ИСНОД ВА УНГА ТААЛЛУҚЛИ БЎЛГАН ИЛМЛАР
Иснод – бу умматга берилган хос фазилатдир. Бошқа ҳеч бир умматга бундай фазилат берилмаган. Ҳар бир хабарни санадга, ишончли суянчиққа суяниб қабул қилиш мусулмон умматининг ўзига хос хусусиятдир. Мусулмонлардан бошқалар бу нарсага эътибор бермаган.
Имом Саврий р.а. ҳам: “Иснод – мўъминнинг қуролидир”, деганлар.
Абул Жиёний: “Аллоҳ таоло бу умматни улардан олдин ҳеч кимга берилмаган уч нарса билан хос қилди: иснод, ансоб ва аъроб”. Бунинг далили Қуръони каримнинг Аҳқоф сураси, 4-ояти ҳақида Ҳоким ва бошқалар Матор ул Варроқдан ривоят қилиб: “Ҳадис исноди” деганлар. Ибн Муборак: “الإِسْنَادُ مِنَ الدِّينِ. لَوْ لاَ الإِسْنَادُ لَقَالَ مَنْ شَاءَ، مَا شَاءَ” – “Иснод – диндандир. Агар иснод бўлмаганида эди, ким нимани хоҳласа, ўшани гапираверарди”, деган.[1]
Саҳобалар ва уларнинг давомчилари – тобеъинлар, улардан кейин келган салафи солиҳлар ҳам ҳадисларни ўта аниқлик билан ривоят қилишган. Бунинг учун юқорида айтиб ўтилганидек, бор куч-ғайратларини аяшмаган. Шу маънода ҳадис талаб қилишда сафарга чиқиш мустаҳаб саналган.
Иснод ва унга тааллуқли бўлган илмлар қуйидагиларни ўз ичига олади ва улар “Латоифул иснод” – исноднинг нозик жиҳатлари, нуқталари деб аталади. Улар қуйидагилар:
- Юқори ва қуйи иснодлар.
- Мусалсал.
- Катталарнинг кичиклардан қилган ривояти.
- Оталарнинг фарзандларидан қилган ривояти.
- фарзандларнинг оталаридан қилган ривояти.
- Мудаббаж[2] ва Арқон[3] ривояти.
- Собиқ (олдин вафот этган) ва лоҳиқ (кейин вафот этган)ларнинг ривояти.
Ровийларни билиш, ўрганиш – “Маърифатур-руввот”га қуйидагилар киради:
- Саҳобаларни таниш.
- Тобеъинларни таниш.
- Ҳар бир табақадаги ровийларнинг ака-укалари ва опа сингилларини таниш.
- “Муттафиқ”[4] ва “Муфтариқ”[5]ни билиш
- “Муъталиф”[6] ва Мухталиф”[7]ни билиш.
- “Муташабиҳ”[8]ни билиш.
- “Муҳмал”[9]ни билиш.
- “Маърифатул-мубҳамот” – матнда ёки иснодда ровийлардан баъзисининг исмини мубҳам (ноаниқ) келтиришни билиш.
- “Маърифатул-вуҳдон” – фақат битта ривоятнигина ривоят қилган ровийларни билиш.
- “Маърифату ман зукиро биасмаин ав сифатин мухталифатин” – ҳар хил исмлари,сифатлари ёки кунялари билан зикр қилинган ровийларнинг ривоятини билиш.
- “Маърифатул муфрадот минал асмаи вал куниййи вал алфоб” – исмда, куняда ва лақабларда бошқа ровийлар муштарак бўлмаган шахснинг ривоятини ўрганиш.
- “Маърифату асмои ман иштаҳаро биканнаҳум” – кунялари билан машҳур бўлган кишининг исмларини билиш.
- “Маърифатул-алқоб” – ровийларнинг лақабларини билиш.
- “Маърифатул-мансубийна ила ғойри абаиҳим” – оталаридан бошқаларга нисбат берилган ровийларни билиш.
- “Маърифатун-насаб аллатий ъала хилафи зоҳириҳа” – ровийларга нисбат берилган зоҳирига мухолиф бўлган исмларни билиш.
- “Маърифату таварийхир-руввоти” – ровийларнинг тарихини билиш.
- “Маърифату ман холлата минас-сиқоти” – ишончли – сиқа ровийларга “ихтилот” етказган ровийларни билиш. Ихтилот – ақлнинг фасод бўлиши ёки қарилик, кўз нурининг кетиши ёки китобларнинг ёниб кетиши сабабларидан тартибсиз сўзловчи бўлиб қолган киши.
- “Маърифату тобақотил-ъуламои вар-руввоти” – уламолар ва ровийларнинг табақаларини билиш.
- “Маърифатул-маваалиййи минар-руввоти вал-ъуламои” – ровийлар ва уламоларнинг маволийларини билиш.
- “Маърифатус-сиқоти ваз-зуъафаи минар-руввот” – ровийлардан сиқа ва заифларини билиш.
- “Маърифату автонир-руввоти ва булданиҳим” – ровийларнинг ватан ва шаҳарларини билиш.
[1] Қоваъидут-таҳдийс мин фунуни мустолаҳил-ҳадис. Дорун-нафоис. –Б. 210. Имом Муслим тахриж қилган.
[2] Мудаббаж: икки яқин кишининг бир-биридан қилган ривояти.
[3] Арқон: ёшда ва иснодда бир-бирига яқин бўлган кишиларнинг ривояти.
[4] Муттафиқ: ровийларнинг исмлари ва оталарининг исмлари ёзувда бир ва лафзда бир хил бўлиши.
[5] Муфтариқ: ровийларнинг турлича бўлиши
[6] Муъталиф: ровийларнинг исмлари, лақаблари, кунялари ёки насаблари хатда (ёзувда) бир хил бўлиши.
[7] Мухталиф: ровийларнинг исмлари, лақаблари, кунялари ёки насаблари лафзда ҳар хил бўлиши.
[8] Муташабиҳ: ровийларнинг исмлари лафзда ва ёзувда бир хил бўлиб, оталарининг исмлари эса лафзда бир, аммо ёзувда ҳар хил бўлиши.
[9] Муҳмал: ровий ҳадисни иккита исмли бир хил кишида нривоят қилиб, уларни тайин қилмаслиги.