ЖОЙНАМОЗ ТАНЛАШДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК?

396-CАВОЛ: Жойнамоз танлашда нималарга эътибор бериш керак?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Исломнинг аркони бўлмиш намозда “хушу хузуъ” катта аҳамиятга эгадир. Жуда кўпчиликда учрайдиган ҳолатлардан бири намоз пайти хаёлнинг паришон бўлишидир. Бунинг натижасида ҳатто баъзилар намозни бузиб ҳам қўяди. Хаёлимизнинг сочилишига турли ташқи ва ички омиллар сабаб бўлади. Шулардан бири турли рангли ва нақшли жойнамозлардир. Бундай иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳам содир бўлган:
أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- صَلَّى فِى خَمِيصَةٍ لَهَا أَعْلاَمٌ فَقَالَ :« شَغَلَتْنِى أَعْلاَمُ هَذِهِ الْخَمِيصَةِ ، اذْهَبُوا بِهَا إِلَى أَبِى جَهْمٍ وَأْتُونِى بِأَنْبِجَانِيَّتِهِ » (رَوَاهُ الامام الْبُخَارِىُّ وَمُسْلِمٌ عَن عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا)
яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилари бор хомийсада намоз ўқидилар ва: “Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижониятини олиб келинглар”, дедилар.
“Хомийса” рангли ва белгиси бор ёпинчиққа ўхшаш кийим. “Абу Жаҳм” машҳур саҳобийлардан бўлиб, Омир ибн Ҳузайфа ал Қурашийдир. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга “хомийса”ни ҳадя қилган эди. (Ҳадис ва ҳаёт 5-жуз).
Намоз мўминнинг меърожидир. Киши намозда турганда ўзини оламлар Раббисининг ҳузурида турганини ҳис қилсагина намозни мукаммал адо қилган бўлади. Бунда бевосита жойнамознинг ҳам таъсири бор бўлиб, у агар оддий бир хил рангда бўлса, намозда чалғимаслигимизга хаёлимиз сочилмаслигига сабаб бўлади. Шундай экан имкон қадар жойнамоз танлашда ранги бир хил турли нақшлардан ҳоли бўлганини танлаганимиз маъқул. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.