Тафсир

ИМОМ КИСОИЙ

 

(120/738‒189/805)

Исми ва нисбаси: Абул­Ҳасан Алий ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Усмон ал­Кўфий ал­Кисоий. Асли кўфалик бўлиб, кейинчалик Бағдодга кўчиб ўтган. Унинг Кисоий дейилиши боиси ҳақида турли фикрлар бор. Энг мўътабари, бунга унинг Ҳамзанинг дарсига кисо ‒ кийимга ўраниб келиши сабаб бўлган.

Таваллуд ва вафоти: Алий ибн Ҳамза Кисоий 120/738 йили Кўфада таваллуд топган ва 189/805 санада Райнинг Ранбавайҳ деган ноҳиясида 70 ёшда вафот этган.

Маноқиблари: Имом Кисоий раҳматуллоҳи алайҳи ўз замонида қироат соҳасида барчанинг имоми ва энг билимдони бўлган. Имом Ҳамзадан кейин Кўфада Қуръон ўқитишда биринчи рақамли устоз бўлган. У ўта зийрак, фаросатли, фазилатли киши эди. Кисоий наҳв  ва луғат илмида ҳам ўз даврининг етук намояндаларидан эди. Одамлар унинг қироатини тинглаб, шу асосда мусҳафларига ҳаракат ва нуқталарни қўйиб олишарди. Абу Бакр Анбарий айтади: «Кисоийда бир нечта хислат жам бўлган: у наҳв (грамматика)нинг билимдони, ноёб луғатларни билишда беназир, Қуръон борасида якто эди. Одамлар унинг ҳузурига қатнар, у эса уларни тўплаб, курсига ўтирган ҳолда Қуръонни аввалидан охиригача тиловат қилиб берар, одамлар ундан Қуръон ўқишни, қироатдаги тўхташ ва бошлаш ўринларини аниқлаб, ўзларига қайд қилиб олардилар». Имом Жазарийнинг ўз санади билан нақл қилишича, Халаф ибн Ҳишом шундай деган: «Шаъбон ойи келганда Кисоийга бир минбар қўйиларди. У одамларга ҳар куни ярим субуъ (тақрибан 2 пора) ўқиб бериб, Шаъбон ичида иккита хатм қилиб берарди. Мен минбарнинг тагида ўтирардим».

«Тарожум ал­қурро» китобида айтилишича, Наср шундай дейди: «Кисоий Қуръон ўқиса ёки гапирса, худди оғзида фаришта гапираётгандек бўлар эди». Яҳё ибн Маъин: «Ушбу икки кўзим билан Кисоийнинг лаҳжасидан тўғрироқ лаҳжани кўрмадим», деган. Имом Шофеъий: «Ким наҳвда чуқур билимга эга бўлмоқчи бўлса, Кисоийга муҳтождир», дер эди. Абу Убайд «Ал­Қироат» китобида айтади: «Кисоий қироатларни ихтиёр қилар эди. У Ҳамзанинг қироатидан бир қисмини олиб, баъзисини тарк қилган. У етук қироат мутахассиси бўлиб, бу унинг соҳаси, машғулоти эди. У бу соҳани ўзидан кўра мустаҳкамроқ эгаллаган ва кўпроқ шуғулланган киши билан бирга ўтирмаган».

Кейинроқ имом Кисоий Бағдодга келиб, у ерда ҳам кишиларга Қуръон ўқитади. Хусусан, халифа Ҳорун Рашидга, кейинчалик унинг ўғилларига таълим­тарбия беради, доимо уларнинг эҳтиромида бўлади. Кисоий гоҳида халифага насиҳат қилиб мактуб ёзиб юборарди.  Абу Умар Дурий айтади: «Кисоий подшоҳлар билан бирга бўлганида кийимидан бошқа ҳеч нарсасини ўзгартирмас эди. Бир куни баъзи кўфалик уламолар уни катта, ўнган либосда кўриб: «Эй Абул­Ҳасан, бу қанақа кийиниш?» дейишди. У: «Подшоҳга одоб берадиган кишининг одоби, у динга футур етказмайди, бидъатга кирмайди ва суннатдан чиқмайди», деди».

Кисоий Ҳорун Рашидга ҳамроҳлик қилиб Хуросонга кетаётганда йўлда бемор бўлиб қолади ва Ранбавайҳ қишлоғида вафот этади. Сафарда у билан бирга бўлган, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг энг катта шогирдларидан бири Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ҳам айни шу куни вафот топади. Шунда Хорун Рошид: «Райда фиқҳ ва наҳвни бир кунда дафн қилдик», дейди.

Хатиб Бағдодий «Тарихи Бағдод» китобида, Ибн Касир «Ал­Бидоя ван­ниҳоя»да ёзишича, Абу Мисҳал шундай деган: «Мен Кисоийни тушимда кўриб, унга: «Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?» деб сўрадим. У: «Қуръон сабабли мени мағфират қилди» деди».

Устозлари: Кисоий қироатда асосан имом Ҳамзадан таълим олган ва бу борада унга таянган. Унга Қуръонни уч­тўрт маротаба ўқиб берган. У яна Ибн Абу Лайло, Ийсо ибн Умар Ҳамадонийлардан ҳам қироатдан таҳсил олган. Шунингдек, Абу Бакр ибн Айёш, Исмоил ибн Жаъфар, Аъмаш, Абдурраҳмон ибн Абу Ҳаммод, Зоида ибн Қудомалардан ҳам қироат нақл қилган.

У Басрага бориб, буюк имом Халил ибн Аҳмаддан араб тили балоғатини, бу тилнинг сир­асрорларини ўрганган. Фузайл ибн Шозон айтади: «Кисоий қироатни Ҳамзадан ўтказгач, саҳрога чиқиб, бадавийлар билан бирга яшай бошлади. Сўнг юртига луғат билимдони бўлиб қайтиб келди».

Шогирдлари: Кисоийдан қироатни арз ва самоъ (ўқиб бериш ва тинглаш) орқали ривоят қилганлар жуда ҳам кўп. Жумладан, Иброҳим ибн Зозон, Иброҳим ибн Ҳурайший, Аҳмад ибн Жубайр, Аҳмад ибн Абу Сариъ, Яҳё ибн Зиёд Хоразмий ва бошқалар. Унинг энг кўзга кўринган шогирдлари Лайс ва Ҳафс ибн Умарлардир. Улар қироатни имомдан бевосита олган ровийлардан ҳисобланади.

Асарлари: Имом Кисоий қироат ва наҳв фанида бир қанча китоблар ёзган. Жумладан, «Маъоний ал-Қуръон», «Ал-Қироат», «Ан­Наводир ал­кабир», «Ан­Наводир ал­авсат», «Ан­Наводир ал­асғар», «Ан­Наҳв», «Ал­Адад», «Ал­Ҳижа», «Мақтуъ ал-Қуръон ва мавсулуҳу», «Ал-Масодир», «Ал-Ҳуруф», «Ал-Ҳаот», «Ашъор». Бу асарларнинг номлари манбаъларда учраса-да, улар бизгача етиб келмаган.

Санади: Кисоийнинг қироатдаги санади Ҳамза ибн Ҳабиб Зайёт, Ибн Абу Лайло ва Ийсо ибн Умар Ҳамадонийлар орқали Убай ибн Каъб, Алий, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумга етиб боради. Мазкур саҳобалар бу қироатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганлар.

Машҳур ровийлари: Лайс ибн Холид, Ҳафс ибн Умар.

 

Лайс ибн Холид

Исми ва нисбаси: Абул­Ҳорис Лайс ибн Холид ал­Бағдодий.

Таваллуд ва вафоти: Лайс ибн Холиднинг таваллуд санаси маълум эмас. У 240/854 йили Шаввол ойида вафот этган.

Маноқиблари: Лайс раҳматуллоҳи алайҳи ўта ишончли, мўътабар, ўткир ҳофизали, қироат илмида етук олим ва моҳир устоз эди. У бир қанча ҳадислар ривоят қилган. Жумладан, «Тарихи Бағдод» китобида унинг Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан: «Қуръон бойликдир, ундан кейин фақирлик йўқ ва ундан бошқа бойлик ҳам йўқ», деган ҳадисни ривоят қилгани келтирилади.

Устозлари:

Лайс ибн Холид раҳматуллоҳи алайҳи асосан имом Кисоийдан таълим олган бўлса­да, бошқа устозлардан ҳам илм таҳсил қилган. Жумладан, Сулаймон ибн Айюб, Ҳамза ибн Қосим ва Язидийлардан ҳам айрим қироат қоидаларини нақл қилган.

Шогирдлари:

Наҳвшунос Фарронинг энг катта шогирдларидан бири Салама ибн Осим, Муҳаммад ибн Яҳё (Кичик Кисоий), Фазл ибн Шозон, Аҳмад бин Туркмоний ва бошқалар унинг қироатини арз ва самоъ йўли билан ривоят қилган.

 

Ҳафс ад­Дурий

Исм ва нисбаси: Абу Умар Ҳафс ибн Умар ибн Абдулазиз ибн Саҳбон ибн Адий ибн Саҳбон ад-Дурий ал-Аздий Наҳвий ал-Бағдодий.

Таваллуд ва вафоти: Имом Дурий халифа Мансурнинг даврида, 150/767 санада Бағдоднинг Дур деган маҳалласида таваллуд топган ва 246/860 йили вафот этган.

Маноқиблари: Имом Дурий раҳимаҳуллоҳ ўз замонасида қироат имоми, етук устоз, чуқур илм эгаси, мўътабар, собит, ҳофизаси мустаҳкам, улуғ зот эди. У киши барча қироатларни ўзлаштирган биринчи инсон ҳисобланади. У Дажла бўйидаги Сомарро шаҳрида истиқомат қилган ва ўз даврининг етук уламолари билан яқиндан алоқада бўлган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал билан ҳам яқин дўст эди. Улар бир­бирларидан ҳадис ривоят қилардилар. Имом Абу Довуд: «Аҳмад ибн Ҳанбалнинг Абу Амр Дурийдан ҳадис ёзиб олаётганини кўрганман», деган.

Имом Дурий Кисоийнинг қироатидан ташқари, Абу Амр ибн Алонинг қироатини ҳам нақл қилган ва унинг қироатини тарқатган энг машҳур ровийларидан бири ҳисобланган. У киши бу қироатни Яҳё ибн Муборак Язидий орқали Абу Амрдан ривоят қилган.

Устозлари:

Имом Дурий жуда кўп устозлардан таълим олди. Жумладан, имом Нофеънинг шогирди Исмоил ибн Жаъфар, имом Ҳамзанинг шогирди Сулайм ва Муҳаммад ибн Саъдон, Ҳамза ибн Қосим, Яҳё ибн Муборак Язидий, Шужоъ ибн Наср Балхийлар унинг кўзга кўринган устозларидир. У Яқуб ибн Жаъфар орқали Абу Жаъфарнинг қироатини ўрганган. У асосан имом Кисоий қироатига таянган.

Шогирдлари:

Имом Дурийнинг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлиб, жумладан қуйидагиларни зикр қилиш мумкин: Аҳмад ибн Ҳарб, Аҳмаб ибн Фараҳ, машҳур муфассир Абу Жаъфар, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Моҳон, Аҳмад ибн Язид ал-Ҳулвоний, Нуҳ ибн Мансур ва бошқалар. Имом Дурийдан Ибн Можа, Абу Заръа, Ҳожиб ибн Аркин Фрғоний ва бошқалар ҳадис ривоят қилган.

Асарлари: Имом Дурий қироат соҳасида илк китоб тасниф қилган киши бўлди. Манбаларда унинг қуйидаги асарлари зикр қилинади: «Аҳкам ал-Қуръан вас-сунан», «Ма иттафақот алфазуҳу ва маъанийҳи мин ал-Қуръан», «Фазоил ал-Қуръан», «Ажзау ал-Қуръан».

 

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг