РАСУЛУЛЛОҲ ДАВРЛАРИДА ҲАДИСЛАРНИНГ ЁЗИЛИШИ ВА БУНГА САБАБ БЎЛГАН ОМИЛЛАР
Ҳадисшунослик тадқиқоти бўйича олиб борилган изланишлар, уларнинг моҳияти эътиборга олиниб ҳадис тарихини ўрганиш даври тўрт қисмга ажратилади. Илк давр “Тасбит” даври бўлиб, бу даврда ҳадисларнинг сиҳҳатлилик даражаси ўрганилади. Бу даврга саҳобаларнинг Расулуллоҳ ҳадисларини қабул қилиш ҳолатлари, уларни ёйишда ташвиқотлари каби фаолиятлар киради. Бу даврнинг энг асосий фаолияти – ҳадисларни ёзма ёки хотира орқали сақлашдир.
Иккинчи давр – ҳадисларнинг (худди Қуръони карим каби) жамланиб китоб ҳолига келтирилишини ва бу фаолиятнинг расмий олиб борилишини ўз ичига олади. Бу даврда ҳадисларнинг сиҳҳати (саҳиҳ, ҳасан, заиф ва бошқа.) даражалари ўрганилмайди. Ҳадис истилоҳида бу даврга “Тадвин” даври дейилади.
Учинчи давр ҳадисларни синфларга ажратиш даври бўлиб, иккинчи даврда сиҳҳатига эътибор берилмай жамланган ҳадисларни маълум мақсадда ажратиш, ўз ўрнига, тартибига қўйиш даври бўлиб, ҳадис истилоҳида “Тасниф” дейилади.
Тўртинчи давр эса, ҳадисларни ислоҳ қилиш, мавзулар ва бобларга доир тартиблаш даври. Бу давр ҳижрий IV асрдан бошлаб бугунги кунгача бўлган вақтни ўз ичига олади. Истилоҳда бу даврга “Табвиб” даври дейилади.
Мазкур илмий ишда ҳижрий биринчи аср ва иккинчи асрнинг бошида жараён этган ҳадисларнинг расмий ёзилиб жамланиши даври ёритилади.
Суннатнинг илк ёзилиши даври Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар даврини ўз ичига олган ҳижрий I-аср билан чегараланади. Забт ва тасбит – “Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисни ғоят маҳкам ушлаб, аниқлаштириши” деган маънони билдиради.
Ҳозирги даврда аудио-видеотасмалар каби бир қанча бой ва ишончли воситалар мавжуд. Аммо у даврда ёзув ва хотирадан бошқа забт ва тасбит имконияти йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тадбирлари ва саҳобаларнинг ғайратлари натижасида бу икки усул энг мукаммал даражада олиб борилди.
Ҳадисларнинг илк ёзилиш даври бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида саҳобаларнинг баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жорий бўлган суннатни ёзиб ёки ёдда сақлаб борганлар.
Баъзи ривоятлар Расулуллоҳнинг ҳадисларни ёзишни манъ қилганларини келтирса, баъзиси аксинча манъ қилмаганларини, ташвиқ қилганларини баён қилган. Ибн Ҳажар айтардики: “Уламолар шундай дейдилар: Саҳоба ва тобеъинлардан бир жамоат ҳадисларни ёзишни кариҳ кўрдилар (ёқтирмадилар). Улар ўзлари аввалгилардан қандай ёд олиш йўли билан ҳадис нақл қилган бўлсалар, ўзларидан кейингилар ҳам шу йўлни тутишини маъқул кўрардилар. Аммо суннат ва ҳадисга бўлган аҳамият камайиб кетаяётгани ва уламолар илмнинг йўқолишидан қўрққанларидан уни ёздилар…”.
Шу билан бирга баъзи саҳобаларнинг ҳадисларни ёзиб борганларини ва буларини Расулуллоҳга кўрсатганларига доир маълумотлар ҳам мавжуд.
Ҳадисларнинг ёзилишини манъ қилган ривоятлар
Ҳадисларнинг ёзилиши ёки ёзилмаслиги борасидаги тортишув ва баҳс саҳоба ва тобеъинлар даврида ҳам бўлган. Баъзилар ёзилиши тарафдори бўлсалар, баъзилар бунга қарши чиққанлар. Ҳар бир тараф ўзининг сўзларини Расулуллоҳдан ривоят қилинган ҳадислар билан исботлайди.
Ҳадислар ёзилишининг ман қилинишига бир неча сабаблар бўлган.
Биринчидан, бу даврда Қуръони карим нозил бўлиб турган эди. Саҳиҳи Муслимда ҳам зикр қилинганидек ҳадисларнинг Қуръон оятлари билан аралашиб кетишининг олдини олиш учун илк давр шуни талаб қилган;
Иккинчидан, Қуръондан бошқа илм билан машғул бўлиб қолмаслик учун қайтарилган;
Учинчидан, уларнинг хотиралари кучли, зеҳнлари ўткир эди. Эшитган нарсаларини дарров ёдлаб олар эдилар. Ёзишга деярли эҳтиёж сезмаганлар;
Тўртинчидан, илк даврда ҳали ёзишни биладиган мусулмонлар оз сонли бўлса-да, эҳтиёжни қондирадиган даражада эмас эди.
Ибн Касир ҳам бу масалага эътибор қаратиб, юқорида санаб ўтилган хусусларнинг биринчи, учинчи ва тўртинчиларини асосий сабаб деб қайд этган.
Ҳадис ёзишни маъқул кўрмаган саҳобалар 6 та:
1. Абу Саид ал-Худрий;
2. Абдуллоҳ ибн Масъуд;
3. Абу Мусо ал-Ашъарий;
4. Абу Ҳурайра;
5. Абдуллоҳ ибн Аббос;
6. Абдуллоҳ ибн Амр.
Хатиб ал-Бағдодий ҳадис ёзишни маъқул кўрмаган тобеъинларнинг 12 тасини зикр қилади:
1. Абу Идрис;
2. Абул Олийа;
3. Иброҳим ан-Нахаъий;
4. Ал-Аъмаш;
5. Аз-Заҳҳок;
6. Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ;
7. Убайдуллоҳ ибн Салмоний;
8. Амр ибн Динор;
9. Қосим ибн Муҳаммад;
10. Муҳаммад ибн Сирийн;
11. Ал-Муғийра;
12. Мансур.
Абу Саид ал-Худрий, Абу Ҳурайра ва Зайд ибн Собитнинг ҳадисларни ёзишни хуш кўрмаганлари машҳур. Абу Саид ал-Худрийнинг бу борадаги ривояти икки йўл билан ва икки хил лафз билан келтирилган. Биринчиси:
عَنْ طَرِيقِ “هَمَّامَ، عَنْ زَيْدِ بْنِ أَسْلَمَ، عَنْ عَطاَءِ بْنِ يَسَارٍ، عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: “لاَ تَكْتُبُوا عَنِّى شَيْئاً غَيْرَ الْقُرْآنِ، وَمَنْ كَتَبَ عَنِّى شَيْئاً غَيْرَ الْقُرْآنِ فَلْيَمْحُهُ، وَحَدِّثُوا عَنِّى وَلاَ حَرَجَ، وَمَنْ كَذَِبَ عَليَّ – قَالَ هُمَامُ: أَحْسِبُهُ قَالَ- مُتَعَمِّداً فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ”
Ҳумом Зайд ибн Асламдан, у Ато ибн Ясордан, У Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзманглар. Кимки мендан Қуръондан бошқа нарсани ёзган бўлса ўчириб ташласин. Мендан ривоят қилинглар, бунда гуноҳ йўқ. Кимки мендан (Ҳумом айтадики: “қасддан” дедилар деб ўйлайман) ёлғон сўзласа, дўзахдан ўрнини тайёрлабди”. Иккинчиси:
عَنْ طَرِيقِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ زَيْدٍ بْنِ أَسْلَمَ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ عَطَاءِ بْنِ يَسَارٍ، عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: اسْتَأْذَنَّا النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِى الْكِتَابِ فَأَبَى أَنْ يَأْذَنَ لَنَا.
Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам отасидан, у Ато ибн Ясордан у Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилади. Абу Саид ал-Худрий айтди: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёзиш учун рухсат сўрадик. У зот бизга ёзиш учун рухсат бермадилар”. Мазкур икки ривоятнинг иккинчиси ҳадис уламолари наздида рад қилинган. Абдурраҳмоннинг ривоятини Имом Бухорий, Насоий, Шофеъий ва бошқалар заиф деганлар.
Абу Саид ал-Худрий яна шундай дейди: “Биз Қуръон ва гувоҳликлардан бошқа нарсани ёзмас эдик”. Бу сўзни Зайд ибн Собит ҳам айтган.
Ҳадисларнинг ёзилишига рухсат берган ривоятлар
Ҳадисларнинг ёзилишига рухсат берган ривоятлар кўп. Бу ҳадислар ёзишни манъ қилган ривоятларни насх қилган. Буларга мисол тариқасида Абдуллоҳ ибн Амрнинг ёзиб жамлагани ва кейинги авлодга етиб борган ҳадисларни келтириш мумкин. Абдуллоҳ ибн Амр шундай дейди:
Мен Расулуллоҳдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаб олиш учун ёзиб борардим. Қурайшликлар мени бу ишдан қайтарганда Расулуллоҳга ҳолатни баён қилдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: “أُكْتُبْ فَوَالَّذِي نَفْسِى بِيَدِهِ مَا خَرَجَ مِنْهُ إِلاَّ حَقٌّ” – “Ёз, нафсим Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, бу оғиздан ҳақдан бошқа нарса чиқмайди”, дедилар.
Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳадисларни ёзиб борганини Абу Ҳурайранинг ривояти исботлайди ва бу ривоят Имом Бухорийнинг саҳиҳларида келтирилган. Абу Ҳурайра шундай дейди:
“Абдуллоҳ ибн Амрдан бошқа Расулуллоҳнинг ҳадисларини мендан яхши билувчи йўқ. Зеро, у ёзиб борарди, мен эса ёзмасдим”.
Бу борадаги ҳадислар фақатгина шулардан иборат эмас. Хотирасидан шикоят қилганларга Расулуллоҳ: “Ўнг қўлингдан ёрдам сўра” , “Илмни ёзиш билан қайд қилинглар” каби тавсиялари, баъзи хутбаларининг ёзма шаклини сўраганларга берганлари, қарийб турли қабилаларга ёзган 300га яқин мактуб (васиқалари) ҳам шулар жумласидан.