ЖУМА КУНИ ФАЗИЛАТИ
Жума кунининг фазилатлари ҳақида ҳадиси шарифларда жуда кўп зикр қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни жунубликнинг ғуслини қилса, сўнгра биринчи соатда борса, худди туя қурбонлик қилгандек бўлади. Ким иккинчи соатда борса, худди қорамол қурбонлик қилгандек бўлади. Ким учинчи соатда борса, худди шохли қўчқор қурбонлик қилгандек бўлади. Ким тўртинчи соатда борса, худди товуқ қурбонлик қилгандек бўлади. Ким бешинчи соатда борса, худди тухум қурбонлик қилгандек бўлади. Имом (хутбага) чиқса, фаришталар зикр тинглашга ҳозир бўлишади», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни ғусл қилиб, иложининг борича покланиб, ўз мойидан суртиб, уйидаги хушбўй нарсалардан суртиб чиқса, икки кишининг орасини ёрмай (жой топиб), ўзига битилган намозни ўқиса ва имом гапирганда, жим туриб қулоқ солса, албатта, унинг ўтган жумадан бунисигача бўлган нарсалари мағфират қилинади», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшилаб таҳорат қилсаю, сўнгра жумага бориб тингласа, жим ўтирса, унинг бу билан ўтган жума орасидаги ва яна зиёда уч кунлик (гуноҳлари) мағфират қилинади. Ким (сажда учун) майда тошларга (беҳуда) тегинса, ортиқча иш қилибди», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан