор бера бошлашди. Жумладан, Жобир ибни Абдуллоҳ Шом ўлкасида бўлган Абдуллоҳ ибни Унайсдан ўзга ҳеч кимса ёдда сақлаб қолмаган биргина ҳадис эшитиш учун унинг олдига сафар қилиб, бир ойлик масофани босиб ўтади[8].
Абу Айюб Ансорий Мисрга Уқба ибни Омирнинг олдига сафар қилади. У билан учрашганида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мусулмон кишини (айбини) тўсиш ҳақида эшитган нарсангни бизга айтиб бергин. Зеро, буни сену мендан бошқа эшитган киши қолмади»-деди. Уқба унга ҳадисни айтиб бергач, Абу Айюб хуржунини ерга тушурмасданоқ (яъни, Уқбани олдида узоқ қолмай), уловига миниб Мадинага қайтганча йўлга отланди.[9]
Шунингдек, илм талабида сафар қилмоқлик тобеинлар авлодида ҳам давом этди. Исломий футуҳотлардан кейин саҳобалар ўзлари билан нубувват меросини кўтарган холда турли хил шаҳарларга тарқалиб кетдилар. Инсон бу шаҳарларга сафар қилмасдан, уларда ёйилиб кетган саҳобалар орқасидан эргашмай туриб, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини пухта ўрганишининг имкони йўқ эди.
Тобеинлар оқсоқоли имом Саид ибни Мусайяб айтади: «Биргина ҳадисни излаб бир қанча кеча ва кундузлик масофаларни босиб ўтар эдим».[10]
Буср ибни Абдуллоҳ Ҳазромий айтади: «Биргина ҳадисни эшитиш учун бирон бир шаҳарга улов миниб сафар қилар эдим». Омир Шаъбий айтади: «Абдуллоҳ ибни Масъуднинг асҳоблари (яъни, шогирдлари) дан ҳеч бири Масруқчалик барча ўлкаларда илм талаб қилувчироқ эмас эди».[11]
Шаъбий бир кишига ҳадис айтиб бериб, сўнгра унга шундай деди: «Биз сенга бу илмни ҳеч эвазсиз бердик. Ҳолбуки, бунданда оз илм учун Мадинага сафар қилинар эди».[12]
Абул Олия Риёҳийдан ривоят қилинади: «Басрада расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан (бизга етиб келган) ривоятларни эшитар эдик. Сўнгра, (бунга) рози бўлмай, Мадинага сафар қилиб, бу ривоятларни уларнинг ўз оғизларидан эшитар эдик»[13]
Сафар сабаблари:
Илм излаб сафар қилишнинг бир қанча сабаблари бор. Шулардан энг муҳимлари қуйидагилардир:
1-Саҳобалар авлодида бирон бир саҳобий расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитмаган ҳадисни эшитмоқлиги ёки шаҳрида ёлғиз ўзигина ёд билган, бошқалар уни билмайдиган бир ҳадисга аниқлик киритиш мақсадида, бошқа шаҳарларда бу ҳадисни ёд билган кишининг ҳузурига гарчи бир ойлик масофа бўлса ҳам сафар қилинар эди.
2-Тобеинлар даврида эса саҳобаларнинг шаҳарларда тарқалиб кетганлиги, улардан ҳар бирида нубувват меросидан илм маърифат бўлиб, ана ўша илмга мухтож бўлинганлиги учун уларнинг ҳузурларига сафар қилинар эди.
3-Мана бу икки авлоддан кейин бошқа бир қанча сабаблар пайдо бўлди. Жумладан:
- Ўз ҳою-ҳаво ва бидъатларини қўллаб қувватлайдиган ҳадислар тўқиб, уларни расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берадиган ҳар хил ҳою-ҳаво ва бидъат асҳобларининг кўпайиши натижасида тўқима ҳадислар пайдо бўлиши.Шу сабабдан, уламолар бу каби ҳадисларга аниқлик киритиш, уларнинг манбалари ва келиб чиқишини билиш мақсадида сафар қилмоқликка фоал ҳаракат қилдилар.
- Олий санад талаб қилмоқлик ва шу боис сафар қилмоқлик. Имом Аҳмад шундай дейди: «Олий санад талаб қилмоқлик салафлардан қолган суннатдир».[14]
Хатиб Бағдодий айтади: «Ҳадис учун сафар қилишдан мақсад иккитадир:
Биринчиси: Санаднинг олийлиги ва (ҳадисни) олдиндан эшитишни ҳосил қилиш.
Иккинчиси: Ҳофизлар (яъни, муҳаддислар) билан учрашув, улар билан илмий суҳбат қуриш ва улардан фойдаланиш. Мабодо ҳадис талаб қилган кишининг юртида бу икки иш мавжуд бўлса ва ундан бошқа юртларда бундай шароит бўлмаса, унда бундай сафардан фойда йўқ, балки юртидаги илм билан чекланиши афзалдир».[15]
Қуйидаги икки намуна бу икки сабабнинг мисолларидандир:
Биринчиси: Муаммил ибни Исмоилдан ривоят қилинади: «Менга ишочли бир киши Убай ибни Каъбдан ривоят қилинадиган Қуръон сураларининг фазилати ҳақидаги ривоятларни айтиб берди. Мен у шайхга: «Сизга буни ким айтиб берди?»-дедим. «Мадоин шаҳридаги бир киши, у ҳали ҳаёт»-деди. Мен унинг олдига бориб: «Сизга буни ким сўзлади?»-дедим. «Восит шаҳридаги бир киши, у ҳали тирик»-дея жавоб берди у. Мен унинг олдига сафар қилдим. » Менга Басра шаҳридан бир шайх айтиб берди»-деди у. Мен унинг ҳам олдига бордим. «Убодон»лик бир шайх айтиб берувди»-деди у. Мен унинг олдига бордим. У киши менинг қўлимдан тутиб, бир уйга киргизди. Қарасам, сўфилардан бир жамоат йиғилган, улар билан бирга бир шайх ҳам ўтирар эди. Шунда ҳалиги киши менга қараб: «Мана шу шайх айтиб берди»-деди. Мен унга : «Эй шайх! Сизга ким айтиб берди»-дедим. Шунда у деди: «Менга ҳеч ким айтиб бергани йўқ. Бироқ, биз одамларни Қуръонга қизиқмай қўйганини кўрдик. Шундан сўнг, Қуръонга эътибор қаратишлари учун уларга бу ҳадисни тўқиб чиқардик».[16]
Иккинчиси: Абу Наср ибни Ҳаммод Варроқ Бажалийгача бўлган санад билан ҳофиз Ибни Ҳиббон ривоят қилади[17]: Абу Наср шундай дейди: «Шуъба ибни Ҳажжож уйининг дарвозаси олдида бир жамоат ҳадисларни эслашиб турар эдик. Шунда мен: «Бизга Исроил Абу Исҳоқдан, у Абдуллоҳ ибни Атодан, у эса Уқба ибни Омирдан ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб берди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимики таҳорат қилганида таҳоратини мукаммал қилса, жаннатнинг ҳоҳлаган эшигидан киради»[18] –дедим. Мен бу ҳадисни айтиб турар эканман, Шуъба уйидан чиқиб келди-ю, менга бир тарсаки тушурди ва: «Эй тентак, Абу Исҳоқни Абдуллоҳ ибни Ато, Уқба ибни Омир орқали ҳадис айтганини ҳеч эшитганмисан?!»-деди. Мен бўлсам: «Эй Абу Исҳоқ, Абдуллоҳ ибни Атонинг Уқба ибни Омирдан ривоят қилганини эшитганмисиз?-дедим. Шуъба: » Абдуллоҳ ибни Атодан эшитганман»-деди. Мен: «Абдуллоҳ ибни Ато Уқба ибни Омирдан эшитганми?»- дедим. «Жим бўл!»-деди Шуъба. Мен: «Йўқ жим бўлмайман»- дедим. Шунда Мисъар ибни Кидом менга қайрилиб қарадида: «Эй Шуъба, Абдуллоҳ ибни Ато Маккада ,тирик»-деди. Шундан кейин Макка йўл олдим, бориб Абдуллоҳ ибни Ато билан учрашдим. Унга: «Таҳорат тўғрисидаги ҳадисни биласизми?»-дедим. «Уқба ибни Омирданми?-деди. «Аллоҳ сизни раҳм қилсин, ундан эшитганмисиз?-дедим. «Йўқ, менга Саъд ибни Иброҳим айтиб берди»- деди. Ундан сўнг Молик ибни Анаснинг олдига бордим. У ҳажда эди. Ундан Саъд ибни Иброҳим ҳақида сўрадим. «У бу йил ҳажга келмади»- деди Молик. Ҳаж ибодатларини тугатгач, Мадина сари йўл олдим. Саъд ибни Иброҳим билан учрашиб унга: » Таҳорат тўғрисидаги ҳадисни биласизми?»-дедим. «Сизлар томондан чиққан бу, менга Зиёд ибни Михроқ айтиб берди»-деди у. Шундан сўнг пастга Басрага йўл олдим. Бориб Зиёд ибни Михроқ билан учрашдим. Рангим учган, уст- бошим кир, сочим ўсган бир ҳолда эдим. «Қаердан келяпсан»-деди у. Унга ҳадисни айтиб бердим. «Бу сенинг ишинг эмас»-деди у. Мен: «Айтмасанг бўлмайди»- дедим. Зиёд деди: «Йўқ, аввало бориб ҳаммомда ювуниб, уст-бошингни ювиб келасан, сўнгра сенга бу ҳадисни айтиб бераман». Ҳаммомга кириб, уст-бошимни ювиб, сўнгра унинг олдига келдим. «Менга Шаҳр ибни Ҳавшаб Абу Райҳонадан ривоят қилиб айтиб берди»-деб ҳадисни бошлади у. Шунда мен: «Бу бир кўтарилиб, кейин пастга тушган ҳадиску? Йўқ қилинглар бунақа ҳадисни. Унинг асли йўқ»-дедим[19].
Ҳадис ўрганиш мақсадидаги бундай сафарнинг аҳамияти ва мақсадлари:
Шубҳасиз, бундай сафарнинг ровийлар ҳолатини чуқур суратда билишда таъсири бўлганидек, ҳадислар тарқалиши ва ҳадис йўлларининг кўпайишида ҳам катта таъсири бўлди. Сабаби, муҳаддис бир шаҳарга бориб бу шаҳар уламолари билан танишар, улар билан суҳбат қуриб, улардан саволлар сўрар эди. Шу боис, иккинчи ва учунчи асрларда илм излаб сафар қилиш доираси кенгайди.
Дарҳақиқат, Ҳофиз Ромаҳурмузий «Муҳаддиси Фосил» (Ажратувчи муҳаддис) китобида турли ўлкаларга сафар қилган муҳаддислар исмларининг рўйхатини зикр қилади ва уларни табақаларга ажратади. Аввало, бир неча шаҳарларга сафар қилган кишиларни, сўнгра, у ердаги уламолар билан учрашиш учун биргина шаҳарга сафар қилган муҳаддисларни зикр қилади.[20]
Толиби илмлар сафар қиладиган энг муҳим шаҳар ва ўлкалар қуйидагилар эди: Мадина, Макка, Куфа, Басра, Жазира, Шом, Ямома, Миср, Марв, Рой ва Бухора. Сабаби, мазкур шаҳарлар илм – маърифат марказлари бўлиб, бу шаҳарларда уламолар кўп учрар эди.
Имом Аҳмаддан: «Толиби илм бир кишини этагини тутиб ,ундан ажрамасдан илм ёзгани маъқулми, йўқса, илм бор жойларга сафар қилиб одамлардан эшитгани яхшими?»-деб сўралганида, шундай деб жавоб берди: «Сафар қилгани яхши. Куфаликлар, Басраликлар, Мадина ва Макка аҳлидан илм ёзсин. Одамлардан илм ахтарсин, улардан эшитсин».[21]
Юқорида зикр қилинганидек, Иброҳим ибни Адҳам шундай деган эди: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳадис асҳобларининг сафари сабабли бу умматдан бало-кулфатларни даф қилади».
[1] Бу тафсир оят тўғрисида зикр қилинган бир қанча тафсирлардан биридир. Мавзуга муносиб бўлганлиги учун шу тафсир ихтиёр қилинди. Валлоҳу аълам.
[2] Муслим «саҳиҳи»да, «Зикр ва дуо» китоби, “Қуръон тиловати ва зикр қилиш мақсадида йиғилиш фазилати” бобида (4/2074, 2699-ҳадис) ривоят қилган.
[3] Ҳокимнинг “Ҳадис илмларини билиш” китоби (9-бет), Хатибнинг «Ҳадис талабида сафар қилмоқ» китоби (89-бет,14-сон).
[4] «Улув» сўзининг луғавий маъноси «юксаклик»дегани. Муҳаддислар бу сўздан шартли маънода »бирон ҳадис ёки хабарни имкон қадар воситаларсиз ўз манбасидан эшитиш»ни назарда тутишади. Ҳадис ёки хабар ва унинг манбаси ўртасидаги ровийлар сони қанчалик оз бўлса, ҳадис ёки хабарнинг санади шунчалар олий бўлади.
[5] Хатибнинг «»Ҳадис талабида сафар қилмоқ» китоби (197-бет, 93-сон).
[6] Хатибнинг «»Ҳадис талабида сафар қилмоқ» китоби (89-бет, 15-сон), Ибни Салоҳнинг «Улумил ҳадис» китоби (222-223-бетлар).
[7] Хатибнинг «Ҳадис талабида сафар қилмоқ» китоби (88-бет, 12-сон).
[8] Бухорий «Саҳиҳи»да, «Илм» китоби, «Илм талабида чиқмоқлик» бобида мазкур асарни сарлавҳа тарзида келтиради. Шунингдек, Хатиб «Ҳадис талабида сафар қилмоқ» китобида (109-118- бетлар) санади билан ривоят қилади.
[9] Хатиб «Ҳадис талабида сафар қилмоқ» китобида (188-бет), Ибни Абдулбар «Жомеъ»да (1/93-94-бетлар) ривоят қилган.
[10] Ибни Саъд «Тобақоти Кубро»да (5/120), Абу Умар ибни Абдулбар «Жомеъ»да (1/94) ривоят қилган.
[11] Собиқ манбанинг ўзи.
[12] Хатиб «Кифоя»да (402-бет), ибни Абдулбар «Илм ва унинг фазилати баёнини жамловчиси»да (1/94) ривоят қилган.
[13] Абу Муҳаммад Дорамий «Сунан»да (1/144, 570-ҳадис), «Илм талабида сафар қилиш» бобида ривоят қилган.
[14] Ибни Салоҳнинг «Улумил ҳадис» китоби (231-бет).
[15] «Ровий ахлоқини жамловчи» (2/233).
[16] Қаранг: Хатиб Бағдодийнинг «Кифоя» китоби (401-бет), Ибни Жавзийнинг «Тўқима Ҳадислар» китоби (1/241-242-бетлар)
[17] «Мажруҳлар» (ривояти қабул қилинишлигидан ман қилувчи бирон сабаб туфайли айбланган ровийлар) китоби (1/28, 29-бет).
[18] Бу ҳадисни мен кўрган манбаларда бу шаклда топмадим. Термизий Умар розиёллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимики таҳорат қилганида таҳоратини мукаммал қилса, сўнгра: «Ёлғиз ва шериги йўқ ҳолдаги Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканлиги ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва росули эканлигига гувоҳлик бераман. Эй Оллоҳ! Мени кўп тавба қилувчи ва мудом покликка риоя қилгувчилардан қилгин!»-деса, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилиб, истаган эшикдан унга кирур».(1/77-78-бетлар) «Таҳорат» китоби, «Таҳоратдан кейин айтиладиган зикр тўғрисида»ги боб. Ҳадиснинг йўллари ва тахрижи (яъни, ҳадисни мўътабар ҳадис уламоларидан ким, қаерда зикр қиганлиги, ҳадис ровийларининг ҳолатини текшириб чиқиш ва аксар ҳолларда ҳадиснинг ҳукми: саҳиҳ ёки заифлигининг баёни)ни Шайх Албонийнинг «Ирвоил ғалил»китобидан (1/134, 96-ҳадис) қаранг.
[19] Ибни Абдулбар шундай дейди: «Дарҳақиқат бу маъно Шўъбадан бир қанча жиҳатлардан ривоят қилинган…». Сўнгра Ибни Абдулбар бу жиҳатларни зикр қилади. Бу жиҳатлардан бири Абу Довуд Тояласий Шўъбадан ривоят қилган жиҳатдир. «Тамҳид» китоби (1/48-51-бетлар)га қаранг.
Юқоридаги ушбу икки намунада суннати мутоҳҳарони мунофиқ худосизлар ва ёлғончилар киритган нарсалардан тозалаш ва расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни у кишининг номидан ёлғон сўзлашдан ҳимоя қилиш йўлида салафи солиҳлар сарфлаган машаққатли саъй-ҳаракатлар ўз аксини топади. Абу Умар ибни Абдулбар шундай дейди: «Тадқиқот ва изланишлар ана шундай бўлмоғи керак. Ҳадисга бўлган муносабатдаги бундай услуб Шўъбадан маълум ва машҳурдир. Бу ва бунга ўхшаш воқеалардан келиб чиқиб Абу Абдурраҳмон Насоий: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг Оллоҳ таоло томонидан қўйилган қўриқчилари учтадир: Молик ибни Анас, Шўъба ибни Ҳажжож ва Яҳё ибни Саид Қаттон»-дейди». («Тамҳид», 1/51).
Бу икки имом: Муаммил ва Шўъба қилган иш, ушбу динга хизмат қилиш, унинг зилол манбаларини ҳимоя қилиш йўлида салафи солиҳлар бажарган кўплаб намуналардан биргина намунадир, холос. Шунингдек, бу икки намуна илм ўрганиш борасида ниҳоятда сабрлилик, давомийлик, илм масалаларини изланишдаги аниқлик, илмни аниқлаш, сўнгра уни ёйиш ва одамларга таълим бериш борасидаги машаққат ва қийинчиликларда бардошли ва матонатли бўлиш учун бир мисолдир. Бугунги кунда толиби илмлар мана шундай ишларни қиляптиларми? Пайғамбарлари соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига хизмат қилиш, уни ёйиш ва одамларга таълим бериш соҳасида нима тақдим қила олдилар?.
[20] Ромаҳурмузийнинг «Муҳаддиси Фосил» китоби (229-233-бетлар).
[21] Хатибнинг «Ҳадис талабида сафар қилмоқ» китоби (88-бет, 12-сон).