Тафсир

ИМОМ АБУ ЖАЪФАР

 

(000 – 130/747)

Исми ва нисбаси: Абу Жаъфар Язид ибн Қаъқоъ ал-Махзумий ал-Маданий ал-Қорий.  Қувватли фикрга кўра, насаблари араб бўлган.

Таваллуди ва вафоти: Имом Абу Жаъфар раҳматуллоҳи алайҳнинг туғилган саналари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Маълум нарса шуки, у киши 90 ёшдан ортиқроқ умр кўриб, ҳижрий 130/747 йилда вафот этган.

Маноқиблари: Абу Жаъфар раҳимаҳуллоҳ имом, фақиҳ, ҳадис ривоятида сиқа (ишончли), ўн қироат имомларининг буюкларидан ва асосийси, улуғ тобеинлардан бўлган. Имом Абу Жаъфар ҳали саҳобаи киромлар ҳаётлигидаёқ Мадинада имом, пешқадам устоз сифатида танилган эди. Қироати мутавотир эканида шак-шубҳа йўқ, чунки у киши Шайба ибн Нисоҳ ва Нофеъдан олдин Мадинанинг бирламчи Қуръон устози бўлган, ҳолбуки, ўша пайтда Мадинада саҳобалар ҳам бор эди. Аммо ёзма санадларга кўра, Абу Жаъфарнинг қироати бизга фақат Аҳмад ибн Зайд ал-Ҳулвоний ривояти билан етиб келган. Саҳиҳ ривоятда келишича, имом Абу Жаъфарни гўдаклигида Уммул-муъминин Умму Салама розияллоҳу анҳонинг олдиларига олиб боришган. У зот унинг бошини силаб, ҳаққига барака тилаб дуо қилганлар. Имом Абу Жаъфар кечанинг ярмида туриб тўрт ракъат намоз ўқир, ҳар ракъатида «Фотиҳа»дан сўнг узун сурани замм қилар, салом бергандан кейин ўзининг, барча мусулмонларнинг, ўзига ўқиб берганларнинг ҳамда ўзидан олдинги ва кейинги унинг қироатида ўқийдиган инсонларнинг ҳаққига дуо қилар эди. Имом Молик: «Қори Абу Жаъфар солиҳ инсонлардан эди. У Мадинада одамларга Қуръон ўқитар эди», деган. Ибн Абу Ҳотим айтади: «Отамдан Абу Жаъфар ҳақида сўраган эдим,  «У ростгўйдир» деди». Асмаъий шундай дейди: «Ибн Зиёд: «Мадинада суннат борасида Абу Жаъфардан билимдонроқ инсон бўлмаган. У ўз замонида Абдурраҳмон ибн Ҳурмуз ал-Аъраждан ҳам муқаддам қўйилар эди», деган». Ибн Жаммоз айтади: «У кун ора рўза тутар эди. Бу эса Довуд алайҳиссаломнинг рўзаларидир. Сафдошлари ундан бу ҳақда сўрашганида, у: «Мен буни нафсимни Аллоҳнинг ибодатига чиниқтириш учунгина қиламан», деб жавоб берар эди». Ибн Зайд ибн Аслам айтади: «Абу Жаъфар динида фақиҳ, дунёсида билимсиз эди. Бир киши унга: «Сизга берилган Қуръон муборак бўлсин!» деди. Шунда у: «Бу нарса у ҳалол қилганни ҳалол, ҳаром қилганини ҳаром деб билганингда, ундаги нарсаларга амал қилганингдагина бўлади», деди». Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Қори Абу Жаъфар шундай киши эдики, агар тунда намоз ўқиётганида бир соил келиб қолса, уни чақириб, ўзи яшириниб, кейин унга изорини ирғитиб берар эди». Сулаймон ибн Муслим ибн Жаммоз айтади: «Абу Жаъфарнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг «Изашшамсу куввирот»даги қироатини бизга ҳикоя қилиб ўқиб берганини эшитганман, худди марсиядек мунгли ўқиган эди».

Сулаймон ибн Муслим шундай ҳикоя қилади: «Абу Жаъфарга вафот соати келганида гувоҳ бўлганман. Абу Ҳозим ал-Аъраж улуғ сафдошлари билан келиб, унинг олдига йиқилиб, унга нидо қилишар, у эса жавоб бермас эди. Шунда унинг куёви, яъни қизининг эри Шайба: «Сизларга мўъжиза кўрсатайми?» деди.  Улар: «Ҳа», дейишди. Шайба унинг кўкрагини очди. Қарасак, сутдек оппоқ айлана турибди. Шунда Абу Ҳозим ва шериклари: «Аллоҳга қасамки, бу Қуръоннинг нуридир!» дейишди. Менга ўғлининг онаси (яъни Абу Жаъфарнинг аёли) «У вафот этгач, ўша оқлик икки кўзи орасида отнинг қашқасидек нарсага айланди», деди». Имом Нофеъ: «Абу Жаъфар вафот этиб, ғусл қилдирилаётганда унинг томоғи билан юраги оралиғида мусҳафнинг варағига ўхшаш нарсани кўришди. Ҳозир бўлганлардан бирор киши унинг Қуръон нури эканига шубҳа қилмади», дейди. Сулаймон ал-Умарий айтади: «Абу Жаъфарни тушимда Каъбанинг устида кўрдим. У шундай деди: «Биродарларимга салом айт ва уларга хабар бергинки, Аллоҳ мени ризқлантириладиган тирик шаҳидлардан қилди. Абу Ҳозимга ҳам салом айт. Унга: «Абу Жаъфар сенга: «Ҳушёр бўл! Ҳушёр бўл! Зеро Аллоҳ таоло ва У Зотнинг фаришталари атайлаб сенинг кечки мажлисларингни томоша қилишмоқда», деяпти», деб айт». Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исроил ал-Қассоъ шундай дейди: «Абу Жаъфар бир кишининг тушига чиройли суратда кирибди ва шундай дебди: «Асҳобларимга ва менинг қироатимда ўқийдиганларга Аллоҳ уларни мағфират қилгани, менинг улар ҳаққида қилган дуоларимни ижобат қилганининг хушхабарини бер ҳамда уларга бу тўрт ракъатни кечанинг ярмида қодир бўлганларича ўқиб юришларини буюр», дебди».

Имом Абу Жаъфар айтар эди: «Закот Қуръонда зикр қилган барча садақаларни насх қилган, Рамазон барча рўзаларни насх қилган, қурбонлик барча сўйишларни насх қилган».

Имом Абу Жаъфар имом Нофеъга ишора қилиб: «Мана буни қўряпсизларми? Болалик пайти менинг олдимга келиб, менга Қуръон ўқиб бериб юрар эди. Кейин бўлса, мени инкор қилишга ўтди», деб, кулиб қўяр эди». (Имом Нофеънинг: «Абу Жаъфарнинг қироатидан етмишта ҳарфни тарк қилдим», деган сўзидаги устозига қилган илмий хилофи назарда тутилмоқда.)

Устозлари: Абдуллоҳ ибн Айёш, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум. Шунингдек, бу зот Умар ибн Хаттоб, Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Абдуллоҳ ва Марвон ибн Ҳакам каби улуғ олимлардан ҳадис тинглаган.

Шогирдлари: Нофеъ ибн Абу Нуъайм, Ийсо ибн Вардон, Сулаймон ибн Муҳаммад ибн Муслим ибн Жаммоз, Абдурраҳмон Зайд ибн Аслам, Абу Амр ибн Ало, ўзининг икки ўғли Исмоил ҳамда Яъқуб, қизи Маймуна ва бошқалар. Имом Молик у кишидан ҳадис ривоят қилган. Абу Жаъфар қироатини Аҳмад ибн Язид ал-Ҳулвоний Қолундан, у Ийсо ибн Вардондан, у эса Абу Жаъфардан олган. Айни пайтда Ҳулвонийдан Фазл ибн Шозон ад-Дорий ва Жаъфар ибн Ҳайсам олган. Шунингдек, Ҳулвоний Қолун санади билан Зубайр ибн Муҳаммад Умарийга, Жаммоз санади билан Сулаймон ибн Довуд ал-Ҳошимийга ўқитган.

Санади: Имом Абу Жаъфар Қуръонни ўз мавлоси Абдуллоҳ ибн Айёш, Абдуллоҳ ибн Аббос ҳамда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумга ўқиб берган. Бу уччаловлари қироатни Убай ибн Каъбдан олишган. Шунингдек, Абу Ҳурайра ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳум Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга ҳам ўқиб беришган. Зайд ибн Собит ва Убай ибн Каъб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олишган.

Машҳур ровийлари: Ийсо ибн Вардон, Сулаймон ибн Жаммоз.

 

Ийсо Ибн Вардон

Исми ва нисбаси: Абул-Ҳорис Ийсо ибн Вардон ал-Маданий ал-Ҳаззо.

Таваллуди ва вафоти: Имом Ийсо ибн Вардонинг туғилган йили маълум эмас, вафоти 160/776-777 санада бўлган.

Маноқиблари: Ийсо ибн Вардон имом Нофеънинг илғор сафдошларидан эди.  Икковлари ҳам Абу Жаъфарнинг қўлида таҳсил олишган.

Устозлари: Имом Ийсо Қуръони Каримни Абу Жаъфар ал-Маданий, Шайба ибн Нисоҳга, сўнгра имом Нофеъга ўқиб берган.

 

Ибн Жаммоз

Исми ва нисбаси: Абу Рабиъ Сулаймон ибн Муҳаммад ибн Муслим ибн Жаммоз аз-Зуҳрий ал-Маданий.

Таваллуди ва вафоти: Имом Ибн Жаммознинг тавллуд топган санаси ҳақида маълумот йўқ. 170/786-787 йили вафот этган.

Маноқиблари: Имом Ибн Жаммоз етук, пухта қори бўлган. Имом Нофеънинг қироатини ўрганувчилар учун асосий устозлардан бўлган. Имом Абу Жаъфарнинг ҳамда имом Нофеънинг қироатларини ўргатган.

Устозлари: Имом Ибн Жаммоз Қуръонни имом Абу Жаъфар ал-Маданий ва имом Шайба ибн Нисоҳга, кейинроқ имом Нофеъга ўқиб берган.

Шогирдлари: Исмоил ибн Жаъфар, Қутайба ибн Меҳрон ва бошқалар.

Теглар

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг