Тафсир

ИМОМ ИБН ОМИР

 

(8/629‒118/736)

Исми ва нисбаси: Абдуллоҳ ибн Омир ибн Язид ибн Тамим ибн Робиъа ибн Омир ибн Абдуллоҳ ибн Имрон ал­Яҳсубий. Унинг Яҳсубий дейилиши Яҳсуб ибн Омир ибн Ҳумайр ибн Саба ибн Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтон ибн Омирга нисбатандир. Ибн Омир соф араб бўлиб, Ҳимяр қабиласига мансуб эди. Унинг куняси ҳақида икки­уч хил фикр бор, тўғрироғи, Абу Имрон бўлган.

Таваллуди ва вафоти: Ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳи 8/629 санада Дамашққа қарашли туманлардан бири Балқода таваллуд топган ва 118/736 йилда Дамашқда, Ошуро куни вафот этган.

Маноқиблари: Ибн Омир буюк тобеинлардан бўлиб, машҳур етти қорининг бири ва уларнинг санади олийларидан ҳисобланади. У Қуръон, ҳадис илмида ва араб тили қоидалари ва балоғатида етук билимга эга эди. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан кейин у кишининг ўрнига Шом аҳлининг қироат илмидаги катта устози сифатида пешво бўлган. Халифа Валид ибн Абдулмалик даврида қози этиб тайинланади. У Дамашқдаги марказий масжид Жомеъул­умавийда кўп йил имомлик қилган. Халифа Умар ибн Абдулазиз ҳам келиб, унинг орқасида намоз ўқир эди.

Шогирди Яҳё Зиморий айтади: «Ибн Омир мамлакатнинг қозиси эди, Дамашқ масжидининг биносида ўтирарди. У масжиднинг раиси бўлиб, у ерда бирор бидъат кўрса, уни албатта тўғрилар эди». Абу Алий Аҳвазий айтади: «Ибн Омир имом, олим, келтирган маълумотида ишончли, ривоят қилган нарсасини яхши эсда сақлаган, ёд олган нарсасини пухта эгаллаган, айтган гапини яхши билиб, тўғри фаҳмлай олган, нақл қилган нарсаларида содиқ киши эди. Мусулмонларнинг афзалларидан, тобеинларнинг энг яхшиларидан, ровийларнинг улуғларидан бўлган». Ибн Жазарий «Ан­Нашр»да шундай дейди: «Халифа Дамашқда имомлик, қозилик ва қироатда шайхлик вазифасини унга топширган эди. Дамашқ у пайтда халифалик маркази, етук уламолар ва тобеинлар келиб тушадиган жой бўлиб, улар унинг қироатига, уни мақбул кўриб ўрганишга иттифоқ бўлишган. Улар мусулмонларнинг энг афзали бўлмиш биринчи авлод эдилар».

Имом Жазарий Шом диёрларида 5­6 ҳижрий асрларда ҳам асосан Ибн Омирнинг қироати машҳур бўлганини, халқ оммаси шу қироатда ўқишини айтган.

Ибн Омир, озроқ бўлса­да, ҳадис ҳам ривоят қилган. Имом Насоий ва бошқа муҳаддислар уни ўта ишончли кишилардан деб айтишган. У ривоят қилган ҳадисларни имом Муслим, Ибн Ҳиббон ва имом Аҳмадлар ўз ҳадис тўпларида келтиришган.

Устозлари: Ибн Омир Усмон розияллоҳу анҳунинг шогирди Муғийра ибн Абу Шиҳобга, улуғ саҳобийлар Абу Дардо, Фазола ибн Убайд Ансорий, Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳумга Қуръонни ўқиб берган. У Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзидан ҳам Қуръон эшитган. У яна Муовия ибн Абу Суфён, Нуъмон ибн Баширлардан ҳадис тинглаган ва ривоят қилган.

Шогирдлари: Ибн Омирдан укаси Абдурраҳмон ибн Омир, Яҳё ибн Ҳорис Зиморий, Робиъа ибн Язид, Жаъфар ибн Робиъа, Исмоил ибн Убайдуллоҳ бин Абу Муҳожир, Саъид ибн Абдулазиз, Булқо қозиси Халлод ибн Язид ибн Субайҳ Муррий, Язид ибн Абу Молик ва бошқалар қироатдан таълим олган ва унинг қироатини ривоят қилган. У кишидан Абдурраҳмон ибн Язид ибн Жобир, Абдуллоҳ ибн Ало, Зубайдий, Яҳё Зиморий ва бошқалар ҳадис ривоят қилган.

Қироатдаги санади: Ибн Омир санади олий имомлардандир. У қироатни Абу Ҳошим Муғийра ибн Абу Шиҳоб ва Абу Дардо розияллоҳу анҳудан олган. Муғийра Қуръонни Усмон розияллоҳу анҳуга ўқиб берган. Усмон ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумо бу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганлар. Ибн Омир қироатни бир томондан иккита восита, иккинчи томондан битта восита орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилган.

Машҳур ровийлари: Ҳишом ибн Аммор, Ибн Заквон.

 

Ҳишом

Исми ва нисбаси: Абу Валид Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр ибн Абон ибн Майсара ас­Суламий ад­Димашқий.

Таваллуд ва вафоти: Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳи 153/770 санада таваллуд топган ва 245/859 йилда Дамашқда вафот этган.

Маноқиблари: Ҳишом ибн Аммор раҳматуллоҳи алайҳи қироат устози, фақиҳ, муҳаддис, Дамашқнинг қозиси, муфтийси ва имоми хатиби бўлган. У ўз даврининг Қуръон ва ҳадис илмида пешқадам бўлган кишиларидан қироат ва ҳадисларни ривоят қилган. У ҳадисни пухта ўзлаштирмай туриб айтмас эди.

Ҳишом Дамашқ жомеъсининг хатиби бўлиб, жумъа кунлари одамларга хутба қилар ва намоз ўқиб берар эди. Ибн Манзур «Тарихи Димашқ»да келтиришича, Абдон Аҳвазий шундай дейди: «Ҳишом ибн Аммор жумъа куни минбарда хутба қилар эди. Бир куни мен унга: «Эй Абу Валид, бу хутбангиз бошқа кунлардаги хутбаларингизга ўхшамас экан, бу янада балоғатли экан», дедим. Шунда у: «Тек тур, эй бола! Мен йигирма йилдан бери бирорта хутбани қайтармаганман», деди». У ўз хутбаларидан бирида: «Ҳақни айтинглар, шунда Ҳақ сизларни фақат ҳақ ила ҳукм қилинадиган кунда ҳақ аҳлининг манзилларига туширади», деган эди.

Ибн Манзур айтади: «Ҳишом ибн Аммор юрганда ерга қараб юрарди, Аллоҳ таолодан ҳаё қилганидан бошини осмонга кўтармас эди». Асбаҳоний айтади: «Ҳишом улуғ ёш, соғлом ақл ва фикр билан ризқланган эди. Одамлар қироат ва ҳадис учун унинг олдига сафар қилишарди». Имом Дорақутний: «Ҳишом ғоятда ростгўй, мартабали, фасоҳатли, аллома ва ривоятда билими кенг одам эди», деган. Абу Заръа: «Ким Ҳишом ибн Амморни қўлдан чиқарган бўлса, ўн минглаб ҳадисни излашга муҳтож бўлади», деб айтган.

Ҳишом айтади: «Отам Аммор ўзининг бир уйини йигирма динорга сотиб, мени ҳажга жўнатди. Мадинага келиб, Молик ибн Анасниннг олдига бордим. Менинг ундан сўрамоқчи бўлган масалаларим бор эди. Мен унинг олдига келдим., У худди подшоҳлардек ўтирар, хизматкорлари эса тик турар эди. Одамлар ундан савол сўрар, у эса, уларга жавоб берарди. Мажлис тугагач, баъзи ҳадис аҳллари: «Масалаларингни сўра», дейишди. Мен: «Эй Абу Абдуллоҳ, фалон, фалон нарса ҳақида нима дейсиз?», дедим. У: «Болалар қўлимизгa тушибди­ку! Эй хизматчи, уни кўтариб олиб кел», деди. У мени худди ёш болани кўтаргандек кўтариб олиб борди. Мен у пайтда балоғат остонасидаги бола эдим. Молик мени муаллимларнинг дарраси билан ўн етти дарра урди. Мен йиғлаб юбордим. Молик менга: «Нега йиғлаяпсан? Мана бу сени оғритдими?», деди. Мен: «Отам уйини сотиб, мени сизга етишиб, ҳадис эшитишим учун жўнатган эди, сиз эса мени урдингиз», дедим. Шунда у: «Ёз», деди ва ўн еттита ҳадис айтиб берди. Мен ўзим сўрамоқчи бўлган масалаларни сўрадим, уларга жавоб берди… Мен унга «Мени яна уриб, яна ҳадис айтиб беринг», дедим. Молик кулиб юборди­да: «Бор, кет энди», деди».

Устозлари: Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳи қироатни Ирок ибн Холид ал-Муррий ва Айюб ибн Тамим ат­Тамимийдан арз йўли билан  – ўқиб бериб олган. Ирок ибн Холид ва Айюб ибн Тамимлар Қуръонни Яҳё ибн Ҳорис Зиморийга ўқиб берган. Яҳё ибн Ҳорис Абдуллоҳ ибн Омирнинг энг катта шогирдларидан бўлиб, уни устоз ўз ўрнига қироат имомлигига тайинлаб кетган эди. Демак, Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Омирнинг қироатини икки восита орқали олган.

У имом Молик ибн Анас, Суфён ибн Уяйна, Муслим ибн Холид Занжий ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Ибн Лаҳиъадан ижозат билан ҳадис нақл қилган.

Шогирдлари: Абу Убайд ибн Саллом унинг қироатини ҳаётлик давридаёқ, аниқроғи, вафотидан 40 йил олдин нақл қилган. Шунингдек, Аҳмад ибн Язид Ҳалвоний, Аҳмад ибн Анас, Исҳоқ ибн Абу Ҳассон, Исмоил ибн Ҳувайрис, Аҳмад ибн Муалло, Иброҳим ибн Аббод, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Бакр, Мусо ибн Жумҳур, Ҳорун ибн Мусо Ал­Ахфаш, Абдуссамад ибн Абдуллоҳ ибн Абдуссамад ва бошқалар ҳам унинг қироатини ривоят қилишган.

У ривоят қилган ҳадисларни Бухорий, Термизий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можалар ўз санадалари билан нақл қилганлар ва ўзларининг ҳадис тўпламларида келтирганлар.

 

Ибн Заквон

Исми ва нисбаси: Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Башир ибн Заквон ибн Амр ибн Ҳассон ибн Довуд ибн Ҳаснун ибн Саъд ибн Ғолиб ибн Феҳр ибн Молик ибн Назр ал-Қураший ад-Дамашқий. Кўриниб турибдики, унинг насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан туташади.

Таваллуд ва вафоти: Ибн Заквон раҳматуллоҳи алайҳи 173/789 йилда Ошуро кунида таваллуд топган ва 242/856 санада Дамашқда, Шаввол ойидан икки кун қолганда душанба куни вафот этган.

Маноқиблари: Ибн Заквон ўз даврида Шом аҳлининг қироат пешволаридан эди. Дамашқ жомеъсида жумъадан бошқа кунлари намозда имомлик қиларди. У қироат қоидаларини ижро қилишда Ҳишомдан ҳам устун эди.

Абу Заръа Димашқий айтади: «Менинг наздимда, Заквоннинг даврида Ироқда ҳам, Шомда ҳам, Ҳижозда ҳам, Мисрда ҳам, Хуросонда ҳам ундан кўра қорироғи бўлмаган». Абу Алий Аҳмад ибн Муҳаммад Асбаҳоний айтади: «Айюб ибн Тамимнинг вафотидан кейин қироатда имомлик икки кишига ‒ Ҳишом ва Ибн Заквонга ўтди».

Ибн Заквон «Ақсамул­Қуръан» («Қуръон қисмлари»), «Ма йажибу ала қориил­Қуръани инда ҳаракати лисаниҳи» («Қуръон қорисига тилини ҳаракатлантиришда нималар вожиб бўлади?») номли китоблар таълиф этган.

Устозлари: Ибн Заквон қироатни Айюб ибн Тамим ат­Тамимийдан ўрганган. Айюб эса Яҳё ибн Ҳорисдан, у Абдуллоҳ ибн Омирдан қироатни олган. Демак, Ибн Заквон ҳам Ибн Омирнинг қироатини иккита восита билан нақл қилган. Абу Амр Донийнинг айтишича, Ибн Заквон имом Кисоий Шомга келганда ундан Қуръонни ўтказиб олган. Ибн Заквоннинг ўзи: «Мен Кисоийнинг олдида етти ой бўлдим, унга Қуръонни бир неча маротаба ўқиб бердим», дер эди. У Исҳоқ ибн Мусайябий орқали Нофеъдан ҳам ҳарфлар ривоят қилган.

Шогирдлари: Ундан қироатни ўз ўғли Аҳмад, Аҳмад ибн Анас, Аҳмад ибн Муалло, Аҳмад ибн Юсуф Тағлибий, Исҳоқ ибн Довуд, Ҳорун ибн Мусо Ал­Ахфаш ва бошқалар ривоят қилган.

 

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг