ФОСИҚЛАР БИЛАР БИРГА БЎЛИШНИНГ ЖАЗОСИ
Исо алайҳиссалом кунларнинг бирида бир шаҳарга кирдилар. Шаҳар аҳолисининг барчаси мурда ҳолида кўчаларга ташлаб қўйилганини кўрдилар.
«Эй Ҳаворийлар! Бу қавм Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига учраб, ҳалок бўлибди. Агар Аллоҳ таоло улардан рози бўлганида эди, баъзилари қолган баъзиларини дафн қилиш имконига эга бўлар эдилар», дедилар. Ҳаворийлар:
«Эй Руҳуллоҳ! Буларнинг сабабини билишни истаймиз», дедилар.
Исо алайҳиссалом Жаноби Хаққа дуо қилдилар. «Кеч тушганда ўзларидан сўра, сенга, ўзлари жавоб айтадилар» дея ваҳий қилинди. Қоронғи тушганда Исо алайҳиссалом баланд тепаликка чиқиб:
«Эй шаҳар аҳолиси!» дея нидо қилдилар. Ораларидан бири:
«Лаббай, эй Руҳуллоҳ!» дея жавоб берди. Исо алайҳи салом:
«Нима учун бу аҳволга тушганинггизни менга билдиринг?» дедилар.
«Эй Руҳуллоҳ, биз мўл-кўлчилик ичида яшаган бир қавм эдик. Бир онда мана шундай даҳшатли равишда ҳалок бўлдик. Чунки, дунёни жуда севар, гуноҳкорларимизга эргашар, яхшиликка амр қилмас, гуноҳлардан наҳий қилмас ва бир-биримизни ёмонликлардан қайтармас эдик», деди.
«Дунёни қанчалик севар эдингиз?» дея сўрадилар Исо алайҳиссалом.
«Она ўз фарзандини севгани каби севар эдик. Қўлимизга дунё моли тушса қувониб, қўлимиздан чиқса, хафа бўлиб, йиғлар эдик» деди.
«Қолган шерикларингиз нима учун жавоб бермаяпти?» дея яна сўрадилар. У:
«Зеро улар йирик гавдали ва қўпол табиатли забонийларнинг (азоб фаришталари) қўлларида, оғизларига ўтдан юганлар боғланган ҳолдалар», деди.
«Унда сен қандай жавоб бера олдинг?» дея сўрадилар.
«Мен уларнинг орасида бўлсам ҳам, лекин улардан эмас эдим. Аммо, азоб келганда, мени ҳам қуршаб олди. Ҳозир жаҳаннамнинг қирғоғидаман. Бу ердан қутула оламанми ёки Аллоҳ сақласин, жаҳаннамга улоқтириламанми, билмайман», деди.
«Ҳилятул-авлиё» китоби асосида.
www.islomota.uz