ТУРКИЙ ДАВЛАТЛАР МУФТИЙЛАРИ БИШКЕК ШАҲРИДА ЙИҒИЛАДИ

Жорий йилнинг 10-13 сентябрь кунлари Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг VI йиғилиши Бишкек шаҳрида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Озарбайжон мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбой ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Абдулазиз қори Зокиров қатнашади.
Анжуман доирасида Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши ҳузуридаги Фатволар кенгаши ҳайъатининг мажлиси, «Имом Сирожиддин Ўший ва унинг исломий илмларга қўшган ҳиссаси» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция, икки томонлама музокаралар, муборак қадамжоларга зиёратлар режалаштирилган.
Ушбу халқаро тадбирларда уммат бирлигини таъминлаш, туркий дунё диний идоралари ва мусулмонлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш ва Ислом дини софлигини асраш каби муҳим масалалар муҳокама қилинади.
Маълумот ўрнида, Туркий давлатлар ташкилоти таркибига Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон киради. Венгрия ва Туркманистон унинг фаолияти кузатувчиси ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати