Тафсир

ИМОМ ҲАМЗА

 

(80/700‒156/772)

Исми ва нисбаси: Абу Аммора Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора ибн Исмоил аз-Зайёт ал-Куфий ат­Таймий. Ҳамза Ҳулвондан Кўфага пишлоқ ва ёнғоқ олиб бориб, Кўфадан Ҳулвонга ёғ олиб келарди. Шунинг учун у «Аз­Зайёт» ‒ «Ёғчи» деган лақабни олган. Унинг асл насаби форслардан. Унинг Ат­Таймий дейилишига сабаб шуки, у аслида Таймий уруғининг озод қилинган қулларидан бўлган.

Таваллуд ва вафоти: Ҳамза ибн Ҳабиб 80/700 санада Кўфада таваллуд топган ва 156/772 йилда 76 ёшда Ҳулвонда вафот этган.

Маноқиблари: Ҳамза ибн Ҳабиб Зайётнинг туғилган санасига қараганда, у киши саҳобаи киромларни кўрган бўлиши керак. Шунинг учун, унинг бирор саҳоба билан учрашгани аниқланмаган бўлса­да, баъзилар уни тобеинлардан деб айтган.

Ҳамза раҳматуллоҳи алайҳи кўплаб инсоний фазилатлар соҳиби эди. У етук олим, ҳадис, фиқҳ, мерос илмларининг билимдони, хусусан қироат соҳасида буюк устозлардан эди. У садоқат ва парҳезкорликда барчага намуна бўлган, обид, зоҳид, ўта тақводор, тавозели, Аллоҳ таолога бўлган тазарруъи ва қўрқинчи вужудида барқ уриб турадиган солиҳ инсон эди. Кечанинг кўп қисмини ибодат билан бедор ўтказар эди. У имом Осим ва Аъмашдан кейин Кўфада қироат илмида бош устоз мақомида хизмат кўрсатди.

Имом Жазарий у ҳақда шундай дейди: «У имом, ҳужжат, ишончли, мустаҳкам илмга эга, мақбул, Аллоҳнинг китобини пухта эгаллаган, мерос илми мутахассиси, араб тили билимдони, ҳадис ҳофизи, обид, хушуъли, зоҳид, парҳезкор, Аллоҳга доимо итоатли, беназир инсон эди». Суфён Саврий: «Ҳамза Қуръон ва мерос илмида барча одамлардан ўзиб кетди», деган. Имом Заҳабий ва Ибн Ҳажарларнинг келтиришича, Ибн Фузайл: «Аллоҳ Кўфа аҳлидан фақат Ҳамза сабаблигина балони қайтариб турибди, деб ўйлайман», дерди. Устози Аъмаш уни кўрганда: «Бу Қуръон донишманди!» дер эди. Бир сафар унинг келаётганини кўриб, Аъмаш оятдан иқтибос қилиб: «Тавозелиларга башорат бер!» деди.

Имом Ҳамза бир йил Кўфада, бир йил Ҳулвонда истиқомат қилиб, одамларга Қуръондан таълим берарди. У дарс беришда аввалроқ келган кишидан бошлар ва доимо мана шу тартибни ушларди, бирор кишини бошқасидан устун қўймасди. Имом Жазарий ёзишича, Убайдуллоҳ ибн Мусо шундай деган: «Ҳамза одамлар тарқаб кетгунгача Қуръон ўқитар эди. Кейин туриб, тўрт ракъат намоз ўқирди. Кейин пешин билан аср оралигида ҳам, шом билан хуфтон ўртасида ҳам намоз ўқирди».

Ҳамза раҳматуллоҳи алайҳи Қуръон таълими учун ҳеч кимдан ҳақ олмасди. У буни дуруст санамайдиганлардан эди. Бир сафар Кўфанинг машҳур кишилардан бири унга Қуръонни тўлиқ ўқиб бергач, бир тутам динор олиб борган эди, Ҳамза уни қабул қилмади ва: «Мен Қуръон учун ҳақ олмайман, мен у билан Фирдавсни умид қиламан», деди. Имом Заҳабийнинг ёзишича, Жарир ибн Абдулҳамид шундай деган: «Ҳамза аз­Зайёт жазирама иссиқ кунда олдимдан ўтиб қолди. Мен унга сув таклиф қилдим, у ичгани унамади. Чунки мен унга Қуръон ўқиб берган эдим».

Аллома Ибн Ваҳбон айтади: «Ҳамза раҳматуллоҳи алайҳи кўп қироат қилар эди. Қачон қараса Қуръон ўқиётган бўларди. Ким уни кўрса, қироат қилаётганига гувоҳ бўларди. У ҳар ойда йигирма беш ёки йигирма тўққиз марта хатм қилар эди». Имом Заҳабий Абдуллоҳ Ажалийдан нақл қилади: «Ҳамза вафот этганда минг дирҳам қарзи бор эди. Яқуб ибн Довуд унинг номидан қарзини тўлади».

Устозлари: Ҳамза ўз даврининг қироат шайхларидан, етук фуқаҳоларидан таълим олган. У қироат илмини тобеъинларнинг улуғларидан олган. Ҳамза Аъмашдан қироатни арз ва самоъ (устозга ўқиб бериш ва ундан эшитиш) орқали, Ибн Абу Лайло ва Ҳумрондан фақат арз ‒ ўқиб бериш йўли билан олган. Шунингдек, у Кўфанинг энг олим фақиҳларидан Муғийра, Ибн Абу Лайло ва Жаъфар Содиқлардан фиқҳ илмини, Аъмашдан фароиз илмини ҳам ўрганган. Адий ибн Собит, Амр ибн Мурра, Ҳабиб ибн Абу Собит, Талҳа ибн Мусорриф, Мансур ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган.

Шогирдлари: Ҳамзанинг қироатларини буюк муҳаддис ва фақиҳ Суфён Саврий у зотнинг ҳузурларида ўқиб бериш орқали нақл қилган. У Ҳамзадан Қуръонни тўрт маротаба ўқиб ўтказган. Исроил ибн Сабиъий, Алий ибн Ҳамза Кисоий, Исҳоқ ибн Юсуф Азрақ ва бошқалар унга Қуръонни ўқиб берган ва ундан қироатини нақл қилган.

Қироатдаги санади: Ҳамза қироатни асосан Аъмаш, Талҳа ибн Мусорриф, Ҳумрон ибн Аъян, Абу Исҳоқ, Ибн Абу Лайло, Жаъфар Содиқлардан олган.  Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қироатларини, Ибн Абу Лайло ҳамда Жаъфар Содиқлар эса Алий розияллоҳу анҳунинг қироатларини ўзлаштирган эди. Абу Исҳоқ ҳар иккисининг қироатида ўқирди. Алий ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганлар.

Машҳур ровийлари: Халаф ибн Ҳишом, Халлод ибн Холид.

 

Халаф ибн Ҳишом

Исми ва нисбаси: Абу Муҳаммад Халаф ибн Ҳишом ибн Саълаб ибн Халаф ал­Асадий, ал­Бағдодий ал-Баззор. Унинг «ал­Баззор» ‒ «уруғфуруш» деб аталишидан унинг шу касб билан шуғуллангани тахмин қилинади. Аммо, манбаларда айтилишича, унинг ўзи бу нисбатни ёқтирмас ва: «Мени «ал­муқрий» ‒ «Қуръон ўқитувчи» деб чақиринглар», дер экан.

Таваллуд ва вафоти: Халаф ибн Ҳишом 150/767 санада Бағдодда туғилган. Асли Ироқнинг Фамуссилҳ деган жойидан. Халаф раҳматуллоҳи алайҳи 229/844 йили Жумодул-охир ойида 79 ёшда вафот этган.

Маноқиблари: Имом Халаф 10 ёшда Қуръони Карим тўла ёдлади, 13 ёшида талаби илмга киришди. У илм йўлида ҳиммати ниҳоятда баланд инсон эди. Унинг ўзи: «Наҳвдан битта боб менда жумбоқ бўлиб қолди. Саксон минг дирҳам сарфлаб, охири уни билиб олдим», деган эди.

Имом Халаф зоҳид, ибодатгўй, ҳадис ривоятида ишончли, эътиборли, етук олим, улуғ инсон эди. Яҳё ибн Маъин, Насоий ва бошқалар уни ҳадис ривоятида ҳам ишончли деб айтишган. Хабарларда келишича, Имом Халаф йил бўйи рўза тутар эди. «Сияр» соҳиби: «У имомдир. Қуръонга амал қилувчи, Аллоҳга итоатли, ҳадис ва фароизда билимдон, араб тилига олим инсондир» дейди. Ҳусайн ибн Фаҳм айтади: «Халаф ибн Ҳишомдан кўра доно инсонни кўрмаганман. У дарсни аввал аҳли Қуръонлардан бошлар, кейин муҳаддисларга изн берар эди. Абу Авонанинг ҳадисидан бизларга элликта ҳадис ўқиб берган эди».

У баъзи қироатларида Ҳамзага ҳам хилоф қилгани билан танилган. Шунинг учун уни ўнинчи қироат имоми сифатида ҳам зикр қиладилар. Халафнинг Ҳамзадан қилган ривояти мутавотир қироат саналади.

Яҳё ал-Фаҳҳом айтади: «Халаф ибн Ҳишомни (вафотидан сўнг) тушимда кўрдим. «Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?» дедим. «У Зот мени мағфират қилди», деди у».

Устозлари: Халаф раҳматуллоҳи алайҳи Ҳамзанинг қироатини Сулайм ибн Ийсо орқали, унга ўқиб бериш йўли билан олган. Шунингдек, Ҳамзанинг яна бир шогирди Абдурраҳмон ибн Абу Ҳаммоддан ҳам ушбу қироатни ўрганган. У Абу Юсуф Аъшодан ҳам қироатдан таҳсил  олган. Имом Кисоийдан Қуръонни тўлиқ эшитган ва Яҳё ибн Одамдан Осимнинг қироатини ўрганган. У имом Молик ва Ҳаммод ибн Зайдлардан ҳадис тинглаган ва ривоят қилган.

Шогирдлари: Халаф ибн Ҳишомдан Аҳмад ибн Иброҳим, Исҳоқ ибн Иброҳим, Амад ибн Язид Ҳулвоний, Идрис ибн Абдулкарим, Муҳаммад ибн Исҳоқ ва бошқалар қироат илмидан таълим олган ва унинг қироатини нақл қилган. Муслим, Абу Довуд, Абу Заръа, Абу Ҳотим ва бошқалар ундан ҳадис ривоят қилган.

 

Халлод ибн Холид

Исми ва нисбаси: Абу Ийсо Халлод ибн Холид аш-Шайбоний ал-Кўфий ас-Сайрафий.

Таваллуди ва вафоти: Халлод ибн Холид 129/747 йили Ражаб ойининг ўрталарида таваллуд топган ва 220/835 санада вафот этган.

Маноқиблари: Халлод қироат илми имомларидан саналади. У ўта ишончли, беназир олим, тажвидга моҳир, қироат илмини пухта эгаллаган буюк устозлардан эди. Узоқ йил кишиларга Қуръондан таълим берган, илм­маърифат зиёсини тарқатишда катта хизмат кўрсатган. Машҳур қироат олими имом Доний уни Сулаймнинг энг улуғ ва энг ишончли шогирди сифатида баҳолаган. Имом Заҳабий унинг мўътабар уламолардан эканини айтган. Абу Заръа ва Абу Ҳотимлар ундан ҳадис ривоят қилган.

Устозлари: Халлод раҳматуллоҳи алайҳи Ҳамзанинг қироатини Сулайм ибн Ийсо орқали ривоят қилган. У қироатни Сулаймдан арз ‒ ўқиб бериш йўли билан олган. Шунингдек, у Ҳусайн ибн Алий Жуъфий орқали Абу Бакр Шуъбанинг, Шуъбанинг ўзидан эса Ҳафснинг қироатини ҳам нақл қилган. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ҳасан Раввосийдан ҳам таълим олган. У Зуҳайр ибн Муовия, Ҳасан ибн Солиҳ ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган.

Шогирдлари: Халлоддан Муҳаммад ибн Шозон, Муҳаммад ибн Ҳайсамлар қироат ўрганган. Аҳмад ибн Язид Ҳулвоний, Иброҳим ибн Алий, Иброҳим ибн Наср Розий, Қози Муҳаммад бин Ҳайсам ва бошқа кўпчилик қорилар унинг қироатини ривоят қилишган.

 

Теглар
Кўпроқ кўрсатиш

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг