БАХИЛНИНГ ДЎСТИ БЎЛМАС
Бахиллик Ислом динида ман қилинган, ақлан ҳам жуда ёмон кўрилган тубан хулқлардан биридир. Оли Имрон сурасининг 180-ояти каримасида шундай дейилади: “Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсага бахиллик қилганлар буни ўзларига яхшилик деб ҳисобламасинлар. Аксинча, бу уларга ёмонликдир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари ила бўйинлари ўралур…”.
Бахил кимсанинг ҳайбати кетиб, виқори йўқолади. Инсонлар орасида эътиборсиз, ҳурматсиз ва манфур шахсга айланади. Чунки бахиллик нима қилиб бўлса ҳам мол-мулк йиғишга, давлат тўплаб сарват соҳиби бўлишга ундайди. Шунинг учун ҳам бахил, бошқа инсонларнинг ҳақларига риоя қилмайди, бева-бечораларнинг аҳволи билан сира қизиқмайди ва охир оқибат жамият ичида разил ва расво бўлади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки хислат борки, комил мусулмонда жам бўлмайди: бахиллик ва ёмон хулқ”, деганлар.
Ҳикмат эгаларидан бир зот : “Бахиллик инсоннинг айбини ошкор қилади. Сахийлик эса гуноҳларни ёпади. Сен ҳам сахийлик либосини кий ва сахий бўл. Мен сахийликнинг барча айбларни сатр айлашига ўз тажрибам асосида гувоҳ бўлдим”, – деб айтган.
Хасисликнинг оқибати надоматдир. Чунки хасис киши тўплаган давлати билан фаровонликка эриша олмай, ўлимидан кейин ҳаммасини қолдириб, охиратга кўчиб кетади.
Мол-дунё сувга ўхшайди; сув ҳовузига етарлигидан ортиқ сув тўлдиришга ўхшайди. Агар бирор тарафдан оқиб чиқиб турмаса, тошқинга, атрофга зарар бериб, яксон бўлишига сабаб бўлганидек, хасис бойнинг ортиқча дунёси, тўғри ўз жойига ишлатилмаса (закот-садақаси берилмаса), ўзининг ҳалокатига сабаб бўлади.
www.islomota.uz