АЁЛЛАРГА ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТ
Қаерда бўлишингиздан қатъи назар, Аллоҳ таоло сизни кўриб, эшитиб турганини унутманг!
Доимо шариатимиз буюрганидек кийининг! Либосингиз сизнинг чин муслима эканингизни айтиб турсин!
Пардозингиз таҳорат бўлсин! Тилингиздан Аллоҳ таолонинг зикри тушмасин!
Қуръони Каримни ўқишни, оятлар маъноси борасида тафаккур, тадаббур қилишни доимий одат қилиб олинг!
Намоз вақти бўлганда, ҳар қандай ишингизни ташлаб, намозни адо этинг!
Намозда асло шошилманг! Қироатни тажвид билан ўқиб, руку, саждаларини ўрнига қўйиб, намозни адо этинг!
Али Тантовий исмли олимнинг мана бу гапларини ёдингизда тутинг: «Агар намозда шошилсанг, ёдингда тутки, сен қўлга киритишни истаётган ва йўқотишдан қўрқаётган нарсаларнинг барчаси сен ҳузурида турган Зотнинг қўлидадир».
Зинадан чиқмоқчи бўлганингизда ортингиздан эркак киши ҳам чиқадиган бўлса, сиз четга ўтиб, кутиб туринг, эркак чиқиб кетсин, кейин сиз чиқинг.
Лифтга чиқмоқчи бўлганингизда у ерда бегона эркак бўлса, чиқманг. Кутиб туринг. Лифт ўша одамни манзилига олиб чиққач, кейин лифтни чақиринг.
Амакингиз, аммангиз, тоғангиз, холангизнинг ўғиллари билан ҳеч қачон қўл бериб кўришманг, чунки улар сизга номаҳрамдир.
Сизга маҳрам қариндошлар бўлса ҳам, муомалада чегарани билинг, виқорингизни, иффатингизни сақланг.
Дугоналарингиз билан кўчада кетаётганингизда қаҳ-қаҳа отиб кулишиб, баланд овозда гаплашманг. Ҳаёли бўлинг ва кўчада юриш одобига риоя қилинг!
Сиз ўтирган уйга ёши катта қариндошлар кирса, уларни ҳурмат қилиб ўрнингиздан туринг!
Кўчада кетаётганингизда, ёнингизда отангизми, акангизми бўлмаса, бирорта бегона эркак билан, ҳатто у номаҳрам қариндош бўлса ҳам, гаплашманг, у билан асло ёлғиз қолманг. Динимиз бизни бундан қайтарган.
Жамоат жойида кетаётганингизда ерда ётган нон бўлагини кўриб қолсангиз, уни олиш учун энгашманг, балки ноннинг ёнида тўхтаб, ўтириб, кейин олинг.
Автобусда, таксида юришингизга тўғри келиб қолса, ёнингиздаги йўловчига асло ҳаётингиз ҳақида ҳикоя қилманг. Овозингизни баланд кўтарманг.
Аллоҳ таоло қиз боқаётган, қизларини узатиш арафасида турган ва қизларини узатган азизларимизни меҳрибон, насиҳатчи, ҳақни кўрсатувчи ота-она бўлишларини насиб этсин! Қиёмат куни барча муслима қизлар ўз ота-оналари учун дўзахдан парда бўлишларини насиб айласин!
Аллоҳ таоло ўғил боқаётган, ўғлини уйлантириш арафасида турган ва уйлантирган азизларимизни меҳрибон, ибратли, ҳақни кўрсатувчи, наситҳатгўй ота-она бўлишларини насиб этсин! Қиёмат куни барча мусулмон йигитлар ўз ота-оналарининг бошларига иззат тожи, устларига каромат сарпоси кийдирилишига сабабчи бўлишларини насиб айласин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади