Тафсир

Имом Осим

 

(000-127/745)

Исми ва нисбаси: Осим ибн Абуннажуд ибн Баҳдала ал-Асадий ал­Кўфий. Унинг куняси Абу Бакр бўлган. Айрим манбаларда Баҳдала отасининг исми дейилса, бошқаларида онасининг исми ҳам дейилади. Шунга кўра, у Осим ибн Баҳдала деб ҳам номланган. Бану Асад қабиласининг мавлоларидан бўлган.

Таваллуд ва вафоти: Осим ибн Абуннажуднинг таваллуд санаси маълум эмас. Аммо манбаларда Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида (41/661‒60/679) туғилгани айтилган. Имом Осим Кўфада туғилиб, ўсган ва ўз шаҳрида 127/745 санада вафот этган.

Маноқиблари: Имом Осим Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг саҳобаларини кўриб, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган улуғ тобеинлардан ҳисобланади. У ёшлигидан Қуръон ўрганишга киришган.

Осим ибн Абуннажуд раҳматуллоҳи алайҳи ўз замонасининг йирик олими, қироат илмида пешво устозларидан эди. У қироат, ҳадис, фиқҳ, наҳв ва луғатшунослик илмларининг билимдони эди. У ниҳоятда хушовоз инсон бўлиб, шунақанги фасоҳат билан, дона­дона сўзлардики, ифодасидан киши ҳайратга тушарди. У кўплаб ҳадис ривоят қилган бўлиб, у ривоят қилган ҳадислар олти саҳиҳ тўпламдан жой олган.

Имом Осим устози Абу Абдурраҳмон Суламийдан кейин унинг ўрнига Кўфа аҳлининг қироат пешвосига айланди. У устозининг ўрнида ўтириб то ҳаётининг охиригача кишиларга Қуръондан таълим берди. «Тобақот ал­ҳанафия» китобида Шуъбадан қуйидагича нақл қилинади: «Мен Қуръонни Осим ибн Абуннажудга ўқиб берганман. У менга бир кунда бир оятдан ўқиб беришимни ва бундан оширмаслигимни буюрган эди ҳамда: «Мана шу сен учун мустаҳкамроқ бўлади», дерди. Аммо устоз ҳаётлигида Қуръонни тўла ўқиб тамомлашга кўзим етмагач, қайта­қайта илтимос қилган эдим, ниҳоят, ҳар куни беш оятдан ўқишга изн берди». Аҳмад Ижлий айтади: «Осим суннат ва қироатни эгаллаган киши эди. Қуръон борасида пешқадам имом эди. Осим Басрага келиб, у ердагиларга ҳам Қуръондан таълим берган». Шуъба айтади: «Осим: «Икки йил касаллик сабабли тўшакка михланиб қолдим. Тузалгач, Қуръонни ўқиб кўрдим, бирорта ҳарфга адашмадим», деган эди». Шуъба яна: «Абу Абдурраҳмон вафот этгач, Осим одамларга Қуръон ўргатиш учун ўтирди. У одамларнинг энг овози чиройлиси эди, худди товуш пайчаларида қўнғироқ борга ўхшарди», деб айтган.

Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: «Мен отамдан Осим ҳақида сўрадим. Отам: «У жуда солиҳ, кишиларга кўп яхшилик қилувчи ва ишончли одам эди», деди. Кейин мен: «Сиз учун қайси қироат афзал?», деб сўрадим. «Мадина аҳлининг қироати», деб жавоб берди отам. «Ундан сўнг қайси қироат энг севимли?», деб сўраган эдим, у: «Осимнинг қироати», деб жавоб қилди.

Абу Бакр Шуъба айтади: «Осим намоз ўқиганда устундек тик турарди. Жумъа куни асргача масжидда бўларди. У обид, олижаноб одам эди, доим намоз ўқирди. Гоҳида бирор юмуш билан чиққанда масжидни кўриб қолса: «Юр биз билан, юмушимиз қочиб кетмайди», дерди­да, кейин масжидга кириб, намоз ўқирди».

Имом Осим илмга ниҳоятда иштиёқманд эди, ҳатто ўз шогирдларидан илм олишдан ҳам тортинмас эди. Муборак ибн Саъид айтади: «Осим ибн Абуннажуднинг Суфён ибн Уяйна ҳузурига ундан фатво сўраб келганини кўрдим. У: «Эй Суфён, сен бизнинг олдимизга кичиклигингда борган эдинг, биз сенинг олдингга катта бўлганда келдик», деди».

Имом Осимдан айрим саҳифалар мерос қолган бўлиб, уларда имом ўзи ривоят қилган қироат ва ҳадисларнинг айримларини ёзиб, қайдлаб қўйган эди.

Устозлари: Имом Осим Қуръон борасида Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Ҳабиб ас­Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ал­Асадий ва Абу Амр Саъд ибн Илёс аш­Шайбонийлардан таълим олган. У айрим саҳобалардан ва кўплаб тобеинлардан ҳадис ривоят қилган.

Шогирдлари: Имом Осимдан Ато ибн Абу Рабоҳ, Абу Солиҳ Симон, Абу Амр Амр ибн Ало, Саврий, Абу Авона, Суфён ибн Уяйна ва бошқалар ҳадис ривоят қилган. Абу Амр ибн Ало, Халил ибн Аҳмад, Ҳамза аз­Зайёт, Ҳорун ибн Мусолар айрим қироат услубларини ривоят қилишган.

Қироатдаги санади: Имом Осим қироатни Абу Абдурраҳмон Суламий, Зирр ибн Ҳубайш ва Саъд ибн Илёслардан олган. Буларнинг ҳар учови ҳам Қуръонни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ўрганган. Зирр ибн Ҳубайш ва Абу Абдурраҳмонлар Алий розияллоҳу анҳуга ҳам Қуръонни ўқиб берганлар. Абу Абдурраҳмон Суламий Убай ибн Каъб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумларга ҳам ўқиб берган. Усмон, Алий, Убай ва Зайд розияллоҳу анҳум бу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганлар. Демак, имом Осим қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки восита орқали ривоят қилган.

Машҳур ровийлари: Шуъба ибн Айёш, Ҳафс ибн Сулаймон.

 

Шуъба

Исми ва нисбаси: Абу Бакр Шуъба ибн Айёш ибн Солим ал­Ҳаннот ал­Асадий ал­Куфий. Буғдой савдоси билан шуғуллангани учун уни «ал­Ҳаннот» ‒ «буғдойфуруш» ҳам дейишарди. Асли Бану Асаднинг мавлоларидан бўлгани учун унга ал­Асадий деган нисбат берилган.

Таваллуд ва вафоти: Шуъба 95/714 йили Кўфада тавуллуд топган ва 193/808 санада Жумодул‑аввал ойида вафот этган.

Маноқиблари: Шуъба ибн Айёш раҳматуллоҳи алайҳи етук олим, ўта тақводор, зоҳид, обид, аҳли сунна уламоларининг кўзга кўринган намояндаларидан эди.  У қироат, ҳадис, фиқҳ илмларида етук билимга эга эди.

Абу Бакр Шуъба эрталабдан мактабга борар, кейин имом Осимнинг ҳузурига келар эди. У талабалик йилларини эслаб шундай дейди: «Мен Осимнинг олдига уч йилча иссиқда ҳам, қишда ҳам, ёмғирда ҳам бордим». У яна: «Осимдан Қуръоннинг бирор ҳарфини ҳам қўймай эгаллаганимдан кейин ажрадим», дерди.

Хатиб Бағдодий «Тарихи Бағдод» китобида айтади: «Абу Бакр ибн Айёш олижаноб, фазилатли киши эди, у қирқ йил ёнбошини ерга қўймаган». Абу Абдуллоҳ Нахаъий ва Яҳё ибн Маъин: «Абу Бакр ибн Айёш эллик йил тўшак тўшамаган эди», деб айтган. Хатиб Бағдодий шундай ёзади: «Абу Бакр ибн Айёшнинг бир кўзидан йигирма йил ёш оқди, аммо буни унинг ўз аҳли ҳам билгани йўқ… У юнгдан бўлган дўппи ва шалварда, кексайгач эса, бир таёқчани унга суяниш учун кўксига тираган ҳолда тунларни ибодат билан бедор ўтказарди». Шуъба раҳматуллоҳи алайҳи жуда кўп Қуръон ўқирди. Ҳатто ўғли унинг ўттиз йилдан бери ҳар куни Қуръонни бир бора хатм қилишини айтган. Аҳмад ибн Холид айтади: «Абу Бакрга «Қандай қилиб тартил билан қироат қиласан?» дейилди. Шунда у: «Қандай қилиб тартил қила олмай? Ахир мен қирқ йилдан буён бир кеча­кундузда бир бора хатм қиламан!», деди». Хатиб Бағдодий ёзади: «Шуъбанинг вафоти яқинлашганда синглиси йиғлади. Шунда буюк имом: «Нега йиғлайсан? Ана у бурчакка қара, мен у ерда ўн саккиз минг маротаба хатм қилганман», деди».

Устозлари: Шуъба қироат илмида асосан имом Осимдан таълим олган. Осимга Қуръонни уч­тўрт маротаба ўқиб берган. Имом Заҳабийнинг ёзишича, Шуъба шундай деган: «Мен Осимдан қорироқ кишини кўрмадим, шу боис, унга Қуръондан дарс топширдим. Муғийрадан фақиҳроқ кишин кўрмадим, шунинг учун уни маҳкам ушладим».

Шогирдлари: Имом Шуъбадан Қуръонни Абу Юсуф Яъқуб ибн Халифа, Абдурраҳмон ибн Абу Ҳаммод, Урва ибн Муҳаммад, Яҳё ибн Муҳаммад ва Саҳли ибн Шуъайблар тўлиқ ўқиб ўтказган. Исҳоқ ибн Ийсо, Имом Кисоий, Яҳё ибн Одам ва бошқалар унинг қироатини ривоят қилган.

 

Ҳафс

Исми ва нисбаси: Абу Умар Ҳафс ибн Сулаймон ибн ал­Муғийра ал-Баззоз ал­Куфий. У «Ҳуфайс» ‒ «Кичик Ҳафс» номи билан ҳам машҳур бўлган. Унга газлама савдоси билан шуғиллангани учун «ал­Баззоз», яъни «газламачи» деган нисбатни ҳам беришган.

Таваллуд ва вафоти: Ҳафс ибн Сулаймон 90/709 санада Кўфада таваллуд топган ва 180/796 санада шу шаҳарда вафот этган.

Маноқиблари: Ҳафс раҳматуллоҳи алайҳи имом Осимнинг асаранди ўғли бўлиб, унинг тарбиясида ўсган. Ёшлигидан имом Осимдан Қуръони Карим қироатини ўрганган. Шунинг учун қироатни пухта эгаллаган эди. У Қуръонни Осимдан эшитиб, кейин унга топширар эди. У қироатга тили равон, ўта моҳир бўлган. Имом Доний: «У одамлар ичида Осимнинг қироатини тиловат қилиб бериб олган кишидир», деган. Ҳафс устози Осимдан кейин Кўфада унинг ўрнида Қуръондан таълим берди. Шунингдек, у Бағдод ва Маккаи Мукарама шаҳарларида ҳам одамларга қироатдан дарс берган». Ибн Ваҳбон айтади: «Ҳафс: «Мен қироатни Осимдан бирор ҳарфда ҳам иккиланмайдиган бўлиб тўғрилаб олганман», дер эди. У узоқ йил мана шу қироатда ўқиди».

Ҳафс айтади: «Мен Осимга: «Абу Бакр ибн Шуъба қироатда мендан бошқача ўқияпти», дедим. Шунда у: «Мен сенга Абу Абдурраҳмонга ўқиб берганимни ўқитмоқдаман, у Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан олган. Абу Бакр ибн Айёшга эса Зирр ибн Ҳубайшга ўқиб берганимни ўқитяпман, у Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан олган», деди».

Устозлари: Ҳафс раҳматуллоҳи алайҳи  асосан имом Осимдан таълим олган. У қироатни арз ва талқин (ўқиб бериш ва устознинг сўзма­сўз ўқитиши) йўли билан ўрганган. Шунингдек, имом Осимдан, Исмоил ибн Абдурраҳмон Суддий, Ҳаммод ибн Абу Сулаймон, Алқама ибн Марсад, Собит Банноний, Касир ибн Зозон ва бошқалардан ҳадис тинглаган.

Шогирдлари: Ҳафснинг қироатини жуда кўпчилик нақл қилган. Жумладан, Амр ибн Сабоҳ, Фазл ибн Яҳё Анборий, Халаф Ҳаддод, Ҳусайн ибн Алий Жуъфий, Аҳмад ибн Жубайр Антокий ва бошқалар.

Бугунги кунда Ислом оламининг аксар қисмида Қуръони Карим ушбу қироат асосида ‒ Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига кўра ўқилади. Жумладан, бизнинг диёримизда ҳам кўп асрлардан буён ушбу қироат жорий бўлган.

 

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг