МақолаларФиқҳ

ҲАЖДА ТАРК ҚИЛИНСА, ҚОН ВОЖИБ БЎЛАДИГАН ВОЖИБ АМАЛЛАР

#Фиқҳ

Ҳажда қайси амални қилиш вожиб бўлса, уни тарк қилиб, қайтадан қила олмаган киши зиммасига жарима сифатида қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўша ишлардан йигирма учта энг муҳими қуйида келтирилади. Ҳожилар ушбу ишларни яхшилаб ёдлаб олишса, жаримадан қутилиб қолишларига замин бўлади. Улар қуйидагилар:

1. Муздалифада туриш: қурбонлик куни субҳи содиқ билан қуёш чиқиши орасида Муздалифада туриш вожибдир. Уни тарк қилган киши зиммасига қон (жонлиқ сўйиш) вожиб бўлади;

2. Сафо билан Марва тепалигида саъй қилиш: ушбу икки тепалик орасида саъй қилишни тарк қилган киши зиммасига жарима сифатида қурбонлик қилиш лозим бўлади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида икки тепалик орасида саъй қилиш вожибдир. Имом Молик, Имом Аҳмад ва Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳим наздида бу ҳажнинг рукни ва фарзи ҳисобланади.

3. Жамарот тошларини отиш: тош отиш ҳажнинг вожибларидан бўлиб, тош отишнинг бир кунини ёки учала кунини ҳам тарк қилган кишига битта қурбонлик вожиб бўлади. Фиқҳ китобларимизда шундай келган: «Агар тош отишнинг барчасини тўртинчи кунга қолдирса, хоҳ у заволдан аввал ёки кейин бўлсин, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида қазо ўтаган ҳисобланиб, кечиктиргани учун зиммасига битта қон (жонлиқ сўйиш) лозим бўлади. Агар тўртинчи куннинг қуёши ботгунича ҳам учала куннинг қазосини адо қила олмаса, адо қилиш ҳам, қазосини қилиш ҳам қўлдан кетган бўлиб, барча имомлар наздида зиммасига битта қон вожиб бўлади».

4. Видолашув тавофини қилиш: офоқийнинг (Ҳарам ташқарисидан келган кишининг) ватанига қайтиб кетаётган пайтда видолашув тавофини қилиши вожибдир. Уни тарк қилиш эса қонни вожиб қилади.

5. Соч олдириш: Сочни олдириш ёки қисқартириш вожиб амал ҳисобланади. Агар ҳожи сочни олдирмай ёки қисқартирмай эҳромдан чиқса, зиммасига қон вожиб бўлади.

6. Мийқотдан эҳромга кириш: офоқий кишининг мийқотдан эҳромга кириши вожибдир. Мийқотдан эҳромсиз ўтиш ҳожи зиммасига қурбонликни вожиб қилади. Агар амалларга киришишидан олдин мийқотга қайтиб бориб эҳромга кирса, зиммасидан жонлиқ соқит бўлади.

7. Қуёш ботишидан аввал Арафотдан тушмаслик: қуёш ботгунгача Арафотда туриш вожибдир. Шунинг учун қуёш ботишидан аввал Арафот майдонини тарк қилувчи кишининг вожибни тарк қилгани учун зиммасига қурбонликни вожиб қилади.

8. Тавофни яёв қилиш: қудрати етган кишининг тавофни яёв қилиши вожибдир. Имконияти бўла туриб, тавофни уловда қилиш қурбонликни вожиб қилади.

9. Таҳорат билан тавоф қилиш: таҳорат билан тавоф қилиш вожибдир. Шунинг учун ким таҳоратсиз тавоф қилса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Ҳайз, нифос ёки жанобат ҳолатида тавоф қилинса, жаримасига мол ёки туя сўйиш вожиб бўлади.

Агар тавофи зиёратдан бошқа тавофларни, жумладан тавофи қудум, тавофи видоъ, тавофи нафл кабиларни таҳоратсиз ҳолда қилса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Балки ҳар бир айланишга биттадан, жами еттита садақаи фитр вожиб бўлади;

10. Тавофда авратни ёпиш: тавоф ҳолатида авратни ёпиш вожибдир. Агар авратни тўсмай тавоф қилса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлади.

11. Сафо ва Марва тепалигида яёв саъй қилиш: соғлом одамнинг Сафо ва Марва тепалигида яёв саъй қилиши вожибдир. Агар узрсиз уловда саъй қилса, зиммасига қон лозим бўлади;

12. Қирон ва таматтуънинг қурбонлиги: қирон ёки таматтуъ ҳаж қилувчи зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Шунинг учун қурбонликсиз эҳромдан чиқиб қўйса, жаримасига бир қурбонлик лозим бўлади.
(давоми бор)

“Мўминнинг умр сафари” китобидан

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг