Тафсир

ИМОМ АБУ АМР

(68/687-688 – 154/771)

Исми ва нисбаси: Абу Амр Заббон ибн Ало ибн Аммор Абу Амр ат-Тамимий ал-Мозиний ал-Басрий. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аждодлари бўлмиш Адноннинг авлодидан.

Таваллуди ва вафоти: Имом Абу Амр 68/687-688 йили туғилган. Кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, 154/771 йили вафот этган. Абу Амр ибн Ало раҳимаҳуллоҳ Маккада таваллуд топди, Басрада униб ўсди ва Кўфада вафот этди.

Маноқиблари: Имом Абу Амр араб тили ва Қуръони Каримга билимдон, содиқлик, ишонч, зоҳидлик, омонатдорлик ва диндорлик сифатларини ўзида мужассамлаштирган етук зот эди. Имом Асмаъий айтади: Абу Амр менга: «Агар кўксимдаги илмларни сенинг кўксингга бўшатиб бериш имкони бўлганида эди, буни қилган бўлардим. Қуръон илмларидан ёдлаганларимни китобатга туширсам, уни Аъмаш ҳам кўтара олмас эди»,  деган». Абу Убайда айтади: «Абу Амрнинг дафтарлари бир уй шифтгача тўла эди. Кейин ибодатга берилиб кетди ва уларни ёқиб юборди. Тўла ибодатга ажралди ва ҳар уч кечада хатм қилишни ўзига вазифа қилиб олди». Асмаъий айтади: «Абу Амрнинг: «Ўзимдан олдингилар орасида мендан кўра олимроқ кишини кўрмадим», деганини эшитдим». Асмаъий яна: «Мен Абу Амрдан кейин ундан кўра олимроқ кишини кўрмадим», дейди. Юнус ибн Ҳабиб айтади: «Агар бирор кишининг сўзи ҳар бир нарсада олиниши лозим бўлса, Абу Амрнинг сўзи олиниши керак». Асмаъий: «Абу Амрдан мингта масала ҳақида сўрадим, у мингта ҳужжат билан жавоб берди», деди». Саъид ибн Авс айтади: «Абу Амрга: «Қироат қилиб олганингиз ва ўқиганингизнинг ҳар бирини эшитганмисиз?» дедим. Шунда у киши: «Агар эшитмаганимда, ўқимаган бўлардим, чунки қироат суннатдир», деди. Ахфаш шундай дейди: «Ҳасан Басрий Абу Амрнинг олдидан ўтиб қолди. Ҳалқаси гавжум, одамлар қимирламай ўтиришарди. «Бу ким?» – деди у. «Абу Амр», дейишди. Шунда: «Ла илаҳа иллаллоҳ! Уламолар арбоб бўлиб кетай дейишибди. Илм билан қувватланмаган ҳар қандай азизлик хорликка юз тутажак», деди Ҳасан Басрий». Асмаъий айтади: «Абу Амр: «Ҳасан Басрий тириклигидаёқ мен пешво бўлиб бўлган эдим», деган». Суфён ибн Уяйна айтади: «Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. «Эй Аллоҳнинг Расули, қироатлар турлича бўлиб кетди, қайси қироат билан ўқишимни буюрасиз?» дедим. У зот «Абу Амр ибн Алонинг қироати билан», дедилар». Абу Амр ибн Ало вафот этганида Юнус ибн Ҳабиб унинг мотамзада оиласига келиб, шундай дея таъзия изҳор қилган эди: «Охир замонгача ўхшаши келмайдиган зотни йўқотганимиздан сизларга ҳам, ўзимизга ҳам таъзия изҳор қиламан. Аллоҳга қасамки, агар Абу Амрнинг илми ва зуҳди юз кишига тақсим қилиб берилса, юзаласи ҳам олим ва зоҳид инсонларга айланар эди. Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Амрни кўрганларида, унинг ҳолати у зотни хурсанд қилган бўларди».

Абу Амрнинг сўзларидан: «Ким ўзидан юқоридагининг фазлини эътироф этса, ўзидан қуйидагилар унинг фазлини эътироф этишади. Ким инкор қилса, инкор қилинади». «Хорлаган бўлсанг, шарафлидан ҳазир бўл. Ҳурматлаган бўлсанг, пасткашдан; қийинчиликка солган бўлсанг, оқилдан; ҳазиллашадиган бўлсанг, аҳмоқдан; бирга бўлган бўлсанг, сергуноҳдан. Сўрамаганга жавоб беришинг, жавоб бермайдигандан сўрашинг, сенга қулоқ солмайдиганга гапиришинг одобдан эмас».

Устозлари: Етти қироат имомлари ичида Имом Абу Амрчалик устози кўп имом йўқ. Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунаввара, Кўфа ва Басра шаҳарларида кўплаб устозлардан Қуръон таълимини олган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ва бошқалардан ҳадис тинглаган. Имом Абу Амр қироат илмини жуда кўп шайхлардан олган. Жумладан, Маккада Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид, Ато, Икрима ибн Холид, Ибн Касирдан, Мадинада Абу Жаъфар, Язид ибн Румон, Шайба ибн Нисоҳдан, Басрада Ҳасан ибн Абул-Ҳасан ал-Басрий, Яҳё ибн Яъмур, Наср ибн Осим ва бошқалардан арз (ўқиб бериш) тариқаси билан олган. Шуннгдек, Ҳумайд ибн Қайс ал-Аъраж, Осим ибн Абуннажуд, Абу Исҳоқ ал-Ҳазрамий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мавлолари Икрима ва бошқаларнинг қўлида ҳам ўқиган.

Шогирдлари: Имом Абу Амр раҳимаҳуллоҳдан у кишининг қироатларини ривоят қилган қорилар жуда ҳам кўп. Жумладан, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Лайсий, Исҳоқ ибн Юсуф ал-Азрақ, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абдулмалик ибн Қариб ал-Асмаъий, Юнус ибн Ҳабиб. Имом Абу Амрдан Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Абу Сора ва Сибавай ҳарфларни ривоят қилган.

Санади: Абу Амр ибн Алонинг санадлари жуда ҳам олий ва кўпдир. Жумладан, Абу Амр раҳимаҳуллоҳ Ибн Касир, Мужоҳид, Саъид ибн Жубайрда, улар Ибн Аббосда, у киши Убай ибн Каъбда ўқиган. Шунингдек, Абу Амр Ҳасан ибн Абул-Ҳасан ал-Басрийда, у Ҳаттон ибн Абдуллоҳда, у Абу Мусо ал-Ашъарий ҳамда Абул-Олияда, Абул-Олия Умар ибн Хаттоб, Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумда ўқишган. Убай ибн Каъб, Абу Мусо ал-Ашъарий, Умар ибн Хаттоб, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум эса қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олишган.

Машҳур ровийлари: имом Дурий, имом Сусий.

 

Имом Дурий

Исми ва нисбаси: Абу Умар Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз ибн Саҳбон ибн Адий ибн Саҳбон ад-Дурий ал-Аздий ал-Бағдодий.

Тавллуди ва вафоти: Имом Дурий халифа Мансурнинг даврида, 150/767 йилда Бағдоднинг шарқий тарафида жойлашган Дур маҳалласида таваллуд топган ва халифа Мутаваккилнинг даврида 246/860 санада вафот этган.

Маноқиблари: Имом Дурий раҳимаҳуллоҳ ўз замонасида қироат имоми, етук устоз, мустаҳкам илмга эга, ишончли, собит, улуғ зот бўлган. Бағдоднинг шимолида Дажла дарёсининг ёқасида жойлашган Сомарро шаҳрида истиқомат қилган. Аҳвозий айтади: «Имом Дурий қироатларни ўрганиш мақсадида сафарлар қилди. Етти ҳарфнининг барчасини – мутавотир, саҳиҳ ва шоззларни ҳам ўқиди. Бу маънода жуда кўп илмларни тинглади. Қироат илмида китоб ёзди. У барча ривоятларида ишончлидир. У узоқ умр кўрди. Умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолди. У диёнатли ва хайриятли киши эди. Унинг санади олийлиги ва илми кенглиги туфайли одамлар барча минтақалардан атайлаб унинг олдига келадиган бўлди». Имом Абу Довуд: «Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Абу Амр ад-Дурийдан ҳадис ёзиб олаётганини кўрганман», дейди. Имом Заҳабий Абу Амр Дурийнинг шундай деганини нақл қилади: «Исмоил ибн Жаъфарда Мадина аҳли қироатини ўқидим. Имом Нофеънинг ҳаётлик чоғини топганман. Агар ўн дирҳам пулим бўлганида, унинг олдига борган бўлардим». Имом Дурий қироат соҳасида илк китоб тасниф қилган киши бўлди. Асарларидан қуйидагилар зикр қилинади: «Аҳкам ал-Қуръан вас-сунан», «Ма иттафақот алфазуҳу ва маъанийҳи минал-Қуръан», «Фазоилул-Қуръан», «Ажзаул-Қуръан».

Усозлари: Имом Дурий жуда кўп устозлардан таълим олди. Имом Нофеънинг шогирди Исмоил ибн Жаъфар, Имом Ҳамзанинг шогирди Сулайм ва Муҳаммад ибн Саъдон, Ҳамза ибн Қосим, Яҳё ибн Муборак ал-Язидий, Шужоъ ибн Наср ал-Балхий ва имом Кисоий шулар жумласидандир. Имом Дурий имом Абу Амр ибн Алонинг қироатини Яҳё ибн Муборак ал-Язидий воситаси билан ривоят қилган.

Шогирдлари: Имом Дурийнинг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлиб, жумладан қуйидагиларни зикр қилиш мумкин: Аҳмад ибн Ҳарб, машҳур муфассир Абу Жаъфар, Аҳмад ибн Язид ал-Ҳулвоний, Муҳаммад ибн Убайд ар-Розий, Нуҳ ибн Мансур.

 

Имом Сусий

Исми ва нисбаси: Абу Шуайб Солиҳ ибн Зиёд ибн Абдуллоҳ ибн Исмоил ибн Иброҳим ас-Сусий.

Таваллуди ва вафоти: Имом Сусий раҳимаҳуллоҳнинг туғилган санаси аниқ эмас, 261/874-875 санада вафот этган. Ёши етмишга, бир ривоятда эса тўқсонга яқинлашиб қолган, дейилади.

Маноқиблари: Имом Сусий етук илм соҳиби, ишончли, Қуръон устозларининг улуғларидан эди. Ибн Можа ўз «Сунан»ида Имом Дурийдан ҳадислар ривоят қилган. Абу Ҳотим ҳам ундан ривоят келтирган ва: «У ростгўйдир», деган.

Устозлари: Имом Сусий қироатни Абу Муҳаммад Яҳё ибн Муборак ал-Язидийдан арз (ўқиб эшиттириш) ва самоъ (тинглаш) йўли билан ривоят қилган. Язидий эса қироатни имом Абу Амр ибн Ало раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилган. Яъни имом Сусий имом Абу Амрнинг қироатини имом Язидий орқали ривоят қилган.

Шогирдлари: Имом Сусийдан у зотнинг қироатини ривоят қилган кишилар жуда ҳам кўп бўлган. Ўғли Абу Маъсум Муҳаммад, Мусо ибн Жарир, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Қураший, адиб Маҳмуд ибн Муҳаммад ал-Антокий, ҳофиз Аҳмад ибн Шуайб ан-Насаий, Ҳусайн Алий ал-Хайёт ана шулар жумласидандир.

 

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг