ИМОМ НОФЕЪ
(70/690 – 169/785)
Исми ва нисбаси: Абу Рувайм Нофеъ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Нуъайм ал-Лайсий. Асли Исфаҳондан. Жаъуна ибн Шуъуб ал-Лайсининг мавлоси бўлган.
Таваллуди ва вафоти: Имом Нофеъ тақрибан 70/690 санада таваллуд топган ва 169/785 санада Мадинада вафот этган.
Маноқиблари: Имом Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳ тим қора рангли, порлоқ чеҳрали, хушхулқ, мутойибали киши эди. Етмиш йил Қуръон таълими билан ҳаёт кечирди ва Мадинаи Мунавварада биринчи рақамли қироат устозига айланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида 60 йил имомлик қилди. Шайбоний шундай ҳикоя қилади: «Нофеънинг қўлида Қуръон ўқиганлардан бири шундай деди: «Нофеъ гапирса, оғзидан мушк ҳиди таралар эди. Мен: «Эй Абу Абдуллоҳ (ёки Абу Рувайм), одамларни ўқитгани ўтирганингизда хушбўй суртиб оласизми?» дедим. У киши: «Мен хушбўйликни ушламайман ҳам, унга яқинлашмайман ҳам. Бироқ мен тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғзимга Қуръон ўқиганларини кўрганман. Ўшандан буён оғзимдан мана шу хуш бўй таралади», деди». Мусайябий айтади: «Имом Нофеъга «Юзингиз мунча ҳам порлоқ, ҳулқингиз гўзал-а!» дейилди. Шунда у киши: «Нега шундай бўлмайин, ахир (тушимда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қўл бериб кўришганман ва у зотга Қуръон ўқиб берганман», деди. Қолун айтади: «Имом Нофеъ бирор оятни таҳоратсиз ўқимаган ҳам, ўқитмаган ҳам. У бирор кишини навбатидан ташқари ўқитмас, бу борада унинг ҳолатига қарамас эди. Юқори табақалар бошқаларга устун келиб олишларидан қўрқиб, шуни одат қилган эди».
Ибн Мужоҳид айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаҳарлари бўлмиш Мадинада тобеинлардан кейин Қуръон таълимини бажо келтирган киши Нофеъдир. У қироатларнинг важҳлари – турларига билимдон, ўз юртида ўтган пешқадам зотларнинг асарларига эргашувчи эди». Саъид ибн Мансур айтади: «Молик ибн Анаснинг: «Мадина аҳлининг қироати суннатдир», деганини эшитдим. Шунда: «Нофеънинг қироатими?» дейилди. У киши: «Ҳа» деди». Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳнинг ўғли Абдуллоҳ айтади: «Отамдан «Сизга қайси қироат севимли?», деб сўрадим. У киши: «Мадина қироати», деди. «Агар у бўлмаса-чи?» дедим. «Осимнинг қироати», деди».
Йигирманчи асрнинг кўзга кўринган қироат уламоларидан Абдулфаттоҳ Қозий шундай дейди: «Нофеънинг қироати мутавотирдир. Қироатни етмиш тобеиндан олганининг ўзи унинг мутавотирлигига энг кучли далилдир. Унинг қироати барча табақаларда мутавотирдир. Бинобарин, саҳобаларга нисбатан оҳоддир, дейиш ҳам ярамайди. Чунки қироатнининг муайян бир шахсга нисбат берилиши ўша киши шундан бошқа қироатни билмайди ёки бу қироатни ундан бошқалар билмайди дегани эмас. Аксинча, бир қироатнинг бир кишига нисбат берилиши мазкур қироатга унинг моҳир ва билимдон бўлганини, ўша қироатни кўп ўқиб, ўқитганини билдиради, холос. Бу эса, албатта, унинг бундан бошқа қироатларни билишини, бу қироатни ундан бошқалар ҳам ривоят қилишини тўсмайди. Бошқа ўн қироат имомларида ҳам ҳолат шу».
Устозлари: Имом Нофеъ Қуръон илмини арз (ўқиб эшиттириш) йўли орқали Мадинаи Мунавварадаги тобеинлардан олган. Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз ал-Аъраж, Абу Жаъфар ал-Қорий, Шайба ибн Нисоҳ, Абдуллоҳ ибн Айёш, Язид ибн Румон, Абдурраҳмон ибн Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр Сиддиқ ва Зуҳрийлар шулар жумласидандир. Имом Нофеънинг ўзи: «Тобеинлардан етмиш кишида ўқиганганман», деб айтган.
Шогирдлари: Мадинадан: Исмоил ибн Жаъфар, Ийсо ибн Вардон, Сулаймон ибн Муслим ибн Жаммоз, Молик ибн Анас, Ийсо ибн Мино Қолун, Саъд ибн Иброҳим ва бошқалар. Мисрдан: Абу Амр ибн ал-Ало, Усмон ибн Саъид Варш, Аблуллоҳ ибн Ваҳб ва бошқалар. Шомдан: Атаба ибн Ҳаммод аш-Шомий, Абу Мисҳар ад-Димашқий, ва бошқалар.
Қироатдаги санади: Имом Нофеъ қироатни етмишта тобеиндан олган бўлса, уларнинг орасида санадда зикр қилинадиган асосийлари қуйидагича: имом Нофеъ қироатни Абу Жаъфар Язид ибн ал‑Қаъқоъ, Шайба ибн Нисоҳ, Абдурраҳмон ибн Ҳурмуздан олган. Абу Жаъфар эса Ибн Айёш, Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумдан, қолган учтаси Ибн Аббос ва Абу Ҳурайрадан олишган. Ибн Айёш, Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумодан олишган. Улар Росулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламдан олаганлар.
Машҳур ровийлари: имом Қолун, имом Варш.
Имом Қолун
Исми ва нисбаси: Абу Мусо Ийсо ибн Мино ибн Вардон ибн Исо ибн Абдуссамад ибн Умар ибн Абдуллоҳ аз-Зурақий. Бану Зуҳранинг мавлоси. «Қолун» лақаби билан танилган. Қироати жуда ҳам яхши бўлганидан устози имом Нофеъ у кишини «Қолун» деб номлаган. Бу сўз румликлар тилида «яхши» деган маънони билдирган экан. Натижада бу лақаб у кишининг исмини ҳам унуттириб юборган.
Таваллуди ва вафоти: Имом Қолун Ҳишом ибн Абдулмалик даврида 120/738 йили таваллуд топган, 220/835 санада вафот этган.
Маноқиблари: Имом Қолун ўз даврида Мадинаи Мунавваранинг етакчи қориси ва наҳвшуноси, имом Нофеънинг хос шогирди бўлган. Имом Қолун раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Қачон Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳга Қуръон ўқиб берсам, менга ўттиз рақамини ишора қилиб қўяр ва «қолун, қолун» (яъни «яхши, яхши»), деб қўяр эди». Имом Қолун устози Нофеъга Қуръонни илк бор 150/767 санада ўқиб берган. Наққош айтади: «Қолунга: «Нофеъга неча марта ўқиб бергансан?» дейилди. «Кўплигидан саноғини билмайман, аммо қироатни эгаллаб бўлгандан кейин йигирма йил у киши билан бирга ўтирганман», деди. Имом Қолун имом Нофеъ ва Абу Жаъфарларнинг қироатларини арз (ўқиб эшиттириш) йўли билан олган. Абу Муҳаммад ал-Бағдодий айтади: «Қолун сурнай овозини эшитмайдиган даражада кар эди, аммо унга бирор қори Қуръон ўқиб берса, эшитарди. У қориларга Қуръон ўқитар экан, уларнинг хатоларини лабларидан ҳам билиб олар ва тўғрилар эди».
Устозлари: Қолун раҳматуллоҳи алайҳи имом Нофеъдан ташқари Ийсо ибн Вирдондан таълим олган ва Абу Жаъфарнинг қироатини ҳам ривоят қилган. У Муҳаммад ибн Жаъфар, Ибн Абу Зинодлардан ҳадис ривоят қилган.
Шогирдлари: Имом Қолун раҳматуллоҳи алайҳнинг қироатини жуда кўпчилик, жумладан, ўғиллари Иброҳим ва Аҳмад, Иброҳим ибн Ҳусайн ал-Кисоий, Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Маданий, Аҳмад ибн Солиҳ ал-Мисрий, Аҳмад ибн Язид ал-Ҳулвоний, Исмоил ибн Исҳоқ ал-Қозий ва бошқалар ривоят қилган.
Имом Варш
Исми ва нисбаси: Абу Саъид Усмон ибн Саъид ибн Адий ибн Ғазвон ал-Мисрий. «Варш» лақаби билан танилган. Имом Варш оқ-сариқдан келган, кичик бўйли, биққисимон, ўзи чапдаст, чаққон эди. Шунинг учун имом Нофеъ у кишини «Варшон» деган қушга ўхшатиб, «Кел, Варшон», «Ўқи, Варшон», деб мурожаат қиларди. Кейин бу исм қисқариб «Варш» дейиладиган бўлди ва бу лақаб у кишига исм бўлиб қолди. Имом Варш кейинчалик ҳам шу исм билан чақирилишни хуш кўрар ва: «Бу исмни менга устозим Нофеъ берганлар», дер эди.
Таваллуди ва вафоти: Мисрнинг Қифт шаҳрида 110/728-729 таваллуд топган. Асли Қайрувондан. У халифа Маъмун даврида 197/812-813 санада Мисрда вафот этган ва Кичик Қарофага дафн қилинган. 87 йил умр кўрган.
Маноқиблари: Имом Варш ҳижрий 155/772 санада Имом Нофеънинг ҳузурига бориб, Қуръонни бир неча марта ўқиб берган. Имом Варш Қуръон қироатини ўрганиш мақсадида Мисрдан Мадинаи Мунавварага келиб, имом Нофеъдан таълим олди. Кейин у Мисрга қайтди ва Қуръон таълими билан шуғулланди, ниҳоят бош устозга айланди, умрининг охиригача Қуръон нурини бутун юртга таратди. Бу ишда бирор киши унга тенг келолмайдиган даражага етди. Имом Варш араб тилида, тажвид илмида етук маҳорат ва малакага эга, қироат ҳуруфлари борасида ишончли, ҳужжат даражасидаги имом эди. У жуда хушовоз, қироати гўзал эди, ҳамзани таҳқиқ билан, сермад, эъробларни очиқ баён қилиб ўқир эди. Уни тинглаган киши асло зерикмас эди. Имом Варш ўз даврида Миср диёрининг энг пешқадам Қуръон устози бўлган.
Устозлари: Варш раҳматуллоҳи алайҳи асосан имом Нофеъдан таълим олган бўлса-да, бошқа кўплаб уламолар қўлида ҳам таҳсил кўрган. Жумладан, Исмоил ал-Қист, Абдулворис ва Ҳафс ибн Сулаймонлардан ҳам қироатларни ривоят қилган.
Шогирдлари: Имом Варшдан қироатни Абу Бакр ал-Асбаҳоний, Ҳофиз Аҳмад ибн Солиҳ, Юсуф ал-Азрақ, Абул-ашъас Омир ибн Саъид ва бошқалар ривоят қилган.