ТАСБИҲ НАМОЗИ
“Тасбиҳ” намозини ўқиш денгиз кўпигича бўлган гуноҳ ва хатоликларнинг йўқолишига сабаб бўлади.
Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоятларида тўрт ракатли “Тасбиҳ намози”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга махсус ўргатганлар ҳамда бундай деб марҳамат қилганлар:
فلو كانت ذنوبك مثل رمل عالج لغفرها الله لك
“(Агар ушбу “Тасбиҳ намози”ни ўқисангиз, гуноҳларингиз чўлнинг қумлари мислича бўлса ҳам Сиз учун Аллоҳ уни мағфират қилади” (Термизий, 1/482).
Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоятида келишича, шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:
فَلَوْ كَانَتْ ذُنُوبُكَ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ غَفَّرَ اللهُ لَكَ
“Агар гуноҳингиз денгиз кўпиги мисоли бўлса ҳам, Аллоҳ сиз учун мағфират қилади” (Табароний, 1/987; 11/11622).
Уни ўқиш тартиби икки хил бўлиб, энг енгили Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳуники ҳисобланади. Уни ҳам Имом Термизий келтириб ўтганлар (Термизий, 1/481).
Тасбиҳ намози тўрт ракат бўлиб, шу тўрт ракатда ортиқча 300 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛ-ҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” (“Аллоҳ айбу нуқсонлардан покдир! Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳ буюкдир!”) дейилади.
Аввало, “Тасбиҳ намозини ўқишни ният қилдим”, деб ният қилинади. Сўнг “Аллоҳу акбар!” деб такбир айтиб намозга киради. Кейин сано ўқийди. Сано: “Субҳаанакаллоҳумма, ва би-ҳамдика, ва табаарокасмука ва таъалаа жаддука ва лаа илааҳа ғойрука” ҳисобланади. Бу ҳар бир намозга киришгандаги такбирдан сўнг айтилади.
Сўнгра, 15 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛ-ҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейилади.
Сўнг “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм”, “Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм” деб “Алҳамду” сураси ва бир ихтиёрий зам сура ўқилади.
Кейин эса 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛ-ҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейилади.
Сўнг “Аллоҳу акбар!” деб рукуъга боради. Рукуъда 3 марта “Субҳаана роббиял-ъазийм”ни айтгандан сўнг 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛ-ҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейди.
Кейин “Самиъаллоҳу ли-ман ҳамидаҳ, Роббана лакал-ҳамд!” деб рукуъдан бош кўтаради. Кейин тик турган ҳолда 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛ-ҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейди.
Кейин “Аллоҳу акбар!” деб саждага боради. Саждада 3 марта “Субҳана роббиял-аъло”ни айтади. Кейин 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛ-ҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейди.
Сўнг “Аллоҳу акбар” деб саждадан бош кўтариб ўтиради ва 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛ-ҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейди.
Кейин “Аллоҳу акбар!” деб иккинчи саждага боради. Бу саждада ҳам 3 марта “Субҳана роббиял-аъло”ни айтади. Кейин 10 марта “СУБҲАНАЛЛОҲ, ВАЛ-ҲАМДУЛИЛЛАҲ, ВА ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲУ ВАЛЛОҲУ АКБАР” дейди. Сўнг “Аллоҳу акбар!” деб кейинги ракатга турилади.
Шу тариқа тўрт ракатни ўқийди. Ҳар бир ракатда 75 та тасбиҳ айтган бўлади. Ҳар бир ракат 15 марталик тасбиҳ билан бошланади, қироат қилгандан сўнг 10 мартадан яна тасбиҳ айтади.
Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳу бизнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирди ва унинг мазҳабидан бўлганлари боис, унинг ўргатганлари бизнинг ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ келади.
“Тасбиҳ намози”ни имкон борида ўқиб туриш керак. Рамазон ойида, қадр кечасида, шунингдек, бароат ва рағоиб кечаларида ўқишни одат қилиш керак. Айниқса, ҳаж ёки умрага борганлар муқаддас маконларни ғанимат билиб, савоб-самаралари кўпайтириб бериладиган “Масжиди набавий” ва “Масжиди ҳаром”да “Тасбиҳ намози”ни албатта ўқишга ҳаракат қилишлари керак. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни ҳар куни бир марта ўқинг; агар қодир бўлмасангиз, ҳар жумада бир марта ўқинг; агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, ҳар ойда бир марта ўқинг; агар бунга ҳам қодир бўлмасангиз, бир йилда бир марта ўқинг”, деганлар (Термизий, 1/482).