Фиқҳ

Фиқҳнинг таърифи

 

Фиқҳ сўзи луғатда “тушуниш” маъносини билдириб, илм (билиш)дан ҳам кўра кенгроқ маънони англатади. Яъни, у бирон нарсани нозик жойларигача тушуниш, англаб етиш демакдир. Зеро, илм (билиш) сўзи бир нарсани зоҳирий жиҳатдан билиш маъносини ифода этса, фиқҳ сўзи бир нарсанинг барча сирлари, унинг нозик жиҳатларигача тушунишни англатади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда илм билан фиқҳнинг маъно жиҳатидан фарқ қилишига ишора қилиб, шундай дейди:

 

“Ҳолбуки, осмонлар ва ер хазиналари ёлғиз Аллоҳники-дир. Лекин мунофиқлар буни англамаслар”. (Мунафиқун сураси, 7-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло хазина сирларини билишни “фиқҳ” сўзи билан ифодалади. Маълумки, хазинада нима борлигини ва унда яшириб қўйилган нарсаларни унинг сиридан хабардор бўлган кишигина билиши мумкин.

Илм тўғрисида, ушбу оятнинг давомида шундай марҳамат қилинади:

 

“Куч-қудрат Аллоҳники, унинг пайғамбариники ва мўъминлариникидур. Лекин мунофиқлар буни билмаслар”. (Мунофиқун сураси, 8-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло куч-қудрат, улуғлик ва билишни “илм” сўзи билан ифодалади. Маълумки, куч-қудрат зоҳирий аломатдир, кучли-қудратли шахсни ким кўрса, унинг кучли эканини дарҳол билиб олади. Мана шунга кўра, ҳар бир фақиҳ киши олим ҳисобланади, аммо ҳар бир олим фақиҳ бўла олмайди.

Усули фиқҳ олимларининг истилоҳида фиқҳ илмининг таърифи шундай келтирилади: “Фиқҳ – асл шаръий далиллардан фаръий- шаръий ҳукмларни чиқаришдир”.

Бу ерда аслий шаръий далиллардан Куръони карим, ҳадиси шариф, ижмоъ ва қиёс мурод қилинган. Фаръий ҳукмлардан эса, фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, мубоҳ, ҳаром, макруҳлар кўзда тутилади.

Фақиҳлар истилоҳида эса, фиқҳ илмининг таърифи: “Фиқҳ илми – ҳалол ва ҳаром ҳақида баҳс юритувчи, жоиз ва фосид орасини ажратишга боис бўлувчи, ҳар бир кун ва ҳар бир соатда олим ва авом бир хилда унга мухтож бўлувчи ҳукмлардур”. (Ниқоя китоби).

Яна бир таърифи:  “Фиқҳ – шаръий далиллардан чиқарилган шаръий ҳукмларни далиллар келтириш билан билишдур.”  (Иршодул фуҳул).

Шунингдек, “Фиқҳ – ҳар бир киши қилаётган амалларида ўзига нима фойда ва нима зарар бўлишини билишидир.”

Аҳли ҳақиқат наздида фиқҳ илми: “Илм ва амал орасини жамлаш”ни билдиради.

Таърифлардан кўриниб турибдики, фиқҳ илмининг аслий далиллари мавжуд. Ушбу шаръий далиллар Қуръони карим, суннат, ижмоъ ва қиёс бўлиб, айнан мана шу далиллар билан фиқҳ илмини билиш фақиҳликнинг олий мартабасидир. Мутақаддим фақиҳлардан Имом Таҳовий, Абу Бакр Розий, Қудурий ва бошқалар ўз китобларида фаръий ҳукмлар билан бирга баъзи шаръий далилларни яъни оят ва ҳадисларни ҳам зикр қилиб, ҳадисларни саҳиҳ, ҳасан, заиф ва шунга ўхшаш даражаларга ажраттб баён қилганлар. Мутааххир фақиҳлар мутақаддимлар наздида тақрир топган нарсага суяниб, толиби илмларнинг кўп вақт зое қилмасликлари ва шунинг билан бирга қизиқишларининг пастлигини эътиборга олган ҳолда масалаларни далиллари билан  келтирмаганлар.

Ушбу шаръий далиллардан Қуъони карим, суннат, ижмоъ нафақат фиқҳнинг, балки ақида илмининг ҳам асосидир. Умуман олганда Қуръони карим, суннат ва ижмоълар тарихи – фиқҳ ва ақида илмининг ҳам тарихидир. Фиқҳнинг уламолар томонидан билиттифоқ қабул қилинган асослари тўртта:

  1. Қуръони карим. Бу Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га нозил қилган, мусҳафларда собит, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан мутавотир ҳолда нақл қилинган, тиловати ибодат, ожиз қолдирувчи (мўъжиз) ва мўъжиза Китобидир.

Ҳар бир фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканини билмоқчи бўлса, аввало Қуръони каримга мурожаат қилади. Унда бирон бир масала ҳақида нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай тараддудсиз у қабул қилинади. Ҳукм оятлари буйруқ ёки наҳий, хос ёки умумий, ҳақиқий ёки мажозий, сариҳ, яъни, очиқ–ойдин ёки киноя ва ҳакозо кўринишда келган бўлади. Шунингдек, ушбу ҳукмлар ибора, ишора ёки далолат билан ҳам баён қилинади.

  1. Суннат. Яъни, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, қилган ишлари ва тақрирларидир. “Тақрир” деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида юзага келиб, У зот томонидан эътироз билдирилмаган ишларга нисбатан айтилади.

Қуръони каримни ҳаётга тадбиқ қилишнинг усуллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  суннатларидан ўрганилади. Чунки, Қуръони карим у зотга нозил бўлган, у зот уни инсониятга етказганлар ва ҳаётга тадбиқ қилиб кўрсатганганлар.

Шунингдек, Қуръони каримнинг тафсири ҳам суннатдан ўрганилади. Зеро, Қуръоннинг энг биринчи ва асосий муфассири ҳам Муҳаммад устафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳисобланадилар.

Асосий шаръий манбаа сифатида Қуръони карим томонидан умумий ҳолда амр қилган ишларнинг тафсилотини ҳам суннатдан топиш мумкин. Масалан, Аллоҳ таоло Қуръонда намоз ўқишга амр қилган, лекин ўша намозни қандай тартибда ўқишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил айтиб, кўрсатиб берганлар. Закот бериш ҳам Қуръон оятлари билан фарз қилинган, лекин қайси молдан, қанча миқдорда ва қандай қилиб закот бериш суннатда баён қилинган. Демак, суннат Ислом шариъатида Қуръони каримдан кейинги шаръий манба, асос ҳисобланади.

Аллоҳ Қуръони каримнинг кўпгина оятларида мўъминларни, аввало, Ўзига, кейин эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга буюради:

 

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулига итоат қилинглар”. (Нисо сураси, 59-оят).

Аллоҳга итоат Қуръонга итоат қилиш билан, Унинг Расулига итоат эса суннатга амал қилиш билан бўлади.

Бу борада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида:

“Сизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз ҳеч (ҳам) адашмайсиз. Булар: Аллоҳнинг Китоби ва Менинг Суннатимдир” деганлар.

Ислом уммати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, Ул зот покланганларидек покланади, намоз ўқиганларидек намоз ўқийди, ҳаж қилганидек ҳаж қилади ва ҳаказо. Манбаларда зикр қилинишича, ҳукмларга оид ҳадислар уч мингтани ташкил қилар экан.

“Қандай намоз ўқиганимни кўрган бўлсангизлар, (худди) шундай намоз ўқинглар.” (Имом Бухорий  ривояти).

“Ҳаж амалларингизни мендан олинглар.” (Имом Муслим ва Насоий ривояти).

  1. Ижмоъ. Ижмоъ луғатда – “иттифоқ ва қасд қилмоқ” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда “Ижмоъ – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматидан бўлган, бир даврда яшаб ижтиҳод қилиш даражасига етган мужтаҳидлар жамоасининг бир овоздан динга тегишли масалани бил-иттифоқ қабул қилишлардир”.

Шариатда ижмоъ – аниқлик ва қатъийликни ифода қилади, уни инкор қилган шахс кофир бўлади. Ижмоъга қарши, хилоф равишда фатво бериб бўлмайди. Шунингдек Қуръон ва суннатда ҳукми бор масалада қиёсни ишлатиш мумкин бўлмаганидек, ижмоъда ҳукми бор масалада ҳам қиёсни қўллаб бўлмайди.

Ижмоъни қатъийликка далолат қилишига Қуръони каримдан далил:

 

 “Кимки ҳидоят аниқ бўлганидан кейин пайғамбарга мухолифлик қилса ва мўъминлар йўлидан ўзгасига эргашса, биз уни ўзи кетаётган йўлга қўйиб берамиз ва охиратда жаҳаннам азобида куйдирамиз. Нақадар нохуш жой у!”. (Нисо сураси, 115-оят).

Ояти каримада мўъминларнинг йўлидан ўзгасига эргашиш дўзах азобига олиб бориши пайғамбарга қарши чиқиш билан бир хил даражада зикр қилинмоқда. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари қатъийликни англатганидек, мўъминларнинг ижмоъ билан собит бўлган йўллари ҳам қатъийликни билдиради:

 

 “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг яхшиси бўлдингиз, (эй мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф наҳйи-мункар қиласизлар…”. (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Ояти каримадаги “умматнинг яхшиси” бўлиш ўша умматни ижмоъ қилган нарсаларининг ҳақ бўлишини вожиб қилади.         

Ижмоънинг шаръий манбалардан бири эканлигига ҳадиси шарифдан далил:

لاَ تَجْتَمِعُ أُمَّتِى عَلَى الضَّلاَلَةِ

“Умматим залолат устида жам бўлмайди.”

Яна бир ҳадиси шарифда эса:

مَا رَآهُ الْمُسْلِمُونَ حَسَنًا فَهُوَ عِنْدَ اللهِ حَسَنٌ، وَ مَا رَآهُ الْمُسْلِمُونَ قَبِيحًا فَهُوَ عِنْدَ اللهِ قَبِيحٌ

“Мусулмонлар нима нарсани яхши деб билсалар, у нарса Аллоҳ ҳузурида ҳам яхшидир. Мусулмонлар нима нарсани ёмон деб билсалар, у нарса Аллоҳ ҳузурида ҳам ёмондир”. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам энг сўнгги пайғамбар ва ул зотга берилган шариат ҳам ўз навбатида қиёмат кунигача боқий қоладиган шариатдир. Бу маънога ишора қуйидаги ҳадиси шарифда келади:

لاَ يَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِى عَلَى الْحَقِّ ظَاهِرِينُ – أَىْ غَالِبِينَ- حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ

“Умматимдан бир тоифа кишилар ҳатто қиёмат кунигача ҳақ устида зоҳир (ғолиб) бўлиб турадилар”.

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этишлари билан ваҳий тўхтаб қолган ва ундан кейин умматнинг қилган ижмоъси хато бўлади, деб ҳукм қилинадиган бўлса, умматнинг барча ижтиҳод ва истинботлари ботилга чиқарилган бўлади.

Хулоса шулки, ижмоъ шариатнинг асоси эканлиги борасида бизгача етиб келган ҳадиси шарифлар мутавотир даражасига етган. Шунга қарамасдан мўътазила, хорижийлар ва шуларга ўхшаганлар жоҳиллар томонидан ижмоънинг шаръий ҳужжат эканлиги инкор қилинган.

4-Қиёс. Қиёс луғатда бир нарсани бошқа бир нарсага таққослаш, солиштириб кўриш каби маъноларни билдиради. Шариатда эса “Қиёс – Қуръон, суннат ва ижмоъда зикр қилинмаган масалаларнинг ҳукмини, ҳукми мавжуд бўлган нарсаларга ҳукм ва иллатда таққослашдир”.

Қиёснинг ҳам шаръий ҳукм эканлигига нақлий ва ақлий ҳужжатлар бор. Нақлий далилга мисол:

(#rçŽÉ9tFôã$$sù ’Í<‘ré’¯»tƒ ̍»|Áö/F{$# ÇËÈ

“Бас, эй, басират эгалари! (Улардан) ибрат олингиз!” (Ҳашр сураси, 2-оят).

Ушбу ояти каримадаги ибрат олишга бўлган амр тафаккур, таъаммул ва эътибор қилиш, бир нарсани ўхшашига таққослаш билан бўлади. Гўёки ояти каримада “бир нарсани унинг ўхшашига қиёс қилинглар”, дейилмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Муоз ибни Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётиб, у кишига: “Агар сенга бир ҳукм чиқариш керак бўлиб қолса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?” деб сўрадилар. У киши: “Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман”, – дедилар. Ул зот: Аллоҳнинг Китобида бўлмаса-чи? – дедилар. Муоз: “Расуллуллоҳнинг суннати ила”, – деб жавоб қайтардилар. Расулуллоҳ яна: “Расулуллоҳнинг суннатида ҳам бўлмаса-чи?”, – дедилар. “Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан”- дедилар. Шунда Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга: “Расулуллоҳнинг расули (вакили, Муоз)ни Аллоҳ ва Пайғамбарини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Зотга ҳамдлар бўлсин” –  деб, ниҳоятда мамнун бўлдилар. Агар қиёс шаръий ҳужжат бўлмаганида эди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам албатта, мазкур саҳобани бу ишдан қайтарган ва қўллаб-қувватламаган бўлар эдилар.

Ақлий далил: Қуръони каримда ўтган умматларни қилган амаллари ва уларга берилган жазо ва азобларнинг бир неча ўринларда зикр қилингани маълум. Дарҳақиқат, бу оятлардан хулоса чиқариб, бандаларнинг амалларини ўтган умматлар амалларига таққослаб кўриш мумкинлиги келиб чиқади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, банданинг шариатда жорий қилинмаган амалларини жорий қилинган амалларига қиёс қилиш ҳам мумкин.

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг