Янгиликлар

“ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ КУБОГИ” МУСОБАҚАЛАРИГА ҚУРЪА ТАШЛАНДИ

Жорий йилнинг 9-10 февраль кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан диний соҳа ходимлари ўртасида спортнинг волейбол ва шахмат турлари бўйича “Ўзбекистон мусулмонлари идораси кубоги” мусобақаларининг республика босқичи ўтказилади.

Шу муносабат билан бугун, 8 февраль куни пойтахтимиздаги “Le Grande Plaza Hotel (Tata)” меҳмонхонасида мусобақаларнинг қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари вакиллари, ҳакамлар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар бош имом-хатиблари, турнир иштирокчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов, Обиджон Қодиров, Ўзбекистон волейбол федерацияси бош котиби Фарҳод Алимов ҳамда Ўзбекистон шахмат федерацияси масъул ходими Бахтиёр Жумаев сўзга чиқишди.

Нотиқлар мамлакатимизда кейинги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунинг соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда аҳамияти катта эканини таъкидладилар. Шунингдек, диний соҳа ходимлари спортда ҳам фаол экани эътироф этилди.

Қуръа натижаларига кўра, жамоалар қуйидаги тартибда ўзаро беллашадиган бўлди:

1-ўйин: Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёти жамоаси.
2-ўйин: Самарқанд ва Тошкент вилоятлари жамоалари.
3-ўйин: Андижон ва Қашқадарё вилоятлари жамоалари.
4-ўйин: Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳар жамоалари.
5-ўйин: Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилояти жамоалари.
6-ўйин: Хоразм ва Наманган вилоятлари жамоалари.
7-ўйин: Бухоро ва Жиззах вилоятлари жамоалари.
8-ўйин: Навоий ва Сурхондарё вилояти жамоалари.

Ақлни чархловчи спорт – шахмат бўйича ҳам баҳслар юқоридаги тартиб асосида бўлиб ўтади.

Маълумот ўрнида, беллашувлар Ўзбекистон волейбол ва шахмат федерациялари тартиб-қоидалари асосида ўтказилади. Волейбол бўйича ҳар бир жамоа таркиби 6 нафар асосий, 1 нафар захирадаги ўйинчи ҳамда 1 нафар мураббийдан ташкил топади. Шахматда эса жами 16 нафар иштирокчи ўзаро беллашади. Мусобақа ним чорак финал, чорак финал, ярим финал ва финал босқичларида ўтказилади.

Аллоҳ таоло мазкур мусобақаларни хайрли ва манфаатли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг