
САВОЛ: Ҳозирги кунда сунъий кўл ва зовурларга балиқ ташлаб, одамларни пул эвазига балиқ овлашга киргизиш айрим жойларда анча оммалашди. Айрим ташкилотчилар кўп балиқ тутган одамга умра зиёрати, автомашина каби мукофотлар ҳам жорий қилишмоқда. Фатво марказининг бунга рухсати бор деб эшитдим. Ростдан ҳам шундай ов қилиш жоизми?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Фатво маркази томонидан чиқарилган фатвода кўлга дам олишга келганларга қармоқ бериб, маълум қиймат эвазига муайян бир вақтда балиқ овлаб ҳордиқ чиқариб кетишлари назарда тутилган эди. Бунинг учун кўл эгаси келган дам олувчилар ўтиришлари учун сўри, овқат пиширишлари учун қозон-товоқ ва бошқа шароитларни муҳайё қилиб қўйиши керак бўлади. Шунингдек, бу ишда ҳар икки томон бир-бирларини алдамасликлари ва балиқ тута олиши ёки олмаслиги муҳим бўлмайди.
Агар ушбу овлашда мижозлардан олинадиган маблағлар тутиладиган балиқ эвазига бўлса, бу иш ножоиз бўлади. Бу учун мукофот ташкил этган бўлса, қимор ҳисобланади ва умра каби улуғ ибодатни аралаштириш эса, гуноҳ устига гуноҳ ҳисобланади. Чунки мукофот қўйилмайдиган кунларда бир соати масалан, 50 минг сўм бўлса, мукофот қўйиладиган кунлари бундан баландроқ, масалан, 90 ёки 100 минг бўлади. Агар кимдир нархни бир хил қилиш учун мукофот қўйилган ва қўйилмаган кунларни одатдагидан баланд қўйса, бу ҳам қимор бўлиб қолаверади. Ёки нархни одатдагидек қўйса ва мижознинг мақсади балиқ тутиш ёки дам олиш эмас, ўша мукофотни қўлга киритиш бўлса, қимор бўлиш шубҳаси бўлади. Мижозлар ана шу мукофот менга чиқиб қолар деган умид билан айтилган пулни бераверади. Бу ҳам тўғри эмас. Чунки сотувчи маҳсулот сотиб олган харидорга мукофот беришлик учун одатий нархдан оширмаслиги шарт эканлигини фуқаҳолар таъкидлаб ўтганлар. Шунингдек, одатий нарх қўйганда харидорнинг мақсади мукофотни қўлга киритиш эмас, балки маҳсулот бўлиши лозим. Чунки мақсади мукофот бўлса, қимор бўлиб қолиш эҳтимоли сақланиб қолади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.