Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Қабрда бўладиган савол-жавоблар бизга нисбатан ғайб бўлиб, савол-жавоблар муайян тилда бўлиши ҳақида бирор оят ва ҳадисда очиқ айтилмаган. Шунинг учун бу борада баҳс-мунозаралардан тилни тийишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Бу билан машғул бўлиш кишининг дини ва дунёси учун ҳеч қандай фойда келтирмайди. Албатта, ҳар бир қавмга ўзининг тилидан пайғамбар юборган Ҳаким зот бўлмиш – Аллоҳ таоло қабрда ҳам бандани ноқулай ҳолга солиб қўймайди.
Биз билишимиз лозим бўлаган нарса – қабрда киши айрим саволлар билан имтиҳон қилиниши ва саволлар берилиши ҳақ ва ростдир. Зеро, бу борада кўплаб ҳадислар нақл қилинган. Жумладан, Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон маййитнинг дафнидан фориғ бўлсалар қабр устига келиб:
استغفروا لأخيكم ، و سَلوا له التثبيتَ ، فإنَّه الآنَ يُسألُ
“Биродарингиз учун истиғфор айтинг. Унга сабот сўранг. Чунки ҳозир у сўралади”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Баззор ривоят қилишган).
Аммо ушбу савол-жавоб айнан қайси тилда бўлиши маълум эмас. Шуниси аниқки, у ердаги саволлар банда тушунадиган ва англайдиган ҳолатда бўлади. Шунинг учун ҳам Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ:
وَيُحْتَمَلُ مَعَ ذَلِكَ أَنْ يَكُونَ خِطَابُ كُلِّ أَحَدٍ بِلِسَانِهِ
“Ҳар кимга ўзининг тилида хитоб қилиниши эҳтимоли бор” деганлар (“Ал-Имтаъ бил-арбаин ал-мутабайинатис-самоъ” китоби).
Тавфиқ Аллоҳдан.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.