Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Агар сиз айтган қассобдан бошқа қассоб бўлмаса ва бу киши маст ҳолда жонлиқ сўяётган вақтда сўйишнинг қоидаларини, тасмия (“бисмиллаҳи Аллоҳу акбар”)ни идрок қилиб тўлиқ айта олса, сўйган жонлиғини ейиш жоиз. Агар сўйиш қоидаларини идрок эта олмайдиган даражада бўлса, у сўйган ҳайвонни ейиш дуруст эмас. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ бу борада бундай деган:
مِنْهَا أَنْ يَكُونَ عَاقِلًا فَلَا تُؤْكَلُ ذَبِيحَةُ الْمَجْنُونِ وَالصَّبِيِّ الَّذِي لَا يَعْقِلُ وَالسَّكْرَانُ الَّذِي لَا يَعْقِلُ فَإِنْ كَانَ الصَّبِيُّ يَعْقِلُ الذَّبْحَ وَيَقْدِرُ عَلَيْهِ تُؤْكَلُ ذَبِيحَتُهُ وَكَذَا السَّكْرَانُ
“Сўювчидаги шартлардан бири ақли расо бўлишидир. Шунга кўра шаръий сўйишга ақли етмайдиган ёш боланинг, мажнун ва мастнинг сўйган ҳайвонини еб бўлмайди. Агар ёш бола шариатга мувофиқ сўйишни биладиган ва тўғри сўя оладиган бўлса, у сўйган ҳайвонни ейиш ҳалол. Мастнинг ҳукми ҳам шундай” (“Бадоеъус-саноеъ” китоби).
Имкон қадар покиза, ҳалол-ҳаромни фарқига борадиган сўйиш ишининг сир-асрорларини ўрганган қассобларга ҳайвон сўйдириш лозим. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.