Мақолалар
ҚЎЙЛИҚ ОТА МАҚБАРАСИ
Жонажон пойтахтимиз, Она Тошкентимиз ҳамиша юртимиз аҳолисини оҳанрабодек ўзига тортиб келади. Унинг ҳар бир манзилию маскани ўзига хос тарихга эга. Уни бағрида не-не буюк азиз авлиёлар, ўз замонасининг маълуму машҳур инсонлари абадий қўним топган. Ана шундай тарихий шахслардан бири Қўйлиқ отадир.
Қўйлиқ отанинг асл исмлари Ҳофиз Шайх Қўйлиқий бўлиб, самарқандлик ҳазрати Нўғай ота авлодларидан бири бўлиб, шайхлар сулоласидандир. Яссавия тариқатининг машҳур намоёндаси. У киши амир Имомқули Баҳодирхон даврида Самарқандда аълам яъни имомларнинг имоми бўлган олим, шайхнинг она томонидан Тошкентдаги бобоси эди. Онаси қадимги Бонукент ўша даврдаги Нўғойқишлоқ, ҳозирги Ўзгариш қишлоғига келин бўлиб тушган, ислом илмидан анча хабардор бўлган. Унинг ота-онаси ва Нўғойқўрғондаги боболари тасаввуф султони Ҳожа Аҳмад Яссавий тариқатига оид “Жаҳрияйи Яссавий” оқимига эътиқод қилган. Ҳофиз Шайх Қўйлиқдаги масжидда имомлик қилиш билан бирга ўзи қурдирган хонақоҳда дунёвий ва диний илмлар билан шуғулланиб, толиби илмлар билан зикр тушиш, иймон ва эътиқодга оид мавзуларда суҳбатлар ўтказган. Айниқса, ўша даврдаги Қуръон суралари ва оятларини баъзи юзаки шарҳловчиларга нисбатан чориёрлар улуғлигини исботловчи далиллар билан ул зот Қўйлиқий тахаллуси билан рисолалар ёзганликлари ҳам қайд этилган.
Тарихдан маълумки, 92 уруғли ўзбек қабилалари таркибида Кўкчулак, Қўйли каби бир қанча уруғларни бирлаштирган Дўрмон қабиласи бўлган. Қабиланинг Қўйли уруғи ХV асрда Дашти қипчоқдан кўчиб келиб, шу ҳудудда ўрнашиб қолган. Жой номи шундан келиб чиққан, деган тахминлар ҳам бор.
Қўйлиқ ота тахминан ҳижрий 983 милодий 1564 йили вафот этади ва бозор ёнидаги қабристонга дафн этилади. У кишининг набираси Олим Шайх Азизон қариндошлари билан биргаликда Қўйлиқ ота қабри устига мўъжазгина мақбара қуришади. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Қўйлик ота мақбараси бузилиб кетиш ҳолга келиб, сув остида қолиш хавфи туғилади.
Шунингдек, дарё устига Янги кўприк қурилиб, Фарғона йўлини унга тўғрилаш зарурати пайдо бўлади. Ўшандан сўнг Куйлиқ отанинг ҳокини бошқа жойга, ҳозирги ўрнига кўчирилади ва мамлакатимиз мустақилликка эришгач, 1994 йилда махсус лойиҳа асосида мақбара қурилди.