АЁЛЛАР, ҲУШЁР БЎЛИНГ!
1. Эрининг кийим-кечаги борасида аёллар зийрак бўлишсин. Эридан, унинг кийимларидан ёки оғзидан нохуш ҳидлар сезса, эрини бундан бохабар қилсин. Эри шу ҳолатда кўчага чиқиб кетишига бепарво бўлмасин. Чунки бунда нафақат эр айбланади, балки эрига эътиборсиз бўлган аёл ҳам айбланади. Эрнинг кийимида аёлининг ахлоқи ва фаросати кўринади.
2. Эрлар ҳам бу борада лоқайд бўлишмасин. Баъзан эрининг лоқайдлиги сабабли ахлоқи гўзал, фаросатли ҳамда эрининг усти-бошига бефарқ бўлмаган аёллар ҳам ёмонотлиқ бўлиб қолишади. Яъни аёли қанчалар ҳаракат қилса ҳам эрининг лоқайдлиги унинг ҳаракатини чиппакка чиқариб қўяди. Демак, эр ўзига эътиборли бўлиши билан ўзининг ҳам, аёлининг ҳам обрўсини сақлаган бўлади. Эрнинг ўзи ҳам аёлига мана шу нарсаларга эътиборли бўлишини таъкидлаб қўйсин.
Ҳар бир инсон покиза бўлиб юриши керак. Ундан оиласида бўлсин, жамоат жойида бўлсин, бирор кимса озор чекиши мумкин эмас. Айниқса, жамоат жойларида юрар экан, ундан нохуш ҳидлар таралиб, атрофидаги кишилар озор чекиб қолишидан сақланиши лозим.
Динимиз мисвокка тарғиб қилганининг ҳикматларидан бири ҳам шудир. Бундан ташқари, атир ишлатишда ҳам айрим ўткир ҳидли атирлар сабабли атрофдаги кишиларга озор етказиб қўйиш мумкин.
Аввало ҳар доим, айниқса ёз кунлари ушбу нарсаларга бошқа кунлардан кўра кўпроқ эътиборли бўлган яхши.
Қудратуллоҳ домла Сиддиқметов