
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Жонлиқ сўйишда бундай йўл тутиш жоизмас. Балки, жонлиқларни ҳар бирини сўйиш пайтида алоҳида “Бисмиллаҳ” айтиши лозим. Бу ҳақида Фиқҳий манбаларимизда қуйидагича масала зикр қилинган:
وَلَوْ أَضْجَعَ إحْدَى الشَّاتَيْنِ عَلَى الْأُخْرَى تَكْفِي تَسْمِيَةٌ وَاحِدَةٌ إذَا ذَبَحَهُمَا بِإِمْرَارٍ وَاحِدٍ ، وَلَوْ جَمَعَ الْعَصَافِيرَ فِي يَدِهِ فَذَبَحَ وَسَمَّى ، وَذَبَحَ آخَرَ عَلَى أَثَرِهِ وَلَمْ يُسَمِّ لَمْ يَحِلَّ الثَّانِي ، وَلَوْ أَمَرَّ السِّكِّينَ عَلَى الْكُلِّ جَازَ بِتَسْمِيَةٍ وَاحِدَةٍ
яъни: “Агар иккита қўйни устма-уст ётқизиб, пичоқни бир тортишда иккаласини ҳам сўядиган бўлса, битта “Бисмиллаҳ” кифоя қилади. Биров бир нечта чумчуқларни қўлида тутиб сўйса, сўйишда “Бисмиллаҳ”ни айтиб бирини сўйса ва унинг ортидан иккинчисини “Бисмиллаҳ”ни айтмасдан сўйса, иккинчиси ҳалол бўлмайди. Агар “Бисмиллаҳ”ни айтганидан кейин пичоқни ҳаммасининг бўйнига биттада тортса, ҳаммаси ҳалол бўлади” (“Фатавои Ҳиндия” китоби).
Замонамиздаги машҳур уламоларидан Аллома Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айни шу масалада узоқ изланишлар олиб борганлар. У зотнинг изланишлари хулосаси қуйидагича: “Битта “Бисмиллаҳ” билан бир нечта ҳайвонларни сўйиш жоиз эмас. Шунингдек, жонлиқ сўйиш учун мўлжалланган техник жиҳозни “Бисмиллаҳ”ни айтиб ҳаракатга келтирган киши ҳар бир товуққа алоҳида “Бисмиллаҳ”ни айтган бўлмайди. Чунки унинг айтган “Бисмиллаҳ”и ва минглаб товуқлар сўйилиши ўртасида камида соатлаб вақт ўтиб кетади. Демак, ушбу айтилган “Бисмиллаҳ” барча сўйилган товуқларнинг ҳалол бўлишига кифоя қилмайди. (“Буҳус фи қазоя фиқҳия муъосира” китоби).
Демак, ҳар бир жонлиқ сўйилаётганда алоҳида “бисмиллаҳ” айтиш керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати