ФИҚҲ ИЛМИНИНГ ФАЗИЛАТИ
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ислом динининг мукаммал ва ўз ҳузурида энг мақбул дин эканлигини эълон қилди. Бу диннинг мукаммаллиги унинг шариатининг ҳукмлари ҳар бир замонга ва маконга хос ва мос эканлигидадир.
Фиқҳ илми илмлар ичида фазл ва шарафга эга илмдир. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасининг 122-оятида фиқҳ илмини ўрганишга чақиради:
“Мўъминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Ҳар бир фирқадан бир тоифаси динда фақиҳ бўлиш учун қолсаларчи? Қавмлари уларга қайтганларида уларни огоҳлантирардилар, шоядки эҳтиёт бўлсалар”.
Мазкур оятда мусулмонлар жангга чақирилиб турилган бир даврда бир тоифа кишилар жангдан қолиб фиқҳ ўрганмайдиларми? – деб фиқҳнинг фазилати ва шарафи жангдан ҳам юқори эканлиги айтилмоқда. Демак,ҳар бир қавмдан бир гуруҳ кишилар сафарбарликдан қолиб бўлсада, динни чуқур ўрганишга, унда фақиҳ бўлишга ҳаракат қилишлари лозимлиги ушбу оятда таъкидланмоқда. Шу маънода ҳадиси шарифда ворид бўладики:
“يُوزَنُ مِدَادُ العُلَمَاءِ بِدِمَاءِ الشُّهَدَاءِ وَ يَرْجُحُ مِدَادُ الْعُلَمَاءِ مَعَ أَنَّ مِدَادَهُمْ أَدْنىَ مَرَاتِبِ أَفْعَالِهِمْ وَ دِمَاءُ الشُّهَدَاءِ أَعْلَى مَنَاقِبِ أَحْوَالِهِمْ”
“Олимларнинг сиёҳи шаҳидларнинг қони билан ўлчанади ва олимларнинг сиёҳи оғир келади. Ваҳоланки, олимларнинг сиёҳи ишларидаги мартабанинг энг пасти ва шаҳидларнинг қони ўз аҳволларининг энг юқорисидир”.
Фиқҳ илмининг бошқа илмлардан афзаллиги тўғрисида ҳадиси шарифлар жуда кўп. Жумладан:
عَنْ مُعَاوِيَةَ t قَالَ: “مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِى الدِّينِ” رواه احمد في مسنده.
“Аллоҳ таоло кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”.
Бошқа бир ҳадиси шарифда:
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍt فَقِيهٌ وَاحِدٌ أّشَدُّ عَلَي الشَّيْطَانِ مِنْ أّلْفِ عَابِدٍ رواه الترمذي و ابن ماجه.
“Бир фақиҳ киши шайтонга мингта обиддан кўра қаттиқроқдир”.
Байт:
و خير علوم علم فقه لأنه يكون إلى كلّ العلوم توسلاً
فإن فقيها واحدا متورّعا على الف ذى زهد تفضل و اعتلى
Маъноси: “Илмларнинг яхшиси фиқҳ илмидир. Чунки, фиқҳ барча илмга сабаб бўлади. Албатта битта тақводор фақиҳ мингта зоҳиддан улуғ ва устундир”. Байт:
إذا ما اعتزّ علم بعلم فعلم الفقه اولى باعتزاز
فكم طيب يفوح و لا كمسك و كم طير يطير و لا كباز
Маъноси: “Агар бир илм иккинчи бир илмга нисбатан улуғланса, фиқҳ илми улуғланишга ҳақлироқдир. Қанча-қанча ўзидан ҳид тарқатадиган хўшбўйликлар бор, лекин мушкга ўхшаши йўқ. Қанча-қанча ҳавода учадиган қушлар бор, лекин қарчиғайга ўхшаши йўқ”.
Ушбу байтда ҳам фиқҳ илмини фазилати, шарафи барча илмдан юқори қўйилмоқда. Гўёки бу илм танҳоликда хушбўй нарсалар ичида мушкга, қушлар ичида қарчиғайга мисол қилинмоқда.
Ҳанафий мазҳабимизда кечаси туриб ибодат қилишдан кўра, китобларга назар солмоқ, илм таҳсил қилмоқ афзал ҳисобланади. Фиқҳ илмини таълим олмоқ Қуръонни ҳаммасини ёдламоқдан афзалдир. (“Хулоса” китобидан).