ТОБЕЪИЙНИ ТАНИШ
Тобеъийнинг таърифи.
Саҳобани мусулмон (ҳолида) бўлиб кўрган ва Исломда вафот этган кишига тобеъий, дейилади. Улар саҳобаларни кўрган авлодлардир.
Тобеъийнинг мана шу таърифи мухтор (ихтиёр қилинган) таърифдир. Ал-Ироқий “Фатҳул-муғийс” китобида: “Бу таърифга кўпчилик амал қилган”, дейди[1]. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида саҳоба ва тобеъийларга ишора қилганлар:
“طُوبَى لِمَنْ رَآنِي، وَآمَنَ بِي، وَطُوبَى لِمَنْ لَمْ يَرَنِي، وَآمَنَ بِي“.
“Мени кўрган ва иймон келтирганларга нақадар яхши. Мени кўрмай иймон келтирганларга ҳам нақадар яхши”.[2]
Мулла Алий ал-Қорий: Имом Аҳзам ҳам тобеъийлар силсиласига киради. Чунки, шайх Ал-Жазарий “Асмоур-рижолул-қурроъ”да, Имом Турибиштий (ёки Турибишитий) “Туҳфатул-мустаршидийн”да, “Кашфул-кашшоф” соҳиби “Мўъминин” сураси тафсирида ва “Миръотул-жинон” соҳиби ўз китобида[3]: у Анас ибн Моликни кўрган” дейдилар.[4]
Уни билишдан фойда нима?
Муттасил ҳадисдан мурсал ҳадисни ажратиб олиш учун буни билиш зарур.
Тобеъийлар табақалари бўйича уламолар ихтилоф қилишган:
- Имом Муслим – 3 табақага;
- Ибн Саъд – 4 табақага;
- Имом Ҳоким 15 табақага тақсимлаганлар.
الْمُخَضْرَمُونَ – “Ал-Мухозрамун” ким?
Саҳоба ва тобеъийнинг орасида яна бир табақа бўлиб, рижолларнинг исмлари билан шуғулланувчи уламолар уларнинг қайси табақада (саҳобийми ёки тобеъийми) эканликларида ихтилоф қилган. уларга “Мухозрамун” дейилади.
مُخَضْرَمٌ – “Мухозрам”нинг жами бўлиб, маъноси – кичиклигида ёки катталигида жоҳилият (пайғамбар қилиб юборилишдан аввал) даврида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналарида яшаб, лекин у зотни кўрмаган кишига айтилади.
Уларнинг баъзилари қарилигида Исломни таниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан вафотларидан кейин мусулмон бўлган, масалан: Ҳубайр ибн Нуфайр каби. У Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалик даврида Исломга кирган[5]; Яна баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида мусулмон бўлган. Масалан: Нажжоший, Увай ал-Қароний (тобеъийларнинг саййиди, улуғидир) ва Зайд ибн Ваҳб каби. У Расулуллоҳ с.а.в ҳузурларига йўлга чиққанда, етиб бормасдан расулуллоҳ вафот этганлар.[6] Абу Усмон ан-Нахдий, Ал-Асвад ибн Язид ан-Нахаъийларни келтириш мумкин. Имом Муслим уларнинг сони 20та деган. Имом Нававий эса, янада кўплигини айтган. Улар тобеъийлар табақасидан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаганлари учун саҳобий саналмайдилар. Аммо Ибн Абдул Барр уларни саҳобийлар табақасидан санаган.[7] Лекин китобининг муқаддимасида узр сўраган ҳолда бу сўзини очиқ равшан баён қилиб, изоҳлаб берган. Чунки унинг китобида биринчи асрдагилар тўғрисида маълумот бераётганда барчани бирга зикр қилиб ўтган. Шу билан бирга мухозрамунларни ҳам саҳобалар билан замондош ва (Расулуллоҳнинг замонларида у зотни) кўрмасдан мусулмон бўлган бўлгани учун улар (саҳобабар) билан бирга (улардан деб эмас) зикр қилган.
Тобеъийларнинг энг афзали машҳур қавлларга кўра, Саид ибн ал-Мусаййабдир.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хафиф аш-Шерозий:
“Мадина аҳллари энг афзал тобеъий деб Саид ибн ал-Мусаййаб (раҳ.а.)ни айтишган”, деганлар. Куфа аҳллари Увайс ал-Қароний (раҳ.а.), Басра аҳллари эса, Ҳасан ал-Басрий (раҳ.а.)ни энг афзал тобеъий, деб айтганлар.
Энг афзал тобеъий аёл ким?
Абу Бакр ибн Абу Довуд шундай деган: “Хафса бинти Сирин, Амра бинти Абдурраҳмон ва Умми Даро энг афзал тобеъий аёллардир”.[8]
Етти фақиҳ олим.
وفي الكبار الفقهاء السبعة … خارجة القاسم ثم عروة
ثم سليمان عبيد اللــه … سعيد والسابع ذو اشتباه
أما أبو سلمة وهو سـالم … أو فأبو بكر خلاف قائم
Кибор тобеъийлардан етти киши “Етти фақиҳ олим” деб номланганлар, уларнинг ҳаммалари Мадина аҳлларидир. Улар: 1- Хорижа ибн Зайд, 2-Ал-Қосим ибн Муҳаммад, 3-Урва ибн Зубайр, 4-Сулаймон ибн Ясор, 5- Убайдуллоҳ ибн Атаба 6-Саид ибн ал-Мусаййаб ва 7-Абу Салама ибн Абдурраҳмон. Уламолар Убайдуллоҳ ибн Атаба ва Сулаймон ибн Ясор тўғриларида ихтилоф қилишган.
Бу борада ёзилган машҳур китоб:
Абу Мутарриф ибн Фатис ал-Андалусийнинг “Маърифатут-табиъийн” китобидир.
[1] Ал-Ироқий. “Фатҳул-муғийс” 365-бет. // Али ибн Султон Муҳаммад ал-Ҳаравий ал-Қорий. “Шарҳу шарҳи Нухбатил-фикари фий мусталаҳоти аҳлил-асари” Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг “Шарҳун-Нухбати Нузҳатун-назари” асари шарҳи. 596-бет.
[2] Имом Табароний. “Ал-Мўъжаму-кабир”. 7-жузъ, 298-бет.7934-ҳадис.
[3] “Миръотул-жинон”, 1-жузъ, 309-310-бетлар.
[4] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Ҳаравий ал-Қорий. “Шарҳу шарҳи Нухбатил-фикари фий мусталаҳоти аҳлил-асари”, 596-бет.
[5] Ўша асар, 598-599-бетлар
[6] Ўша асар, 599-бет
[7] Ўша асар, 600-бет. Талабаси бу ҳақда: “Шундай дейиш тўғри бўлади: “Улар билан бирга санади, улардан деб санамади”, дейди.
[8] Ж.Ҳамроқулов. “Мусталаҳул ҳадис” фанидан маърузалар матни. –Т. “Фикр-медиа”, 2004й. 92-93-бетлар.
Олимжон Аллоҳқули