ИСЛОМ БАРЧАМИЗНИКИ ЭМАСМИ? – 3
Дин учун мавсумий хизмат бўлмайди
Мўминлигимиз тақозоси: жонимиз узилгунига қадар иймон йўлидаги даъвомизга хизмат қилишимиз шарт. Рамазонларда, байрамларда, табиий офатларда, масжид қурилишида, хайрияларга ёрдам беришдаги амалга оширилган ишлар мавсумий бўлади. Мавсумий бўлмаган диннинг хизмати ҳам мавсумий бўлмайди, яъни бирор ой, байрам ёки муносабатларга боғланиб қолмайди. Чунки, дин абадий, унга хизмат ҳам бир умр давом этиши керак.
Бу вазифа замон билан ҳам, макон билан ҳам чегаралаб олинмайди. Қаерда Аллоҳнинг бир мўмин бандаси сифатида нафас олаётган бўлсак, иймон неъмати шукрининг тақозоси учун ўша ерда динимиз йўлида нимадир қилишга имкон топа оламиз, албатта. Кеча ёки кундуз, қийин ёки осон деб танлаб ўтиришга ҳаққимиз йўқ.
Аллоҳ бандасига тоқатидан ташқари нарсани юкламайди. Албатта, бардошимиз чегараланган, лекин бунга таяниб қолмаслигимиз керак. Беш йил, ўн йил хизмат қилсак, бўлди, дея олмаймиз ҳам. Чунки, тўққиз юз эллик йил хизмат қилган ҳолда тоқати тоқ бўлмаганлар бор.
Ишимиздан нафақага чиқишимиз мумкин ёки юритаётган тижоратимизни тўхтатиб қўя қолишимиз, экинзор-боғимизни фарзандларимизга қолдириб, дам олишимиз мумкин, лекин динимизни танитишдан, бу йўлда хизмат қилишдан бир зум ҳам тўхтамаймиз. Динимиз учун қўлимиздан нима иш келса, Аллоҳдан ўша иш устидада жонимизни олишини орзу қиламиз.
(давомли)
Олимжон МАЗАМОВ тайёрлади