МақолаларФиқҳ

ЎРТАҲОЛ КИШИЛАР ҲАМ ВАҚФ ҚИЛА ОЛГАН…

Мусулмон диёрлари, жумладан юртимизда ҳам қадимдан масжидлар фаолиятида уларга белгиланган вақф мулклари катта аҳамият касб этган.

(“Вақф” сўзи луғатда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларини англатади. Шаръий таърифда эса: “Муайян нарсанинг аслини сақлаб қолиб, ундан келадиган фойдани садақа қилишдир”.)

Вақф Ислом шариатида кенг тарғиб этилган, манфаати давомли, савоби узлуксиз бўлган иқтисодий хайрия ишидир. Қадимдан мўмин-мусулмонлар вақфнинг манфаати ва савобидан умидвор бўлиб, бунга катта эътибор қаратиб келганлар. 

   Архив ҳужжатларида қайд қилинишича, 1884 йилги қайдномаларда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган вақфли масжидлар 125 тани ташкил этган. Масжидларда имом, муаззин, мутавалли, йирик масжидларда эса фаррош, сартарош ва қоровул хизмат қилган. Улар масжиднинг вақф мулкидан белгиланган тартибда маблағ билан таъминланган. Масжиднинг вақфлари аввало масжид қурувчиси, қолаверса, ҳокимлар ва ўзига тўқ кишилар томонидан ажратилган. Катта мол-мулкка эга бўлмаган ўртаҳол кишилар ҳам кичикроқ маблағ эвазига дўконга эга бўлиб, бирор бир масжидга вақф қила олган.

Масжид вақфларини, асосан, шаҳардаги савдо ва ҳунармандчилик дўконлари ҳамда ерлар ташкил қилган. Бозорлардан таш­қари, масжидга туташ ерда ва масжид ҳовлиларида ҳам вақф сифатида дўконлар ишга туширилган ва уларда сўфи (муаззин) ёки мутавалли савдо қилган. Бундан ташқари, карвонсаройлар, тегирмонлар, обжувозлар, экинзорлар, боғлар, дарахтзорлар, ҳовлилар ва пул маблағлари ҳам эгалари томонидан белгиланган шартлар асосида вақф қилинган[2].

Ўктамбек Султонов “Тошкент масжидлари тарихи” рисоласидаги тадқиқотларида масжидларнинг ўз вақф мулклари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтади. Унда келтирилишича, Говкуш (Говкушон) маҳалласидаги масжидга Мирҳоди Мирболта ўғли Раста бозорида бир дўкон вақф қилган.

Қуйи Дегрез маҳалласидаги Саидазимбой Муҳаммадибой ўғли ўзи қурдирган масжидига бошқа бир саройи даромадидан масжидга йилда 25 тилла вақф қилган. Шундан кундалик имом 10 тилла, жума намози имоми 5 тилла, муаззин 5 тилла, қолган 5 тилла масжид эҳтиёжига сарфланган.

Шаҳарнинг марказий масжидларидан ҳисобланган “Ҳожа Аҳрор” жоме масжиди эса 1884 йилда масжид атрофи ва бозор ичида 102 та дўкондан йилига 120 сўм, масжид яқинидаги Солиҳбек додхоҳ авлодларига қарашли бир саройдан йилига 120 сўм, жами 240 сўм вақф даромади ҳисобига фаолият кўрсатган.  

Бу албатта масжидларнинг барқарор ишлаб туриши, улар қошида фаолият юритган мадраса, қироатхоналар мударрис ва талабаларининг таъминоти, қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиб туриш учун шариатнинг мукаммал ва савоби улуғ тизимидир. Бошқа жиҳатдан эса, илм аҳлига, Қуръон аҳлига ҳомийликдир. Токи илм талаб қилгувчи, Аллоҳнинг байтини хизматини қилувчи кишилар турмушида муҳтожлик сезиб, бошқа ишларга чалғимасин. Минг йиллардан бери қўлланилиб келинган мазкур тажрибанинг қанчалик самарали натижа бергани тарихдан маълум. Дунё илм-фани тамаддунига муносиб ҳисса қўшган улуғ сиймолар, мўътабар алломаларимиз бошланғич (асосан ҳал қилувчи) билимларини ана шундай вақф мулклари эвазига фаолият кўрсатган масжид ва мадрасаларда олганлар.

MUSLIM.UZ

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг