Одатдаги ҳолатда чувалчангни истеъмол қилиш ҳалол эмас. Чунки Аллоҳ таоло бизга ҳашарот (жирканч жонивор)ларни истеъмол қилишни ҳаром қилган. Бу ҳақда Аллома Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
(ولا الحشرات) هي صغار دواب الارض
“Ҳашаротларни истеъмол қилиш ҳам ҳалол эмас. Ҳашаротлар ернинг кичик жонзотларидир” (“Дуррул-мухтор” китоби).
Чувалчангни дори сифатида истеъмол қилишга икки ҳолда рухсат бўлади:
1. Чувалчанг дори тайёрлаш жараёнида кимёвий таъсирларда истиҳолага учраса, яъни бутунлай бошқа моддага айланса. Бу худди туз конига тушиб кетган эшак бутунлай тузга айланиб кетса, у тузни ейиш ҳалоллигига ўхшайди.
2. Касалликни даволашда чувалчангдан бошқа ҳалол дори топилмаса ва унда шифо борлиги кўп марта тажрибаларда исботланган бўлса.
Аллома Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ мазҳабимизда ҳаром билан даволаниш жоиз эмаслигини баён қилиб, “Ҳовий” китобидан нақл қиладилар: “Баъзи қавлларга кўра ҳаром нарсада шифо борлиги маълум бўлса ва бошқа даво (дори) топилмаса, ҳаром билан даволанишга рухсат берилади. Бу худди чанқоқдан ўлар ҳолатга келган кишига май ичишга рухсат берилгани кабидир. Фатво шунгадир” (“Дуррул-мухтор” китоби).
Аллома Ибн Обидийн раҳимаҳуллоҳ юқоридаги сўзларни шарҳлаб, ҳаром моддада шифо борлиги аниқ бўлмаса, у билан даволаниш жоиз эмаслигини айтадилар. Лекин ўша моддада шифо борлиги табиб ўтказган кўп тажрибалардан маълум бўлган бўлса, бу гумони ғолиб келган табибнинг сўзи сифатида эътиборга олинади.
Демак, уламоларнинг фатволарига кўра, беморга бошқа ҳалол дори-дармон топилмаганда, ҳаром моддада (жумладан чувалчангда) шифо борлиги бир қанча тажрибаларда исботланган бўлса, даволаниш учун уни истеъмол қилиш жоиз бўлади. Бу рухсат токи бемор тузалгунча давом этади, ундан кейин эса ейиш ҳаром бўлган моддага айланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.