АқидаМақолалар

САМОВИЙ КИТОБЛАР БАШОРАТИ

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ­­– Аллоҳнинг элчиси.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – охирзамон пайғамбари.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – инсон ва жинларнинг имоми.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – хотамул анбиё, пайғамбарларнинг сўнгиси…

Аҳли китоб ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларидан хабарлари борлиги, ҳатто у зотни ўз фарзандларини танигандек танишлари Қуръони Карим оятлари билан собит бўлган:

«Биз китоб берганлар уни (Муҳаммадни) болаларини танигандек танирлар. Албатта, улардан бир гуруҳи билиб туриб, ҳақни беркитарлар» (Бақара сураси, 146-оят).

Мазкур ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари Инжил, Таврот ва Забурда зикр қилингани ҳамда аҳли китобнинг олимлари у зотни ўз ўғилларини таниганидек, танишлари ҳақидаги хабарни бермоқда.

Аввал яҳудий олим бўлиб, сўнгра Ислом билан шараф топган Абдуллоҳ ибн Саломдан Умар розияллоҳу анҳу мазкур оятнинг маъносини сўраганларида, Абдуллоҳ ибн Салом қуйидагича жавоб берган эди:

«Мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўғлимдан ҳам яхши танийман. Чунки Аллоҳ таоло у зотнинг сифатларини бизга китобимиз бўлмиш Таврот орқали билдириб қўйган. Аллоҳ асло ёлғон сўзламайди. Ўғлимнинг онаси менга хиёнат қилган бўлиши мумкин. Чунки хотинларнинг нима қилганини билмаслигим мумкин, аммо Тавротнинг хабарига асло шубҳа билан қарамайман» (Воқидий, 147-бет; Розий, «Тафсир», IV-жуз, 116-бет).

«Сенга илм келганидан кейин ким у ҳақида сен билан тортишса, «Келинглар, бизнинг болаларимизни ва сизнинг болаларингизни, бизнинг аёлларимизни ва сизнинг аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра ёлвориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз», деб айтгин» (Оли Имрон сураси, 61-оят).

Бу оятнинг нозил бўлиши сабаби – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир гуруҳ Нажрон насоролари келиб, дин ҳақида, Марям ва Ийсо алайҳиссалом ҳақларида тортишишган. Бу тортишув алалхусус Исломнинг ҳақлиги очиқ-ойдин бўлиб қолишигача борганида ҳам улар қайсарлик билан, ўзимизники тўғри, деб туриб олишди. Расулуллоҳ Аллоҳнинг амрига кўра, уларни: «Шу масалада ким ёлғон гапираётган бўлса, ўшанга Аллоҳнинг лаънати бўлсин», деб дуо қилишга чақирдилар. Улар бу мубоҳалага кўнишмади. Лекин мансаб, обрў, мол-дунёларини йўқотишдан қўрқиб, Исломни қабул қилишмади, балки жизя тўлашни таклиф этишди. (Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий, «Тафсири Табарий», 277–278-бетлар; Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Тафсири Ҳилол», I-жуз, 336­­­–337-бетлар). Мана шу воқеа Расулуллоҳнинг ҳақ эканликларига икки томонлама далилдир:

1) Расулуллоҳ уларни лаънатлашиш натижасида устларига бало, азоб келиши билан қўрқитдилар. У зот асло ёлғон сўзламаганлари учун ёлғончи бўлиб қоладиган ишга ташаббус ҳам қилмасликларини барча билди. Уларнинг Аллоҳ азоб юборишига ишончлари комил эди. Бу ҳолат у зотнинг Аллоҳнинг пайғамбари эканликларига ёрқин далил эди;

2) Нажрон насоролари бу воқеадан кейин лаънатдан қочиб, жизя тўлашни қабул қилишди. Таврот ва Инжилнинг баёнидан жуда яхши хабардор бўлган бу кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан лаънатлашишга киришишмагани у зотнинг охирзамон пайғамбари эканликларини улар аниқ билишгани сабабли эди. Улар пайғамбарнинг лаънатига учрамаслик учун жизя тўлашни қабул қилиб, лаънатлашишдан қочишди. Демак, аҳли китоблар пайғамбаримизнинг рисолатларини китобларидан ўқиб, ўрганиб бўлишган эди.

Юқоридаги икки оятнинг мазмунини ифодалайдиган оятлар Қуръони Каримда жуда кўп. Бу оятларда аҳли китоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатларини яхши билгани баён қилинган. Инжил, Таврот ва Забур оятлари ҳам буни исботлайди. Қуйида Қуръони Каримнинг баъзи оятлари аввалги китобларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида хабар берилганини кўриш мумкин:

«Эй аҳли китоблар, нимага ҳақни ботилга аралаштирасизлар ва билиб туриб, ҳақни яширасизлар?!» (Оли Имрон сураси, 71-оят).

«Биз китоб берганлар унинг Роббингдан ҳақ ила нозил қилинганини билурлар. Бас, шак келтирувчилардан бўлма» (Анъом сураси, 114-оят).

«Бас, уларга ўзлари билган нарса келганда, унга куфр келтирдилар. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» (Бақара сураси, 89-оят).

«Агар сенга нозил қилган нарсамиздан шакда бўлсанг, сендан олдин Китобни ўқиганлардан сўра…» (Юнус сураси, 94-оят).

«Аллоҳнинг ҳузуридан улардаги нарсани тасдиқловчи Расул келганда, китоб берилганлардан бир гуруҳи худди билмагандек, Аллоҳнинг китобини ортларига қараб отдилар» (Бақара сураси, 101-оят).

«Эй аҳли китоблар, нимага ўзингиз гувоҳ бўлиб туриб, Аллоҳнинг оятларига куфр келтирасизлар?!» (Оли Имрон сураси, 70-оят).

«Ийсо ибн Марямнинг: «Эй Бану Исроил! Мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган расулман», деганини эсла. У (Аҳмад) уларга ҳақ билан келганида эса: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар» (Соф сураси, 6-оят).

 

Олимжон МАЗАМОВ

«ҲИЛОЛ» диний-маърифий, ижтимоий-адабий журнал

10 (31)-сон. 2021 йил, октябрь (ҳижрий 1443 йил, сафар-рабиъул аввал)

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг