ИМОМ ИБН КАСИР
(45/665 – 120/738)
Исми ва нисбаси: Абу Маъбад Абдуллоҳ ибн Касир ибн Амр ибн Абдуллоҳ ибн Зодон ибн Феруз ибн Ҳурмуз ад-Дорий. Баъзилар у кишини Бану Абдуддорга нисбат бериб «ад-Дорий» дейилган деса, бошқалар аттор бўлгани учун шундай лақаб олган, чунки араблар Баҳрайндаги хушбўйликлар келтириладиган жой – Доринга нисбат бериб, атторни «дорий» дейишарди, дейди. Доринни Ҳинд шаҳарларидан бири деганлар ҳам бор.
Таваллуди ва вафоти: Имом Абдуллоҳ ибн Касир Маккаи Мукаррамада 45/665 йилда таваллуд топган, 120/738 санада вафот этган. Суфён ибн Уяйна: «Бир юз йигирманчи йилда Ибн Касир ад-Дорийнинг жанозасида қатнашганман», деган.
Маноқиблари: Абдуллоҳ ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ келиб чиқиши Кисро ҳабашларни қувиб чиқариш учун Санъога юборган форслардан эди. Саҳобаи киромлардан Абу Айюб Ансорий, Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Мужоҳид ибн Жубайр ҳамда Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мавлоси Дирбос розияллоҳу анҳумни кўрган. Бинобарин, улуғ тобеинлардан ҳисобланади. Имом Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ баланд бўйли, тўқ буғдойранг, кўзи мовийга мойил, соч-соқоли оқарган, ҳайбатли киши эди. Соч-соқолини ҳино билан бўяб ҳам турарди. Сўзамол, ҳозиржавоб, фасоҳат ва балоғатли, виқорли, оғир-босиқ инсон эди. Ибн Ваҳбон айтади: «Ибн Касир ўзини жуда ҳам қуйи тутадиган одам эди. Тенгдошларига тавозеъли, камбағалларни ҳурматлар, дунёдорларга юз бурмас, дарс беришда аввал келгандан бошлаб берар эди». Имом Ибн Касирнинг устози, Қуръон уламоларининг пешқадамларидан буюк аллома Мужоҳид ибн Жабр раҳматуллоҳи алайҳ: «Менга ўқиб берганларнинг ичида Ибн Касир кабисини кўрмадим», – дер эди. У ўз ҳаётидаёқ Ибн Касирни Қуръон таълимига ўтказган, ўзининг ўринбосари қилиб олган эди.
Имом Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ Маккаи Мукаррамада қози ҳамда қироат борасида барчанинг устози бўлган. Ўз даврида бирор киши унга тенг кела олган эмас. Ибн Мужоҳид айтади: «Абдуллоҳ ибн Касир ҳаётининг охиригача Маккада қироат борасида ҳамма эътироф этган имом бўлиб қолди». Баъзилар Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ бир муддат Ироқда ҳам турган, кейин Маккага қайтиб, ўша ерда вафот этган, дейишади.
Асмаъий айтади: «Абу Амр ибн Алодан «Ибн Касирга ҳам ўқиб берганмисиз?» деб сўрадим. У: «Ҳа, Мужоҳидда хатм қилгандан кейин Ибн Касирда хатм қилганман. Ибн Касир араб тилида Мужоҳиддан ҳам билимдон эди», деди.
Устозлари: Абдуллоҳ ибн Соиб ал-Махзумий, Мужоҳид, Дирбос – Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абдурраҳмон ибн Мутъим ва Умар ибн Абдулазиздан ҳадис ривоят қилган.
Шогирдлари: Абдуллоҳ ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳнинг қироатини жуда кўпчилик, жумладан Исмоил ибн Абдуллоҳ ал-Қист, , Ҳаммод ибн Салама, Халил ибн Аҳмад, Абу Амр ибн Ало, Сулаймон ибн Муғира, Абдулмалик ибн Журайж, Ибн Абу Мулайка. Абдуллоҳ ибн Касирдан Айюб ас-Сахтиёний, Ибн Журайж, Жарир ибн Ҳозим, Ҳусайн ибн Воқид, Абдуллоҳ ибн Абу Нажиҳ, Ҳаммод ибн Салама, Қурра ибн Холид, Ҳорис ибн Қудома ва кўплаб илм аҳли ҳадис ривоят қилган.
Санади: Абдуллоҳ ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ қироатни Абдуллоҳ ибн Соиб, Мужоҳид ибн Жубайр ал-Маккий ҳамда Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мавлоси Дирбос раҳматуллоҳи алайҳимдан арз йўли билан олган. Абдуллоҳ ибн Соиб Убай ибн Каъб ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумода ўқиган. Дирбос раҳматуллоҳи алайҳ эса Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуда, у киши Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумода ўқиган. Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳум эса қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олишган.
Машҳур ровийлари: имом Баззий, имом Қунбул.
Имом Баззий
Исми ва нисбаси: Абул Ҳасан Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Қосим ибн Нофиъ ибн Абу Базза. Абу Баззанинг исми Башшор бўлиб, асли Ҳамадондан. Соиб ибн Абу Соибнинг қўлида Исломни қабул қилган эди. «Базза» дегани «шиддат, қаттиқлик» деган маънони билдиради. Имом Баззий мана шу бобосига нисбатан ал-Баззий лақабини олган.
Таваллуди ва вафоти: Имом Баззий Маккаи Мукаррамада 170/786-787 санада таваллуд топган, 250/864 йили вафот этган. Ибн Касирнинг қироатини ривоят қилганлар орасида энг ёши каттаси Имом Баззий бўлади бўлганлар.
Маноқиблари: Имом Баззий ўз даврида Маккаи Мукаррамада Қуръон таълими бўйича бош устоз бўлган. Масжидул-ҳаромда 40 йил муаззинлик ва имомлик қилган. Муҳаммад ибн Алий ибн Сойиғ айтади: «Бизга Баззий айтиб берди: Мен Икрима ибн Сулаймоннинг шундай деганини эшитдим: Қуръонни Исмоил ибн Абдуллоҳ ибн Қустантинга ўқиб бердим. «Ваз‑зуҳа»га келганимда: «Ҳар бир суранинг охирида такбир айт. Чунки мен Абдуллоҳ ибн Касирга ўқиб берганман. «Ваз‑зуҳа»га келганимда «Хатм қилгунингча такбир айт», деган», деди. Ибн Касир Мужоҳидга ўқиб берганини, Мужоҳид унга шуни буюрганини (у кишига) айтган. Мужоҳид эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ўқиб берганини, Ибн Аббос уни шунга буюрганини хабар қилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб уни шунга буюрганини айтган. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни шунга буюрганини хабар қилган».
Санади: Имом Баззий қироатни Икрима ибн Сулаймондан, у Исмоил ибн Абдуллоҳ ал-Қист ва Шибл ибн Аббоддан, улар Ибн Касирдан олишган. Абдуллоҳ ибн Касирнинг қироатини Баззийдан мутавотир даражасини берадиган ададда кўпчилик ривоят қилган, бироқ Баззий уларнинг энг машҳури ва энг пешқадами бўлган.
Устозлари: Имом Баззий Икримадан ташқари Абу Ихрит Ваҳб ибн Возиҳ, Абдуллоҳ ибн Зиёдлардан ҳам Қуръонни ўтказган. У Муаммал ибн Исмоил, Моолик ибн Саъир, Абу Абдурраҳмон ал-Муқрий, Сулаймон ибн Ҳарб ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган.
Шогирдлари: Имом Баззий раҳматуллоҳи алайҳдан қироатни жуда кўпчилик олган. Жумладан: Ҳасан ибн Ҳаббоб, Абу Рабиъа, Аҳмад ибн Фараҳ, Қунбул ва бошқалар.
Имом Қунбул
Исми ва нисбаси: Абу Амр Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Холид ибн Муҳаммад ибн Саид ал-Махзумий ал-Маккий. «Қунбул» лақаби билан машҳур бўлган. Нима учун бу лақабни олгани ҳақида турлича фикрлар бор. Баъзилар «қунбуллар» деб айтиладиган сулоладан бўлгани учун деса, бошқалари танасидаги бир касаллик сабабли «қунбул» номли дорини кўп истеъмол қилганидан шу номни олган, дейишади.
Таваллуди ва вафоти: Имом Қунбул Маккаи Мукаррамада 195/810 санада таваллуд топган, 291/903-904 йили вафот этган.
Маноқиблари: Имом Қунбул қироатга моҳир ва олим эди. Ўз даврида Ҳижозда Қуръон ўқитиш бўйича бош устоз бўлган. Имом Қунбул Маккаи Мукаррамада шурта – полиция раҳбари эди. Чунки Ислом юртларида бундай масъулиятли лавозимларга фақат салоҳиятли, олим, фазилат ва яхшиликларни ўзида мужассамлаштирган кишиларгина қўйилар эди. Шунинг учун ҳам Қунбул раҳматуллоҳи алайҳ фазилатлари, илм ва амали эътиборидан ана шу вазифага қўйилган эди. Манбаларда зикр қилинишича, Имом Қунбул ёшлари улғайиб қолган чоғда, вафотларидан етти ёки ўн йил олдин Қуръон ўқитишни тўхтатган экан.
Санади: Имом Қунбул Ибн Касирнинг қироатини ривоят қилганлар орасида энг улуғ ва ишончли кишилардан эди. Имом Баззийнинг Имом Қунбулдан аввал келтирилишнинг боиси шуки, Имом Баззийнинг санади олийроқдир. Имом Қунбул қироатни Аҳмад Баззий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Авн ан-Наббол, Абул-Ҳасан Аҳмад ал-Қаввос, Исмоил ибн Шибл, Абул-Ихрит Ваҳб ибн Ваззоҳ ва Маъруф ибн Мишкондан арз йўли билан олган, улар эса қироатни Ибн Касирдан олишган.
Шогирдлари: Имом Қунбулдан қироатни жуда кўпчилик олган. Абу Рабиъа Муҳаммад ибн Исҳоқ, Муҳаммад ибн Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Сабоҳ, «Ас-сабъа» (Етти қироат) китобининг муаллифи Аҳмад ибн Мусо ибн Мужоҳид ва Ибн Шанабуз шулар жумласидандир.