Мақолалар

БУЛБУЛ ҚОРИ ВА УНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ

Исмоил қори милодий 1885 йили Сардоба даҳасининг Исоқ чўян маҳалласи (ҳозирги Навоий кўчаси 46-уй)да таваллуд топди. Отаси – Нормирза кулолчилик билан шуғулланган бўлиб, шу ҳунари орқали халқ орасида иззат-эътибор қозонган. Уч ёшида онадан етим қолган Исмоил бир йил ўтгач, чечак касалига чалиниб, кўзи ожиз бўлиб қолади. Отаизор ёш фарзандлари Муҳаммадсоли ва Исмоилнинг келажаги учун бир бева аёлни никоҳига олади. Бироқ, у билан турмуши узоққа чўзилмайди.

Болалигидан илмга ташна Исмоил 5 ёшидан Қуръони Каримни эшитиб, ёд олишга киришади. Бу жараёнда «қорилар заводи» қорихонасининг машҳур мударриси, ҳофизи Қуръон Абдулғафур қори домла унга мураббийлик қилади. Бошланғич билим олиш давридаёқ у ўзининг ҳушёр, зийрак ва салоҳиятли эканини намоён қилади.

Маълумотларга кўра, Исмоил қори етти йил мобайнида мусҳафни тўлиқ ёд олади. Сўнгра, масжид хонақоҳида илк хатму Қуръонга имомликка ўта бошлайди. Ёшгина қори меҳробда ўзини хотиржам тутиб, қўнғироқдек овози билан Каломуллоҳни тажвид ва гўзал қироат қилиб, маромига етказади. Шогирдидан фахрланган Абдулғафур қори домла хатмона сўнгида қори болани бағриларига босиб, йиғилганларга: «бу қори менинг булбулим» унинг ҳаққига дуо қилинглар, дея жамоатдан сўраган эканлар. Ўша кундан эътиборан, Исмоил қори халқ орасида «Булбул қори» номи билан машҳур бўлиб кетади.

Айтишларича, Абдуғафур қори домла «Маржома» қорихоналарида мана шундай кўзи ожиз болалардан тўрт нафарига Қуръони Каримдан таълим бериб, ҳофизи Каломуллоҳ қилиб тарбия қилган эканлар. Маъсумхон махдум домланинг фарзандларига айтишларича, «Кунларнинг бирида қорихонага 8-9 ёш атрофидаги болани бир киши етаклаб келди. Буни кўрган биз ва бошқа қори болалар ҳайрон бўлиб қолдик. Шунда қори дадамиз: «Бу болани Аллоҳ таоло икки кўзини ожиз қилган-у, қалб кўзини очиб қўйган. Иншааллоҳ, сизлар ёрдам бериб, 5 оят 5 оятдан ёдлатиб турсангиз, албатта қодир Эгам унга Қуръони Каримнинг хифзини муяссар қилади. Аллоҳнинг каломи бу болани азиз ва мукаррам қилгай», – дейдилар. Биз албатта ёрдам берамиз деб жавоб қилдик» — дея, келтирилади. [1]

Булбул қори фавқулодда қобилият эгаси бўлиб шеър ва ғазаллар айта олган. Ўша даврнинг маддоҳлари ва санъаткорларига ғазаллар битган. Исмоил қори ҳар қандай савол-жавоб, ҳазил мутойиба ва аскияга ўрнида муносиб жавоб қайтара олган сўз устаси бўлган. У шунингдек, сайроқи қушларнинг ишқибози ҳам бўлган. Ҳамма вақт бедана, сава ва бошқа қушларни боқиб меҳр берган.Ҳатто, Афғон қуши Майнани ҳам «келинг ҳожи домла», – деб, гапиртиришга ўргатган экан.

1925 йили Қизил империя ҳукумати маърифатпарвар дин уламоларини таъқиб остига ола бошлади. Зиёлиларнинг кўпчилигини қамади, сургун қилди, отиб ташлади. Шулар қатори Абдуғафур қори домлани ҳам ҳибсга олиб, у зотнинг қорихоналари фаолиятини тўхтатди. Қори домланинг эрка ва ишонган шогирдларидан бўлган Исмоил қори ҳам шўроларнинг жабру ситамларидан қочиб, ўзга юртларда муҳожирликда кун кўради. У дастлаб, Қирғизистоннинг Ўш вилоятига боради. У ерда ҳам ўзининг билими, гўзал қироати ва ғазалхонлиги билан халқнинг кўнглидан жой олади. Пировардида, халқ уни «Шаҳид тепадаги» масжидга имом қилиб тайинлайди. Тақдир тақозоси билан ўшлик Қорабой махдумнинг Ҳожалхон (ваф.1985) исмли қизи билан никоҳ боғлайди. Орадан 5-6 йил ўтгач Булбул қори оиласи билан Учқўрғоннинг Қайқи қишлоғига кўчиб ўтиб, «Саййидхон эшон» масжидида хизматни давом эттиради. 1940 йилларда она шаҳрига қайтиб, Сардоба даҳасидаги жияни Оминахон ая (Ўзбекистон ва СССР халқ артисти Ёқуб Аҳмедовнинг онаси) ҳовлисидан қўним топади.

1943 йили Сталин ва унинг сафдошлари буйруғига биноан шаҳримиздаги «Шайх эшон» ва «Махдум эшон» масжидлари очилди. Ўша йили Булбул қори «Шайх эшон» масжидига қори қилиб тайинланади. Шу тариқа, Исмоил қори Чуқур кўча даҳаси «Баҳодирхон эшон» маҳалласи 1-Пионер кўча, 3-берк 1-уйга кўчиб ўтиб, муқим ўрнаб қолади.

Шоир Исмоил қорининг Учқўрғонда яшаган йиллари ижодида муҳим ўрин тутади. Шоир тилидан ёзилган ҳамда тил ва адабиёт институтида сақланаётган асар қўлёзмасида бу ҳақда алоҳида таъкидланади. 59 саҳифадан иборат мазкур достон шоирнинг ўз оғзидан «Мансур Абзалов рухсати билан» Ойпошшахон Султонова томонидан ёзиб олинган. Ўз асарларини куйлаб, яъни анъанавий маддоҳлик усулида талқин қилиб юриши ҳам шоирни Булбул қори сифатида бутун водийга, кейинчалик эса Ўзбекистонга танитди.

Ўзбекистон ССР ФА А.С.Пушкин номли Тил ва адабиёт институти томонидан 1957 йил 15 февралда И. Нормирзаев (Булбул қори) номига берилган далолатномада қуйидагилар қайд этилган: «Тил ва адабиёт» институти фольклор секторида халқ ижодчиси сифатида рўйхатга олинган. Бу ўртоқнинг 1948 йилда Навоийга бағишлаб айтган ғазаллари ва совет даврида ижод этган ашулалари ёзиб олинган. Улар тил ва адабиёт институтининг фольклор архивида (Инв. N9 1084-1085) сақланади».

Бу ҳужжат Исмоил Нормирза ўғли – Булбул қорига «Халқ шоири» унвони берилганми ёки йўқми, деган масала атрофидаги баҳсларга қисман ойдинлик киритади. 1948 йилда Навоийнинг 500 йиллигига қизғин тайёргарлик кетаётган пайтда таниқли санъаткор Сорахоним Эшонтўраева шоирни Тошкентга олиб кетади. Истироҳат боғлари, театрлар ва республика радиосида Булбул қори ўз асарларини куйлайди. У халқ ижодчиси, шоири сифатида ардоқланиб, моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантирилади.

Исмоил қори ўзининг шеърлари билан одамларни Навоийдек буюк зотлар ижодини ўрганишга, улуғ шоир орзу қилган замонлар келиб, қақроқ ерларга об-ҳаёт етаклаш имкониятларининг очилганидан ғурурланишга, умумхалқ ҳашари каби савобли ишлардан четда турмасликга, ҳар қандай шароитда ҳам одам Аллоҳ яратган энг олий жонзот эканлигини ёдда сақлашга, Яратганнинг зикрида туришга, куфрони неъмат бўлмасликка, она юртга садоқатда устуворликка интилишга даъват этган.

Шоирнинг «Муҳаммад айтдилар», «Ерни қаттиқ босмангиз», «Надомат» каби элда машҳур назмлари одамларни ҳар бир қадамни ўйлаб босишга, дунё ҳою ҳавасларига берилмасликка, руҳан покланишга чорлайди.

Ҳар қадамда таъзим айлаб, Аллоҳ деб Каъба борай,

Бу гуноҳкор осий бошим остонангизга қўяй,

Бир гуноҳкор умматингиз келди, деб фарёд этай,

Ассалом, саййиди Олам, Сизга юз минг марҳабо,

Жон фидо айлай сиза ман, Ё Расули Мустафо.

***

Туғи муборакни ўшал кунга тикиб,

Биз каби шармандалар турсак шафоатга боқиб,

Бир кун назар солгаймисиз биз осийларга ҳам боқиб,

Ассалом, саййиди Олам, Сизга юз минг марҳабо.

Жон фидо айлай сиза ман, Ё Расули Мустафо.

***

Нурдин тахт узра ўлтирсангиз ўшал кун ё Расул,

Сиз дуо қилгач ўшал дам Ҳақ ани қилгай қабул,

Биз гуноҳкор осийларга кўрсатинг жаннатга йўл,

Ассалом, саййиди Олам, Сизга юз минг марҳабо,

Жон фидо айлай сиза  ман, Ё Расули Мустафо.

***

Кел, гуноҳкор умматим, деб чорласангиз на бўлур,

Неча мандек ожизу бечора умматлар борур,

Қори Исмоил умиди кўп қатори шул эрур,

Ассалом, саййиди Олам, Сизга юз минг марҳабо,

Жон фидо айлай сиза  ман Ё Росули Мустафо [2]

Ёши улуғларимизнинг эслашларича, «Намозхонлар Исмоил қорининг Қуръон тиловатларини эшитиш учун «Шайх эшон» масжиди айвони олдига шийпон қилиб берган экан. У даврда овоз кучайтиргичлар бўлмаганлиги боис, жума кунлари Булбул қори ушбу шийпонда Қуръон Каримни жарангдор ҳолатда ўқиганларидан сой бўйи ва кўчадаги одамларга хотиржам эшитилар экан».

Булбул қори – шокир, собир ва ҳассос ижодкор эдилар. У зоти шариф 1964 йили охират манзилига риҳлат қилдилар. Уларни ҳам «От бозори»  қабристони ҳозирги «Мангулик» мозорига қўйилди. Исмоил қори домланинг аҳлиясидан Рашидахон (1933-2020) ва Ҳусанбой (1940-2018) исмли фарзандлар қолган.[3] Илоҳим, Исмоил қори домламизнинг руҳларини шод, охиратларини обод айлагин. Омин!

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

[1] Шарипов А. Наманган фозиллари. (XIX-XXI асрлар). 1-китоб. — Тошкент: Муҳаррир, 2022. — Б. 79.

[2] Булбул қори. Танланган шеърлар. — Фарғона: Фарғона, 2005. — 32 б. Мазкур манбадаги маълумотлар қайта тўлдирилди.

[3] Мазкур маълумотлар Булбул қори  авлодлари билан суҳбат чоғида ёзиб олинди.

www.islom.uz

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг