ТДТ Фатво ҳайъати Рамазон ойи 19 феврал куни бошланишини белгилади

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг Фатво ҳайъати Самарқандда бўлиб ўтган йиғилишида 2026 йил Рамазон ойи бошланиши ва Рамазон ҳайити кунларини белгилади.
Ҳайъат 2026 йилда Рамазон ойининг биринчи куни 19 феврал, пайшанба кунига, Рамазон ҳайити эса 20 март, жума кунига тўғри келишини аниқлади.
Қайд қилинишича, Рамазон ойининг биринчи куни ва Рамазон ҳайити ҳақида қабул қилинган ушбу қўшма қарор туркий давлатларнинг ўз мусулмон жамоалари бирлигини мустаҳкамлаш ва диний амалиётларни замонавий илмий кашфиётлар билан уйғунликда сақлашга содиқлигини яна бир бор намойиш этади.
2026 йил 2-4 феврал кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари Мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъатининг маслаҳат йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарлигида ташкил этилиб, ташкилотга аъзо мамлакатлар диний идоралари вакиллари ва ислом уламолари иштирокида ўтказилди.
Ушбу Фатво ҳайъатига ТДТ аъзо мамлакатлар ва расмий мусулмон диний идоралари фаолият юритаётган кузатувчи давлатлар муфтиятлари вакиллари киради. Хусусан, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар: Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва ТДТ кузатувчи давлатлари Туркманистон ва Венгрия.
kun.uz