Мақолалар

«МУҲАММАД» ИСМИНИ ЁЛҒИЗ ЎЗИНИ ҚЎЙИБ БЎЛМАЙДИМИ?

❓690-CАВОЛ: Яқинда туғилажак фарзандимиз ўғил бўлса Муҳаммад деб исм қўймоқчи эдим. Лекин баъзи кишилар қўшимча қўшиш керак, масалан Муҳаммад Али ёки Муҳаммад Юсуф деб номлаш керак дейишяпти. Шунга аниқлик киритиб беринглар. Ўғилга Муҳаммад исмини ўзини қўйиб бўлмайдими?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Ўғил фарзандга “Муҳаммад” исмини ёлғиз ўзини қўйиш жоиз, балки афзал ҳамдир. Чунки Расули акрам алайҳиссалом ўзларининг муборак ҳадисларидан бирида: “Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар”, — деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган).

“Куня” — кишининг исмидан аввал айтиладиган, бош фарзандининг исми билан “Фалончининг отаси”, деб чақириладиган исм. Масалан, Абу Абдуллоҳ (Абдуллоҳнинг отаси), Абу Дардо, Абу Мусо каби. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари “Абул Қосим” эди. Демак, киши Абул Қосим деб куняланиши жоизмаслиги мазкур ҳадисдан маълум бўлмоқда. Уламоларимиз ушбу қайтариқ Пайғамбаримиз ҳаётларига тегишли экани, У Зотнинг вафотларидан кейин эса мазкур куня билан чақирилиши жоиз эканини айтишган (Қози Иёзнинг “Аш-Шифо” китоби).

Шунингдек, ушбу ҳадисга кўра, фарзандга “Муҳаммад” деб исм қўйиш марғуб иш экани маълум бўлади. Ислом уммати азалдан ўз фарзандларига Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак исмларини қўйиши одатга айланган. Ҳатто айрим уламоларнинг исми, отасининг ва бобосининг исми “Муҳаммад” эканини кўриш мумкин. Масалан, Имом Ғаззолийнинг тўлиқ исми “Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Ғаззолий” бўлса, Қироат илмининг машҳур олими Имом Жазарийнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жазарийдир. Яъни бир нечта авлоднинг кетма кет исмини “Муҳаммад” деб қўйилган. Албатта, бу ушбу муборак исмга ва унинг соҳиби бўлган севимли Расулимизга бўлган улкан муҳаббат нишонасидир. Машҳур мужтаҳид олим Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

سمعت أهل المدينة يقولون: “ما من أهل بيت فيهم اسم محمد إلا رزقوا رزق خير” (المسالِك في شرح مُوَطَّأ مالك (٥٤٨/٧)).

“Мадинаи мунаввара аҳолиси: “Қайси бир уйда Муҳаммад исми бўлса, улар яхши ризқ билан насибаланишади”, — дейишганини эшитганман”.

Бундан баъзи кишиларнинг “Муҳаммад исмини ёлғиз ўзини қўйиб бўлмайди”, “Болага оғирлик қилади” каби гап-сўзлар илмий жиҳатдан ҳам ва воқеълик жиҳатдан ҳам тасдиғини топмаган, асоссиз гап экани маълум бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, фарзандга фақат чиройли исм қўйиш билан кифояланиб қолмай, унинг тарбияси ва билимини ҳам исмига монанд қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг