САҲОБАЛАРНИ ТАНИШ
Саҳобанинг таърифи.
Саҳоба сўзи луғатда: الصُّحْبَةُ– “ас-суҳбату” сўзининг ўзаги бўлиб, бирлашма, уюшма, тўда деган маънода келади. Истеъмолда эса, الصَّحَابَةُ – “ас-саҳабату” – саҳобалар маъносида қўлланади.
Уламолар истилоҳида эса, кимки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мусулмон бўлиб йўлиқиб, Исломда вафот этган бўлса, саҳобий дейилади.
Бу илмнинг аҳамияти ва фойдалари: саҳобаларни билиш фойдаси жуда катта бўлган энг муҳим илмдир. Унинг фойдаларидан бири мурсал ҳадис[1]дан муттасил ҳадисни ажратишдир.
Саҳоба эканлиги нима билан ажратилади?
Қуйидаги беш ишнинг бири билан ажратилади. Улар:
- Тавотурлигидан – Абу Бакр Сиддиқ, Умар ва бошқа ўнта жаннат билан башорат қилинган зотлар каби.
- Машҳурлигидан – Зимом ибн Саълаба ва Уккоша ибн Мисан каби.
- Саҳобийнинг хабаридан.
- Сиқа тобеъий хабаридан.
- Ўзи ҳақида айтган хабаридан, агар қилган даъвоси мумкин бўлса, яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан 100 гача саҳобийликка даъво қилиши мумкин, ундан сўнг қилган даъвоси қабул қилинмайди.
Саҳобаларнинг ҳаммалари таъдиллиги.
Саҳобаларнинг ҳаммалари одилдирлар. Чунки улар ҳамалатуш-шарийъа ва энг хайрли аср соҳибларидирлар.
Энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар олтита:
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу – 5374та;
- Ибн Умар розияллоҳу анҳу – 2630та;
- Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу – 2286та;
- Оиша розияллоҳу анҳо – 2210та;
- Ибн Аббос розияллоҳу анҳу – 1660та;
- Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу– 1540та ҳадис ривоят қилган.
Энг кўп фатво берган саҳобалар
Ибн Аббос, сўнг Умар, Али, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Дардо ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлардир. Буларнинг ичидан энг улуғроғи Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳум.
“Абодила”лар кимлар?
“Абодила” дегани саҳобаларнинг ичидаги Абдуллоҳ исмли кишилардир. Уларнинг ададлари тахминан 300тага етади. Аммо асосан тўртта саҳобага Абдуллоҳ деган исм ишлатилади:
Абдуллоҳ ибн Умар;
Абдуллоҳ ибн Аббос;
Абдуллоҳ ибн Зубайр;
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос.
Саҳобаларнинг ададлари
Саҳобаларнинг адалари борасида аниқ фикр айтиш мушкул. Лекин аҳли илм уламоларнинг сўзларига қараганда 100.000 (юз минг)дан ортиқроқдир. Энг машҳур сўз Абу Зуръа ар-Розийнинг қуйидаги сўзи: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабз қилинганда 114.000 (бир юз ўн тўрт минг) саҳоба у кишидан ҳадис эшитиб ривоят қилган”.[2]
Саҳобалар табақаларининг адалари:
Саҳобалар табақаларининг адалари тўғрисида уламолар ихтилоф қилишган. Улар Маккада Исломни қабул қилганлардан тортиб болалигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганларгача аниқлаб чиқишган. Ҳар олим ўзининг ижтиҳодига қараб табақаларга тақсимлаганлар:
А. Ибн Саъд – 5 табақа;
Б. Имом Ҳоким – 12 табақа;
Саҳобаларнинг афзаллари
Аҳли сунна уламолари иттифоқларига кўра, саҳобаларнинг энг афзали Абу Бакр Сиддиқ, кейин Умар, кейин Усмо, сўнгра Али розияллоҳу анҳум, кейин ашараи муашшара, Абдр аҳллари, Уҳуд аҳллари ва Байъатур-Ризвон аҳлларидир.
Энг аввал Исломни қабул қилганлар
Уларнинг энг аввал Исломни қабул қилганлари:
- Ҳур эр кишилардан – Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.
- Болалардан – Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.
- Аёллардан – Хадича розияллоҳу анҳо.
- Мавлолар (озод қилинган қуллар)дан – Зайд ибн Ҳориса р.анҳу.
- Қуллардан – Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу.
Энг охири вафот этган саҳоба
Саҳобаларнинг энг охири вафот этганлар:
- Абу Туфайл Омир ибн Васила ал-Лайсий 100 ёшда Маккаи Мукаррамада вафот этган.
- Ундан олдинроқ Анас ибн Молик 93 ёшда вафот этган.
Бу борада ёзилган китоблардан Ибн Ҳажарнинг “Ал-Исобату фий тамйизис-саҳоба” ва Ибн Абдил Биррнинг “Ал-Истийъоб фий асмои асҳоб” китобларини эслаб ўтиш ўринли.
[1] Мурсал ҳадис: луғатда أَرْسَلَ – “арсала” феълидан исми мафъул бўлиб, أَطْلَقَ – “ташлади”, “бўш қўйиб юборди” маъноларида келади. Гўё мурсил иснодни маъруф ровийга боғламай, бўш қўйиб юборган. Уламолар истилоҳида эса, “Исноднинг охиридан, тобеъийдан кейинги кишининг тушиб қолиши”га айтилади. Тобеъий, деб саҳоба билан мусулмон бўлиб учрашиб, Исломда вафот этган кишига айтилади. Мурсал ҳадис аслида заиф мардуд. Қабул шартларидан бири бўлган санаднинг муттасиллиги йўқлиги, маҳзуф ровийнинг ҳоли номаълумлиги учун ҳам шу ҳукм қабул қилинган. Шу билан биргаликда тушиб қолдирилган санад саҳобий бўлмаслиги ҳам мумкин. Шуларни ҳисобга олиб, заиф, деб номланади. (Мусталаҳул ҳадис фанидан маърузалар матни. 34-бет).
[2] Ат-тақриб маъат-тадриб”. 2-жилд, 22-бет