
❓1965-САВОЛ: Мен бир ҳадис ўқиб қолдим. Унда отага имомлик қилиб бўлмайди, дейилган. Отага имомлик қилиб бўлмайдими?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳадис эмас, балки тобеинларнинг улуғ олимларидан бўлган Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳга мансуб гапдир. У зот ўз сўзларини отага эҳтиром кўрсатиш, унинг олдида одоб билан туришга тарғиб маъносида айтганлар. Фиқҳий қоидаларга кўра ҳар бир масжидда унга тайинланган доимий имоми энг ҳақли бўлади. Ҳатто отаси ёки ундан кўра фақиҳ ёки тақводорроқ одам турганда ҳам у имомликка ўтишга ҳақли бўлаверади.
Шунингдек, намоз қоидалари ва қироатни намозни адо этадиган даражада биладиган инсон ўз уйида имомликка ўтишда бошқалардан кўра ҳақли ҳисобланади. Бу ҳолатда ота ва бошқалар тенг бўлади. Фақатгина султон ёки унинг ноиби уй эгаси ва масжид имомидан кўра ҳақли саналади. Инсон ёки доимий имом ўзи ҳақли бўлса-да, ўша ерда ундан афзалроқ одам бўлса, унга имомликка ўтишни таклиф қилиши мустаҳаб саналади.
Демак, фарзанд ўз уйида ёки ўзи имом бўлган масжидда имомликка ўтиши отадан кўра ҳақли бўлса-да, унга таклиф қилиш ёки унинг рухсати билан ўзи ўтиши афзал ва одоб ҳисобланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.