МақолаларТафсир

ҚАБР АЗОБИДАН САҚЛОВЧИ СУРА

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таборак” сураси қабр азобидан сақловчидир”, деганлар .

   “Таборак” сураси Аллоҳнинг изни билан мўмин бандани гўр азобидан ҳимоя қилади. Кези келганда муҳим бир нарсани билиб қўйиш керак: шу маънода айтилган ҳадисларга ишониб, “Истаганча яшаб, вафотидан кейин бир марта Таборакни ўқиб қўйса, жаннатий бўларкан”, деб ўйлаш тўғри эмас. Аслида бундай ҳадислар қалбимизга қувонч бағишлайди. Уларни ўқиб кўнглимиз бироз бўлсаям таскин топади. Аммо бошқа муҳим вазифаларни унутиб, бор эътиборимиз маййит ҳузурида “Ёсин” сурасини қироат қилишга, марҳум дафн этилгандан сўнг “Таборак”ни ўқишга қаратилмайди. Муҳими – ҳақиқий мусулмон бўлиб яшаш. Агар Аллоҳ рози бўладиган тарзда ҳаёт кечирсак, У Зот бизни қабрда ҳам, охиратда ҳам азоб-уқубатдан асрайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Саҳобалардан бири қабр устига чодир тикди. Лекин ўша ерда қабр борлигини билмасди. Шунда гўр ичида бир одам “Таборак” сурасини охиригача ўқиганини эшитди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бориб: “Эй Расулуллоҳ, чодиримни қабр устига қурдим. Лекин у ерда қабр борлигини билмабман. Ўша жойда бир одам “Мулк” сурасини охиригача ўқиганини эшитдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У тўсувчидир, қутқарувчидир. Ўша (сура бандани) қабр азобидан сақлайди”, деб марҳамат қилдилар ”. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Банда қабрга қўйилгач, унинг олдига оёқ томонидан келинади. Шунда оёқлари: “Сиз учун мен томонга йўл йўқ, чунки у мен билан туриб “Мулк” сурасини ўқирди”, дейди. Шундан сўнг кўкрак (ёки қорин) томонидан келинади. У: “Сизлар учун мен томонга йўл йўқ, чунки у мен билан “Мулк” сурасини ўқирди” дейди. Кейин бош томонидан келинади. Боши ҳам: “Сизлар учун мен томонга йўл йўқ, сабаби у мен билан “Мулк” сурасини ўқирди”, дейди. (“Таборак” сураси) тўсувчидир, бандани қабр азобидан сақлайди. У Тавротда ҳам “Мулк” сурасидир. Ким уни кечаси ўқиса, кўп ва хўп (иш) қилибди ”.
Бу ривоятдан қуйидаги хулосалар чиқади:

1. Қабр азоби – ҳақ.

2. Қабрда азоб фаришталари банданинг оёқ, кўкрак, бош томонидан келиб азоблайди.

3. “Таборак” сураси бандани гўр азобидан сақлайди.

4. Кимда-ким “Таборак” сурасини ўқиб юрса, унинг аъзолари қабрда тилга киради, ҳаётлик чоғида қилган савобли ишларини эслаб, бандани азобдан ҳимоя қилади.

5. “Таборак” сурасини кечаси, айниқса таҳажжуд намозларида ўқишнинг фазилати улуғ.
Яна Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким “Таборак” сурасини ҳар кечада ўқиса, Аллоҳ азза ва жалла уни қабр азобидан сақлайди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида “Таборак” сурасини (қабр азобидан) тўсувчи, деб атардик. Чиндан ҳам, Аллоҳнинг Китобида шундай сура бор. Ким уни ҳар кеча ўқиса, кўп яхшилик қозонибди ”.

“Қуръон – қалблар шифоси” китобидан

➥Линкни босиб “фойдали” каналга обуна бўлинг!👇
https://t.me/joinchat/AAAAAEGGvVxjpov993rSgA

Теглар
Back to top button
WP2Social Auto Publish Powered By : XYZScripts.com

Adblock​ аниқланди

Илтимос, реклама блокерингизни ўчириш орқали бизни қўллаб-қувватланг