ФИҚҲ ИЛМИ ТАРИХИ
Фиқҳ илмининг тарихи Ислом тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Шуниг учун ҳам фиқҳ илмининг тарихи Қуръони карим ва суннат тарихи билан ўзаро жамланади. Бу илм бугун ёки тобеинлар даврида пайдо бўлмаган, балки воқеа ва ҳодисалар асосида Аллоҳ таоло ва Уни расули соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан – Қуръони каримнинг нозил бўлиши ва Раслуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан шариат ҳукмлари чиқарилиб турган. Бошқача қилиб айтганда, ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни ўз ҳаётларига татбиқ қилиб, инсонларга кўрсатиб беришлари керак эди. Амалда шундоқ бўлди ҳам. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръонда:
”Сиз одамларга нозил қилинган нарсаларни (яьни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд улар тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани (Қуръонни) сизга нозил қилдик,” деб марҳамат қилади. (Наҳл сураси, 44-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “баён қилиб беришлари” Қуръон оятларини изоҳлаб, шарҳлаб ва шаръий ҳукмлари, оятдан келиб чиқадиган фиқҳий масалаларни суннатда сўз ёки амал билан ёритиб берганлар.
Қуръон оятлари мўъминлар ва бошқалардан тушган саволларга, воқеа ва ҳодисаларга жавоб тарзида нозил бўлган. Муфассир уламолар ҳукмга оид деярли барча оятларнинг нозил бўлиш сабабини кўрсатиб берганлар.
Қуръон оятларида бўлмаган ҳукмларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларида баён қилиб берганлар.
“Ислом фиқҳи тарихи” китобининг муаллифи айтадики: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида мусулмонлар шаръий хукмларни у зотдан ўрганганлар, яъни, ё нозил бўлаётган оятлардан ёки суннатдан керакли ҳукмларга жавоб олганлар. У вақтда мусулмонлар шаръий ҳукм олиш учун бошқа бирор бир далилга муҳтож бўлмаганлар, лекин Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин, Қуръонда ва суннатда ҳукми келмаган ҳодиса ва воқеалар содир бўла бошлади. Шунда уларнинг ечимини топиш учун чора ахтариш зарурати пайдо бўлди ва бу ҳаракат асосан икки нарса: ижмоъ ва қиёс билан амалга ошди.
Фиқҳ илми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврида тафсир, ҳадис, ақоид ва бошқа илмлар қатори бир-биридан ажратилмаган ҳолда ўрганилган. Бу илмнинг алоҳида илм бўлиб шаклланиши тобиъийнлар даврида юзага келган. Бундай ҳолатни вужудга келишига бир қанча сабаблар бор:
– Фатҳлар туфайли Ислом ерларининг кенгайиб бориши;
– Турли дин вакилларининг Исломга кира бошлагани;
– Яқин ва узоқ давлатлардан араб тили ва ислом тарихидан бехабар аҳолининг исломга киргани.
Бундай кишилар табиий равишда оят ва ҳадиснинг “носих” ва ”мансух”ини, айтилиш сабабларини билмаганлар.
Фақиҳ эса ҳар бир оят ва ҳадисни нозил бўлиш ёки айтилиш сабабини диққат билан синчиклаб ўрганган, уларда келган ҳукмлар умумийми ёки маълум бир шахс, макон ёки замонга хосми, шуларни чуқур ўрганган киши бўлгани учун шариатни етказиш Аллоҳнинг омонати эканлигини хис қилиб асл шаръий манбалардан, яъни Қуръон, суннат, ижмоъ ва қиёс орқали фаръий ҳукмларга суяниб ижтиҳод қилган ва уларни китоблар шаклида кейингиларга ёзиб қолдирган.
Хулоса қилиб айтганда фақиҳлар фиқҳ илмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қилиб олиб, умматдан умматга омонат қилиб қолдирдилар. Муҳаддислар ҳам ҳадисларни жамлаб, саҳиҳ, ҳасан ва заифларга ажратиб бердилар. Уларнинг хизматлари бир даврда ва бир хил мақсадда бўлган.