Экстремистик ва террористик контентлар хусусида
Сўнгги вақтларда турли экстремистик ва террористик ташкилотларнинг медиамарказлари томонидан тайёрланган экстремистик ва террористик мазмундаги тарғибот материаллари интернет тармоқларида кенг тарқатилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, нафақат юртимизда, балки жаҳон ҳамжамиятида бу каби маълумотларни аҳоли орасида тарқалишини олдини олишга, уларни ижтимоий тармоқларда аниқлаш ва фаолиятига чек қўйиш бўйича механизмлар ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга тадбиқ қилиш заруратини кун тартибига қўймоқда.
Мисол учун, ўтган даврлар мобайнида АҚШда 68 та, Россия Федерациясида 47 та, Буюк Британия 78 та ва Туркияда 15 та экстремистик ва террористик ташкилотларнинг фаолияти тақиқланган, шу билан бирга, Россия Федерациясида 5342 та, Қозоғистон Республикасида 1133 та радикал контентлар суд томонидан тақиқланган.
Ўзбекистон Республикасида ҳам экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет сайтлари, каналлар, профилларни аниқлаш ва уларни фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда йўлга қўйилган механизм асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур механизмга асосан, Дин ишлари бўйича қўмитаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда интернет тармоғидаги радикал диний мазмундаги контентлар аниқланиб, Олий суд қарори билан улар экстремистик ва террористик материаллар деб топилади.
Ушбу тартибга асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
60 га яқин қарори чиқарилиб, уларга мувофиқ 500 дан ортиқ контент радикал мазмунда деб топилган ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш, олиб кириш ва намойиш этиш тақиқланган.
Таъкидлаш жоизки, ноқонуний деб топилган контентлардан аҳолини хабардор этиш – мазкур йўналишда олиб борилаётган фаолиятнинг самарадорлигини белгилаб берувчи муҳим омиллардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4436-сон қарорига кўра, Адлия вазирлиги ва Олий суд ўзининг расмий веб-сайтлари ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали суд томонидан экстремистик ёки террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган ташкилотлар, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерлар рўйхатини эълон қилиб, унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлаши белгиланган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш ҳамда диншунослик экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2022 йил 14 апрелдаги 180-сон қарорига кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материаллар диншунослик экспертизаси ўтказилиши ва экспертизанинг ижобий хулосаси уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши, олиб кирилиши ва тарқатилиши учун асос ҳисобланиши қайд этилган.
Мазкур қарорга асосан, Дин ишлари бўйича қўмита муайян бир шахсга ёки унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан экспертлик хулосасини бермайди. Қўмита ҳуқуқ-тартибот органлари тақдим этган диний мазмундаги материалларнинг мазмуни юзасидан давлат диншунослик экспертизасини ўтказади ҳамда улар бўйича экспертлик хулосасини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тайёрлайди.