Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг…» (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Оятдаги “арқон”сўзини Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо ва бошқа муфассирлар “дин”, “шариат”, “Қуръон”, “суннат йўли ва ҳидоят”, “жамоат”, “умматнинг ижмоси ва далиллари”, деб тафсир қилишган.
Албатта, ушбу “арқон”нинг Қуръон экани ҳадиси шарифларда ҳам келган. Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У (Қуръон) Аллоҳнинг метин арқонидир”, деганлар.
Имом Табарийнинг ривоятида: “Аллоҳнинг Китоби осмондан Ергача чўзилган Аллоҳнинг арқонидир”, дейилган.
Бошқа ривоятларда: “Албатта, ушбу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони бўлиб, унинг бир тарафи Аллоҳнинг, бир тарафи сизларнинг қўлингизда. Агар уни маҳкам тутсаларингиз, ҳаргиз адашмайсизлар ва ҳалок бўлмайсизлар”, дейилган.
Имом Табарий “арқон”нинг маъноси ҳақида бундай деган: «У исталган нарса ва эҳтиёжни қондиришга олиб борадиган сабабдир. Шунинг учун омонлик ҳам “ҳабл” (арқон) деб аталди. Чунки у хавфни кетказувчи, хавотиру қўрқувлардан нажот берувчи сабабдир. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзида акс этган: “Аллоҳ ва (мусулмон) одамлар ҳимоясига олинмаган тақдирда, (улар) қаерда бўлишларидан қатъи назар, хорликка маҳкумдирлар” (Оли Имрон сураси, 112-оят)…
Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «“Ҳабл” (арқон) боғланиш сабабидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига эътибор беринг: “Албатта, ушбу Қуръон Аллоҳнинг метин арқони бўлиб, бир тарафи Аллоҳнинг, бошқа тарафи сизларнинг қўлингизда, бас, уни маҳкам тутингиз”. Аҳд – икки кишини орасида ваъдадек қўйилган сабаб юзасидандир. Фақат унинг ваъдадан фарқи шуки, ваъда ўз мазмунида катта нарсаларни лозим қиладиган масъулиятдан гапирмайди, аҳднинг ичида эса буйруқ, қайтариқ ва бандалик баёнидан иборат Аллоҳ таолонинг тавсиялари бор».
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳабл бу – аҳд. У Зот Қуръонда келган аҳдларни тутиш, унга вафо қилиш ва уларни сақлашга буюриб, ўтган умматлар каби ихтилофга бориб, фирқаларга бўлиниб кетишдан қайтармоқда”.
Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзи ҳукамолар: “Албатта, дунёда яшаётган одамнинг мисоли, худди қудуққа тушиб кетган киши кабидир. Агар ундан чиқмаса, ўша ерда ҳалок бўлади. Дунё ҳам меҳнату машаққат майдони, унда ҳам ҳалок қилувчи турли офатлар бор. Қудуқдан чиқиш учун бир арқон керак бўлганидек, дунёда нажот топиш учун ҳам бир арқон лозим. Ўша арқон – Аллоҳ таолонинг Китоби”, дейишган».
Жўрабек ЧЎТМАТОВ,
Имом Термизий халқаро
илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
MUSLIM.UZ