Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу тақводорларнинг сифатларини қуйидагича таърифлайдилар:
«Улар фазилат соҳиблари, тўғрисўз, тежамкор, камтар, кўзларини ҳаромдан тиядиган, фойдали илм ва сўзларни эшитувчи, илмига амал қилувчи, кўп гапирмайдиган, нафсларини тергайдиган, қилган амалларидан Яратганнинг ризосини тилайдиган кишилардир. Уларнинг аломатлари – динида барқарор, олийжаноб, иймон ва иродаси мустаҳкам, илмга ташна, молу дунёсини тежаб ишлатадиган, хушу билан ибодат қиладиган, ораста, қийинчиликка сабр қиладиган, ҳалолдан топадиган, тиришқоқ, тамадан йироқ, эзгу амалларга чоғланган, ҳар қандай ҳолатда шукр қиладиган, илм ва ҳилм билан ҳазил қилувчи ва айтганига амал қилувчилардир».
Рабиъ ибн Ҳайсамга:
– «Бирор кишини айблаганингизни кўрмаймиз-а?» дейишди. Шунда у:
– «Мен ҳали ўзимдан рози эмасманки, одамларни мазаммат қилишга вақт топсам», деди.