МАККАГА БОРГАН КИШИ БИРИНЧИ УМРА ҚИЛМАСДАН БОШҚА ИШЛАР ҚИЛСА БЎЛАДИМИ?
#ِФиқҳ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Зиёратчи Мадинадан ёки бошқа томондан Маккага умра ёки ҳаж қилиш учун эҳром боғлаб борса, юкларини меҳмонхона ёки тайин бир жойга қўйгандан кейин тўғри Каъбага боради ва тавофни бошлайди. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қилганлар. Қолаверса, зиёратчининг Маккага боришдан асосий мақсади Масжидул-ҳаромга бориб, Байтуллоҳни тавоф қилишдир. Асосий мақсадидан бурилиб, урзсиз бошқа ишлар билан банд бўлиши яхши эмас. Чунки умрани кечиктириш сабабли эҳромда тақиқланган ишларни қилиб қўйиш эҳтимоли кўпаяди. Фиқҳий китобларимизда қуйидаги иборалар келган:
فَإِذَا دَخَلَ مَكَّةَ ابْتِدَاءً بِالْمَسْجِدِ… ما فِي الصَّحِيحَيْنِ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَوَّلَ شَيْءٍ بَدَأَ بِهِ حِينَ قَدِمَ مَكَّةَ أَنَّهُ تَوَضَّأَ ثُمَّ طَافَ بِالْبَيْتِ
“Зиёратчи Маккага кирганда зиёратни масжиддан бошлайди. Чунки Имом Бухорий ва Муслим китобларида Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидаги ривоят келтирилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага келганларида биринчи қилган ишлари таҳорат олиш бўлди. Сўнг байтни тавоф қилдилар”, дейилган” (“Фатҳул-Қодийр” китоби).
فيبدأ بالمسجد بعد حط أثقاله وقبله أفضل إن تيسر ولا يؤخر لتغيير الثياب ونحوه إلا لعذر بأن يخشي علي أهله وماله الفتنة والضياع
“Зиёратчи юкларини қўйгандан кейин зиёратни масжиддан бошлайди. Агар имкони бўлса, юкни қўйишдан аввал масжидга бориш афзалдир. Кийим алмаштириш каби ишлар учун кечиктирмаслик керак. Аммо оиласи ва нарсаларига фитна ёки йўқолиб қолиш хавфи бўлса, (уларни хавфсиз жойга жойлаш учун бироз кечикишнинг зарари йўқ)”. (“Ғунятун-носик” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.