Пиёда юриш — энг осон ва қулай машғулот бўлиб, барча ёшдаги инсонлар учун тавсия этилади. У нафақат жисмоний саломатликка, балки руҳий ҳолатга ҳам ижобий таъсир этади.
Хўш, унинг яна қандай фойдали жиҳатлари бор? Пиёда юришнинг афзалликлари ҳақида нималарни билиш керак?
Гап шундаки, инсон ўзини ҳар томонлама соғлом ҳис қилиши ва ташқи кўринишининг кўркам бўлишида пиёда юришнинг аҳамияти катта. Сабаби яёв юрилганда гавданинг барча мускуллари ҳаракатга келади. Қолаверса, бу машғулот ички органлар фаолиятига ҳам ижобий таъсир этади.
Натижада организмда моддалар алмашинуви яхшиланиб, юрак томирлари, шунингдек нафас ва асаб тизими мустаҳкамланади. Эрталаб ишга кетадиган пайт пиёда юриш ҳам жуда фойдали. Бу вақтда инсон кечаси ухлаб, дам олгани сабабидан тўхтамай 30-40 дақиқа бемалол яёв кеза олади.
Ишхонадан чарчаб чиққанингиздан кейин ҳам имкон бўлса, автобус ёки автомашинага чиқишга шошилманг. Йўлнинг бир қисмини пиёда босинг. Чунки фаол ҳаракат қилиш одамни тинчлантиради, кишининг чарчоғини олади.
Шунингдек:
Бир кунда 4 маротаба 10 дақиқадан пиёда юришни одат қилсангиз, қон босимингиз меъёрда бўлади.
Тез-тез қадамлар билан кунига 120 одим ташласангиз, 15 дақиқада 100 ккал.дан халос бўласиз. Мана, сизга озишнинг арзон ва қулай усули!
Асабий иш кунининг “юк”ларидан халос бўлмоқчимисиз? Унда ҳар куни 20 дақиқа пиёда юринг. Натижа сизни албатта хурсанд қилади.
Чекишни ташлашни истаганлар ҳам хумор тутганда 20 дақиқа пиёда юрсалар, бу хоҳиш айни шу дақиқаларда ўз-ўзидан йўқолади.
Пиёда юриш ўт пуфаги ҳамда ичакларнинг тўлқинли ҳаракатлари ошиши туфайли ўт қопида тош пайдо бўлиши ва қабзиятнинг олдини олади.
Ўтказилган тадқиқотларга кўра, доимий пиёда юрган инсонлар шамоллашни тезроқ енгиб ўтади. Чунки у иммунитетни мустаҳкамлайди. Шу боис айни кунларда пиёда сайр қилишга одатланинг!
Таҳлилларга қараганда, ҳар куни 1 соат давомида пиёда сайр қилган кишилар юрак хасталикларига камроқ дучор бўлади. У юрак-қон томирлар тизими – вегитатив асаб тизимининг ҳолатига таъсири орқали қон босимини камайтиради, юрак фаолиятини яхшилайди.
Бир сўз билан айтганда пиёда сайр қилишни одатга айлантириш вужудимиздаги кўплаб муаммоларга ечим бўлади.