Аёллар саҳифасиМақолаларФиқҳ

АЁЛНИНГ ОДАТИ ЎЗГАРСА ВА ЎН КУНДАН КЕЙИН ҚОН КЎРСА…

#Фиқҳ

CАВОЛ: Бир аёлнинг ҳайздаги одати 9 кун экан. Бу сафар 6 кунда тўхтаган. Ювиниб намоз ўқийверибди. 5 кундан кейин яна келишни бошлабди. Шу аёлнинг ҳукми қандай бўлади?

ЖАВОБ: Аёл кишининг одати аввалгисидан камайса ё кўпайса, унинг одати ўзгарган бўлади. Одати аввалгисидан камайса, покланганда ювиниб ибодатларини бошлайди. Лекин аввалги одати кунларига етмагунча эри билан яқинлик қилмай туради. Масалан, 9 кунлик одати бор аёл 6 кунда покланса, унинг одати 6 кунга ўзгарган бўлади ва шу кундан бошлаб ювиниб, ибодатини бошлайди, лекин 9 кунгача эри билан яқинлик қилмай туради.
Одати бор аёл ҳайздан поклангач яна қон кўрса ва у ўн кунгача тўхтаса, унинг одати ўзгарган бўлади. Лекин ўн кундан ошиб кетса, одатидан ортиғи истиҳоза қони ҳисобланади. Чунки ҳайзнинг ками 3 кун, кўпи 10 кун. Масалан, 6 кунлик одати бор аёл 8-9-кунлари қон кўриб 10 куни тўхтаса, унинг одати 10 кунга ўзгарган бўлади. Лекин худди шу аёл 8-9-10-11-12-кунгача қон кўрса, 6 кундан кейинги кунлари истиҳоза (касаллик) қони ҳисобланиб. у ибодат қилиш ва эр билан бирга бўлишдан тўсмайди.
Демак, аёл 6 кундан кейин покланса ва 11- куни қон кўрса, 11-кундагиси истиҳоза қони ҳисобланади. Чунки у ҳайз муддати (яъни 10 кун) ўтганидан кейин келган. Уни янги ҳайз деб бўлмайди, янги ҳайз бўлиши учун икки қон ўртасида 15 кун поклик бўлиши керак.
Бу мавзуда Абдулғаний Майдоний раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

(وإذا زاد الدم على عشرة أيام وللمرأة عادة معروفة ردت إلى عادتها) المعروفة (وما زاد على ذلك فهو استحاضة) فتقضي ما تركت من الصلاة بعد العادة.قيد بالزيادة على العشرة لأنه إذا لم يتجاوز العشرة يكون المرئي كله حيضاً وتنتقل العادة إليه.

“Ҳайз қони ўн кундан ортиб кетса ва аёлнинг маълум одати бўлса, ўша одатига қайтарилади. Одатидан ошгани истиҳозадир. Одатидан кейин тарк қилган намозларининг қазосини ўқийди. “Ўн кундан ошса”, деган қайд билан айтилди, чунки ўн кундан ортмаса, кўрилган қоннинг ҳаммаси ҳайздир. Одати унга кўчган бўлади” (“Ал-Лубоб фий Шарҳил-китоб”, “Ҳайз” боби).
Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг