Янгиликлар

«Қуръон илмлари» ҳамда «Ислом шариатида мерос илми» асарларининг таништирув тақдимоти ўтказилди

ISLOM.UZ: Китоб тақдимоти

2023 йил 20 май куни «Hilol Nashr» матбаа-нашриётининг мажлислар залида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ томонларидан таълиф этилган «Қуръон илмлари» ҳамда таржима қилинган «Ислом шариатида мерос илми» асарларининг таништирув тақдимоти ўтказилди. Тақдимотга юртимизнинг пешқадам уламолари, аҳли илмлар, шайх ҳазратлари билан ҳамнафас бўлган устозлар, китобсевар азизларимиз ташриф буюрдилар.

Маросимни islom.uz порталининг илмий ходими Нозимжон домла Ҳошимжон олиб борди.

Тадбир «Ислом шариатида мерос илми» ва «Улуми Қуръон» китобига оид видеолавҳа билан бошланди.
Сўнгра устоз Исмоил Муҳаммад Юсуф тақдимотни очиб бердилар. Исмоил домла сўзлари аввалида шайх ҳазратлари билан елкадош ва фикрдош бўлган устозларнинг тақдимотда жам бўлганлари гўзал фурсат эканлигини эътироф этиб, ташриф буюрган азизларга чин қалбдан миннатдорлик изҳор қилиб, барчадан, жумладан, устозлардан дуо умидида эканликларини билдирдилар.

Кейин икки асарнинг таништирув тақдимотига навбат берилди. Бу икки асар ҳақида устоз, шайх Зоҳиджон домла Қодиров сўз юритдилар.

Устоз ўз нутқларида «Hilol Nashr» матбаа-нашриёти фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш ва ўргатиш, бу меросни халқимизга ва келажак авлодга етказишда давом этаётганини таъкидладилар.

Тақдим қилинган биринчи китоб – шайх Муҳаммад Али Собуний қаламига мансуб «Ислом шариатида мерос илми» номли китобнинг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан қилинган таржимасидир.

«Ислом шариатида мерос илми» китоби шайх Муҳаммад Алий Собунийнинг «Ал-маворис фиш-шариатил исламия фий зовъил-китаби вас-сунна» асарининг таржимаси ва шарҳи бўлиб, буни ўзбек тилига «Ислом шариати бўйича Қуръон ва суннат ёғдусидаги мерос илми» деб таржима қилиш мумкин. Китоб шайх Муҳаммад Алий Собуний томонидан Маккаи Мукаррамадаги Шариат ва исломий фанлар куллиёти талабаларига фароиз илмидан олиб борилган маърузалар асосида тайёрланган. Фароиз илми –мерос ва уни тақсимлаш ҳақидаги илм бўлиб, динимизнинг энг муҳим илмларидан бири ҳисобланади. Китобда мерос илмининг Қуръон ва Суннатдаги асоси, таърифи, масдари, ҳукмлари, қонун-қоидалари, мероснинг тақсимоти, мерос қолдирувчи ва мерос олувчилар каби масалалар кенг ёритиб берилган, мерос тақсимлаш қоидалари ҳаётий мисоллар билан тушунтирилган, ўқувчининг олган билимини текшириб кўриш учун машқлар ҳам тақдим қилинган.

Тақдимот давомида иккинчи китоб — доктор Муҳаммад Алий Ҳасан қаламига мансуб «Улумул Қуръон» китобининг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан қилинган таржимаси – «Қуръон илмлари» асари ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтилди.

«Қуръон илмлари» китоби Аллоҳ таолонинг муборак Каломи бўлмиш Қуръони Каримни ўрганувчи «Улумул Қуръон» фанига оид илмий рисоладир. Бу асардан Қуръони Каримнинг таърифи, нозил бўлиши, жамланиши, мусҳафлар, маккий ва маданий, муҳкам ва муташобиҳ, носих ва мансух оятлар, «сабаби нузул» илми, Қуръоннинг мўъжизалиги, қироатлар, тафсирлар, муфассирлар каби жуда кўп муҳим мавзуларга оид маълумотлар ўрин олган.

Сўнгра тақдимотнинг азиз меҳмони, Тожикистоннинг собиқ муфтийси ва диний арбоби, устоз, шайх Ҳожи Акбаржон Тўражонзода фазилатли шайх ҳазратлари билан бўлган хотираларни эслаб ўтдилар. Устоз бугунги кунда юртимизда бўлаётган ислоҳотларни зикр қилиб, ҳар бир мусулмон шахс неъматнинг шукрини адо этиши лозимлигини таъкидладилар.

Кейин устоз Абдулҳамид домла Муҳаммад Турсун шайх ҳазратларининг тақдим қилинаётган икки асарлари мусулмонлар учун ўта зарур илм манбаи эканлигини қайд этиб, бу каби асарлар Олий Маъҳаднинг ўқув режасига киритилиб, толиби илмларга дарслик сифатида ўқитилишига шайх ҳазратлари сабабчи бўлганларини эслаб ўтдилар.

Тақдимот давомида Исмоилжон домла Муҳаммад Юсуф катта ҳажмдаги тажвидли Мусҳафи шариф нашр этилганининг хушхабарини маълум қилдилар ва тақдимотга ташриф буюрган устозларга ушбу Мусҳафдан ҳадя қилдилар.

Шунингдек, узоқ йиллар мобайнида «Hilol Nashr» матбаа нашриётида хизмат қилиб, халқимизга илм зиёси тарқалишида ҳисса қўшган Абдулбосит ҳожи Қамбаровнинг нафақага кузатилаётгани муносабати билан устозлар томонидан дуо қилиниб, қимматбаҳо эсдалик совғалар тақдим этилди ва ўзбекона тўн кийдирилди.

Тақдимот якунида хатми Қуръон тиловат қилиниб, табаррук устозлар томонидан дуолар қилинди.
Аллоҳ таоло тақдимоти ўтказилган ушбу асарларни шайх ҳазратларидан садақаи жория ўлароқ ҳусни қабул айлаб, муаллифлардан ҳамда таржимондан Ўзи рози бўлсин, халқимизга тақдим қилинаётган барча китобларни дунё ва охиратимиз учун манфаатли қилсин!

Islom.uz cайти

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг