МақолаларФиқҳ

ШОМ АЗОНИДАН КЕЙИН НАФЛ НАМОЗ ЎҚИЛАДИМИ?

CАВОЛ: Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси муборакларида: “Азон билан такбирнинг орасида икки ракат намоз бор”, деган ҳадислари бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда қандай амалга оширилади? Биз томонларда баъзи бир масжидда шом намозига азон айтилганидан сўнг такбир айтмасдан икки ракат намоз ўқиб, сўнгра такбир айтиб шом намозини фарзини ўқияпти?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ҳақиқатан ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан:

بين كل أذانين صلاة – ثلاثا – لمن شاء

“Ҳар бир икки азон (яъни, азон ва такбир) ўртасида намоз бордир”, деб уч марта айтганлари ва охиргисида, “Хоҳлаган киши учун”, деб қўйганлари ривоят қилинган (Имом Бухорий ривоятлари).

Лекин доим такрорлаганимиз каби ҳадиси шарифларни саралаш, улардан ҳукм олиш мужтаҳид (мазҳаббошилар каби зот)ларнинг ишидир. Мужтаҳидлик даражасига етмаган кишилар эса ҳадислардан ҳукм олишда мужтаҳид олимларга эргашиши вожибдир. Чунки мужтаҳидлар бир қарашда бир-бирига зид кўринган ҳадиси шарифларни жамлаш ва уларга амал қилишда ҳар қанақасига кейинги келганлардан пешқадам ҳисобланадилар. Шу сабабли ҳам уларнинг ҳадиси шарифларга амал қилишлари мукаммалроқ ҳисобланади.

Албатта, ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳадисга амал қилганлар ва шомдан бошқа ҳамма намозларда азон ва такбир ўртасида нафл намозлар ўқиш мустаҳаб, деганлар. Бомдод ва пешиннинг азонидан кейин такбиргача таъкидланган суннат намозлари ўқилади. Аср ва хуфтон намозларининг азони ва такбири ўртасида нафл намоз ўқиш мустаҳабдир.

Шом намозига келсак, уни тезлаштиришга буюрилган ҳадисларга биноан, унинг азони ва такбири ўртасида намоз ўқилмайди. Шомнинг азони ва такбири ўртасини уч қисқа оят ўқийдиган вақт миқдорида кутиб туриш билан ажратилади. Абу Айюб ал-Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Умматларим, модомики шом намозини юлдузлар чиқиб кетгунча кечиктирмаса, доим яхшиликда бўладилар”, дейилади. Шомнинг азони билан такбири ўртасини (нафл) намоз билан бўлиш шомнинг фарзини кечиктириш ҳисобланади (“Бадоиъус-саноиъ” китоби).

Улуғ мужтаҳидлар Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар (раҳимаҳумуллоҳ)дан бирорталари шомдан аввал нафл намози ўқилади, демаганлар.

Шунинг учун ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбалари: “Мабсут”, “Ҳидоя” “Бадоиъ”, “Иноя”, “Фатҳул қадир”, “Канзуд-дақоиқ”, “Ал-Мухтор лил-фатво”, “Баҳрур-роиқ”, “Ихтиёр”, “Мухтасар”, “Фатҳу бобил-иноя”, “Дуррул-мухтор”, “Раддул-муҳтор” ва бошқа китобларда беш вақт намознинг азони ва такбири ўртасида бироз муддат ўтириш борлиги, фақат шом азонидан кейин ўтириш йўқлиги, балки қисқа уч оят миқдори ўтгунча кутиб, кейин такбир айтилиши баён қилинган.

Мазҳабимизнинг забардаст олимларидан бири, мужтаҳидлик даражасига етган Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ҳадиснинг зоҳирига қараладиган бўлса (яъни, ҳадиси шарифда азон ва такбир дейилмаган, балки икки азон дейилган), ҳар икки азон ўртасида албатта, намоз бўлишини айтиб, шомдан аввал нафл ўқилмасада, бу ҳадисга амал қилинган бўлади, дейдилар (Чунки икки азон: шом ва хуфтон азони ўртасида албатта, фарз ва нафл намозлар бор). Кейин саҳоба ва тобеъинлар ичида ҳам бу ҳадиси шарифга амал қилиш турлича бўлгани ҳақидаги ривоятларни келтирганлар (“Шарҳу маонил-осор” китоби).

Имом Нававий “Ал-Мажмуъ шарҳул-муҳаззаб” китобида Шофеъий мазҳабини баён қилиб, беш вақт намозда азон ва такбир ўртасини жамоат йиғилгудек вақт ўтириш билан ажратилиши, лекин вақт зиқ бўлгани учун шомда бундай қилинмаслигини айтганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари бошимиз тожидир. Лекин ҳадиси шарифларга мукаммал амал қилиш маълум бир ҳадисни билиб, унинг зоҳирий ҳукмига амал қилиш билан бўлмайди. Балки у киши бир мавзудаги ҳамма ҳадисларни жамлай олиши, ҳадиснинг айтилиш сабабини билиши, уларни саҳиҳ ва саҳиҳ бўлмаганларини, носих ва мансухларини, умумий ва хос ҳамда бошқа жиҳатларни саралай билиши ва улардан ҳукм олиш учун эса ижтиҳод даражасига етган бўлиши керак. Ижтиҳод даражасига етмаган бўлса, ишни ўз усталарига қўйиб берсин, одамларни тўғри йўлдан чалғитмасин. Зеро мужтаҳид уламоларимиз ҳадисларни билиш, тушуниш ва ҳукм олишда бошқалардан устундир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг