КИТОБ ТАБИБЛАРИ
Қўлёзма китоблар ўзига хос сирли хусусияти билан босма китоблардан ажралиб туради. Уларни мутолаа қилар экансиз, ҳар бир сатри, ҳар бир ҳарфи буюк аждодларимизнинг нақадар холис бўлганликларига гувоҳ бўласиз.
Қадим-қадимдан барча халқларда китоб яхшиликка етакловчи эзгулик манбаи сифатида қадрланиб келинган. Китоб билан боғлиқ ҳар қандай яхши иш ҳам шарафли ҳисобланган. Аввало китоб таълиф қилиш, уни мутоала қилиш маънавий етукликка интилиш ҳисоблангани боис бу саъй-ҳаракат ҳар доим хайрли оқибатларга олиб келган.
Китоб сўзи Қуръони Карим оятларида 200 дан ортиқ ўринда келган, шунингдек, унинг маъносига далолат қиладиган оятлар ҳам жуда кўп марта зикр қилинган.
Китоб сўзи арабча бўлиб, луғатда “ўз ичига жамламоқ”, “тўпламоқ” каби маъноларни англатади. Араблар бирор катта оилага тегишли бўлган барча ўғил-қизлари ва навара-чаваралари ота ҳовлига тўплансалар “Такаттаба бану фулан”, яъни “Фалончининг авлодлари тўпланибди”, дейишади. Шунингдек, бир нарсанинг қатор-қатор бўлиб терилишига ҳам ишлатилади.
Истилоҳдаги маъноси она тилимиздаги бир неча саҳифалардан иборат китобни англатади.
Китоб маданият ва маърифат, тараққиёт манбаи, ундаги илм ақл камолати, қалб ва руҳ сокинлиги озуқаси, шунингдек, башариятни эзгулик сари етакловчи сарбондир.
Китоблар оламида бебаҳо бойлик бўлган, бугунги тараққиётимизнинг илк манбаси, илдизи бўлган қўлёзма нусхалари мавжуд. Мазкур китоблар бизнинг фондларимиздан жой олгунга қадар бошларидан жуда оғир кунларни кечирган, табиий ва сунъий талофатлар уларнинг катта қисмига жиддий зарар етказган.
Захматкаш ота-боболаримиз бу бебаҳо хазинани вужудга келтириш учун қанча кўз нурларини кетказганлар, биргина имом Бухорий ҳазратларининг “Саҳиҳ ал-жомеъ” тўпламлари ўн беш йиллик меҳнатларининг самарасидир. Ибн Ҳажар Асқалоний эса “Саҳиҳ ал-жомеъ”га шарҳ ёзиш учун ўттиз йил йил умрларини сарф қилган эканлар.
Бугун биз буюк-буюк алломалар ворислари сифатида ана шу хазиналарни муносиб сақлаб, энг муҳими, уларнинг ичидаги дунёю охират саодатига элтувчи илму-маърифатни эгаллаб ўрганяпмизми? Бугун илму-маърифат учун ҳамма куч сафарбар қилинмаса, тобора мураккаблашиб бораётган муаммоларга ечим топа олмаймиз.
Қўлёзма китоблар ўзига хос сирли хусусияти билан босма китоблардан ажралиб туради. Уларни мутолаа қилар экансиз, ҳар бир сатри, ҳар бир ҳарфи буюк аждодларимизнинг нақадар холис бўлганликларига гувоҳ бўласиз. Боболаримиз келажак авлодлар учун бор имкониятларини ишга солганлар. Юсуф Хос Ҳожиб айтганларидай:
Битиб қўймасайди доно қалами,
Қоронғу қолурди мозий олами.
Айрим қўлёзма китоблар инсоният тараққиёти учун жуда катта аҳамиятга эга бўлишига қарамай, уларнинг ҳокисор муаллифлари номларини ҳам ёзиб қолдирмаган. Муаллиф номи қайд этиладиган жойга, “Аллоҳнинг раҳматига муҳтож банда номидан”, деган холисона сатрларни битиб қўйишганини кўриб беихтиёр кўзингизга ёш келади.
Мана шундай бебаҳо қадриятимизга айланган қўлёзма китобларнинг энг қадимгиси 1400 ёшдан ошмоқда. Шу нуқтаи назардан уларнинг кўплари қайта таъмирлашга муҳтож. Ҳозирги кунда “китоб табиблари” деб ном олган нодир касб соҳиблари, қўлёзмаларни “даволаш” билан шуғулланадиган реставраторлардир. Бу касб эгалари ўз хизматлари билан ўтмиш ва келажак ўртасидаги кўприк вазифасини бажаришади.
Бугунги кунда айни соҳанинг қайта жонланиши Ғарбу Шарқда анча жадал тус ола бошлади. Жумладан, мустақил Ўзбекистонда ҳам бу соҳада бир неча лабораториялар фаолият олиб бормоқда. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институти, Ўзбекистон Ислом цвилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Марказий Давлат Архиви ва юртимизнинг кўплаб тарихий музейлари қошида қадимги қўлёзмалар, васиқа ва ҳужжатлар, шунингдек, насабнома ва шажаралар каби маънавий осору-атиқалар сақланади. Бугунги кунда бу бебаҳо меросимизни ўрганиш билан бирга, уларнинг ичида турли ҳил сабабларга кўра талофат кўрган китобларни имкон қадар қайта тикланмоқда.
Бир қўлёзма китобнинг вужудга келиш тарихига назар солсак, унда бир неча кишиларнинг иштирок этишига гувоҳ бўламиз, жумладан, қоғоз ясовчидан тортиб, китоб таълиф қилган олим, яъни китобнинг муаллифи биринчи қўлёзма нусхаси, сўнг уни бир неча сонда кўпайтириш учун хаттотлар, котиблар, варақларни (курросаларга) жойлаб тикувчи ва муқоваловчи саҳҳофлар иштирок этишган.
Бугунги кунда қадимги китоблар 3 та асосий усул – махсус замонавий жиҳозлар ёрдамидаги механик усул, иссиқлик энергияси воситасидаги махсус жиҳозлар ва қўл меҳнати орқали таъмирланмоқда.
Механик усул орқали таъмирлаш асосан тошбосма китобларни тиклашда қўлланилади. Бу усулда замонавий технологиялар ёрдамида дарахт пўстлоқлари каби табиий ашёлардан олинган турли ҳил кукунлардан фойдаланилади. Аввало, кукунлардан қоғоз рангига қараб муносиб ранг танланади, шунингдек, қоғознинг қалин ёки юпқалигига қараб кукун миқдори ҳам белгиланиб сувли эритма таёрланади. Китобнинг талофат кўрган саҳифалари алоҳида ажратиб олингач, махсус идишларга жаойлаштирилади. Махсус идишларнинг ост қисми жуда ҳам майда тешикчалардан иборат бўлиб, керакли пайтда ичидаги қоришмали сув шу ўта майда тешиклар орқали тушириб юборилади, натижада саҳифалардаги йиртилган бўш жойларига кукун қуйқалари тўлиб, улар бус-бутун ҳолатга келади.
Кейинги усул, яъни иссиқлик энергияси орқали кўпроқ тошбосма китоблар таъмирланади. Замонавий махсус аппаратда кенг ва узун тасмалар бўлади, шу тасмалар юзасига китобниг талофат кўрган саҳифалари териб чиқилади ва устидан махсус елимли қоғоз ёпилади. Тасма варақларни юқори ҳароратли печга олиб киради, натижада талофат кўрган вароқлар елим ва қоғоз орқали тикланади. Бу юқоридаги икки усул орқали таъмирлаш жараёнида китобнинг қоғозлари маълум даражада зарарланиши мумкин, айниқса нодир қўлёзма китоблардаги ноёб қоғоз ва ёзувларга жиддий зарар етиши мумкин. Шунинг учун бу услублар орқали қўлёзма китобларни таъмирлаш тавсия этилмайди.
Учинчи усул, яъни қўл меҳнати орқали таъмирлаш энг қадимий усул бўлиб, нодир қўлёзма китоблар таъмирланади. Бу услубда қўлёзманинг асл нусхасига умуман ўзгариш ва салбий таъсир етмайди .Унга кўра таъмирталаб қўлёзманинг аввал барча саҳифалари рақамланади ва алоҳида ажратилади, талофат етган, йиртилган ёки куйган, шунингдек, биологик зараркунандалардан зарар кўрган саҳифалар таъмир столига ажратиб қўйилади. Китоб саҳифасининг ҳажмига тенг, айни шу саҳифа сифатига яқин келадиган қоғоз тайёрланади ёки матни мутлақ талофат кўрган китобларнинг, бўш қоғозлари матн четларидаги тоза қоғозларидан фойдаланилади. Сўнг китобнинг йиртилган варағи янги қоғоз табиий елими билан ёпиштирилади. Сўнг янги қоғознинг ортиқча қисмлари махсус пичоқча ёрдамида олиб ташланади, четлари майин қум қоғоз ёрдамида текисланади ва натижада яхлит саҳифа вужудга келади. Саҳифадаги йўқолган матнлар бошқа нусхаларда мавжуд бўлса, хаттотлар ёрдамида тўлдирилади.
Бу соҳа вакиллари, яъни хаттотларимиз халқимиз меросига муҳаббатли, омонатдор, жуда ҳам диққат-эътиборли, ўта сабрли бўлишлари лозим. Оппоқ халат кийган жарроҳлар – реставраторлар таъмир жиҳозларини тутиб нурли ойна столи устида турган қадимий қўлёзмага яқинлашар экан, у нажот кутиб ётган бемор тепасидаги жарроҳ ҳиссиётидан кам ҳиссиётни бошдан кечирмаслиги, ўта ҳушёр ва зийрак бўлиши талаб этилади. Ахир, кўҳна қўлёзмалар товуш чиқармай ётган бемор янглиғ муолажага муҳтождир.
Саҳифаларни териш, тиклаш, жамлаш, муқовалаш – таъмирдаги бу тўрт жараён китобнинг талофат кўрганлик даражасига қараб амалга оширилади. Саҳифалар чокидан чиқиб чалкашиб кетган бўлса тартиблаш “тадъим”, йиртилиб бир парчаси йўқолган бўлса тиклаш “тармим”, курросалар сўкилган бўлса жамлаб чиқиш ва тикиш “Тажмиъ”, мустаҳкам муқовалаш “тасбит” каби амалиётлар бажарилади. Ҳар бир амалиётнинг эса ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Таъмирловчи қадимги қўлёзмалар устида ишлар экан, бир оз муддат узоқ йиллардан бери йиғилиб ётган чанг микроблар, шунингдек, кимёвий ишлов бериш жараёнида зарарли модда ва газлардан нафас олади. Бу модда ва газлар эса унинг нафас олиш аъзоларига салбий таъсир кўрсатади.
Қолаверса, таъмирловчининг қўл ёки юз терисида экземага ўхшаш касалликлар ҳам содир бўлиши мумкин. Махсус ёритилган иш столи устида узоқ муддат ишлаш жараёнида эса кўз нурига салбий таъсир кўрсатади. Ҳаракатсиз узоқ муддат ўтириш умуртқа, бел оғриқларига сабаб бўлиши мумкин. Нодир манбалар таъмири ўзига яраша масъулият юклайди, хавф туғдиради, бу эса асаб ва руҳиятга салбий таъсир кўрсатади.
Бу каби салбий таъсирлар қўлёзмаларнинг умри узайиб, дунё ва охират саодати учун хизмат қилишидек хайрли оқибатлар олдида арзийди. Энг муҳими, бу соҳанинг фидоий мутахассислари ота-боболарининг бебаҳо меросини омонат билиб, авлодларга саломат ҳолда қолдиришдек шарафли вазифасидан фахрлангани туфайли азиз умрини бажонидил ушбу шарафли амал йўлида сарф қилади.
М.УСМОНОВ,
Халқаро ислом академияси манбалар хазинаси бўлими мудири