АКСА УРГАН КИШИНИНГ ОДОБЛАРИ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ аксани яхши кўради ва эснашни ёмон кўради. Бас, ким акса ургандан кейин «Алҳамдулиллаҳ» деса, буни эшитган ҳар бир мусулмонга унга «Ярҳамукаллоҳ» дейиш ҳақ бўлади. Эснаш эса, шайтондандир. Кимнинг эснагиси келса, кафтининг орқа томони билан оғзини тўсиб иложи борича уни қайтарсин. Бас, у «Ҳооҳ» деса, шайтон унга кулади», дедилар».
Ушбу ҳадисда ҳар бир кишида ҳар куни учраб турадиган икки ҳолатга нисбатан Ислом одоби, Ислом маданияти, Ислом аҳлоқи баён қилинмоқда. Тумовдан бошқа вақтдаги акса уриш одатда енгиллик аломати бўлади. Акса уриш яхшилик аломати бўлганлиги туфайли, акса урган киши Аллоҳга ҳамд айтиши керак экан. Буни эшитган ҳар бир киши эса акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ», яъни Аллоҳ сенга раҳм қилсин, дейиши Ислом одобларидан экан.
Бунга ҳар бир мўмин-мусулмон амал қилиши керак. Эснаш кишининг жисми ва руҳи оғирлашгани, хиралашгани аломатидир. У ҳеч қачон яхшилик аломати бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун мусулмон киши ўзидан эсноқни иложи борича қайтариши керак бўлади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» деса, унинг ҳузуридаги фаришталар «Роббил оламийн» дейди. Банда ҳам «Роббил оламийн» деса, фаришта «Аллоҳ сенга раҳм қилсин» дейди».
Демак, акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» деган кишига фақат атрофда эшитиб турган кишилар эмас, балки кўзимизга кўринмайдиган, бироқ доим ёнимизда бўладиган фаришталар ҳам жавоб беришга шай туришар экан. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтмаган киши бундан маҳрум бўлиб қолар экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши акса урса, «Алҳамдулиллаҳ» десин. Буни эшитган биродари унга Ярҳамукаллоҳ» (Аллоҳ сенга раҳм қилсин) десин. Буни эшитган акса урган киши «Яҳдийкаллоҳ ва йуслиҳу баалака (Аллоҳ сени ҳидоят қилсин ва сени ишингни ислоҳ қилсин)» десин», дедилар».
Демак, акса урган ва буни эшитган икки мусулмон ўртасида ана шундай ўзаро дуо бўлиши керак экан. Ислом ахлоқи, суннати, маданияти ана шундай экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон билиши, билмаганларга ўргатиб бориши керак экан.
Аксани эшитган «Алҳамдулиллаҳ» дейди
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким аксани эшитганда «Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламийн ъала кулли ҳал – (Ҳар қандай ҳол учун оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамд бўлсин)» деб юрса, тиш ва қулоқ оғриғига учрамас».
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бу гапларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар, ёки ўз тажрибаларидан келиб чиқиб айтганлар. Демак, биров акса урганини эшитганда ҳам Аллоҳга ҳамд айтса бўлар экан, оқибати хайрли бўлар экан.
Аксани эшитган қандай ташмийт айтади?
«Ташмийт» сўзи яхшилик ва барака тилаш маъносини билдиради. Шунингдек, душманга ёмонлик келтирувчи нарсадан хурсанд бўлиш маъноси ҳам бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким акса урса, «Алҳамдулиллаҳ» десин. Бас, қачон у «Алҳамдулиллаҳ» деса, унга биродари ёки соҳиби «Ярҳамукаллоҳ» десин. У эса «Яҳдийкумуллоҳу ва йуслиҳу баалакум» десин», дедилар».
Бу ҳадиси шарифда кишилар бор жойда акса урган киши ва унинг атрофидагилар бу муносабат ила ўзларини қандай тутишлари кераклиги маданияти ҳақида сўз бормоқда.
«Ким акса урса, «Алҳамдулиллаҳ» десин». Акса урган одамнинг одоби шу. Акса кўпроқ енгиллик, соғлик аломати бўлгани учун ўша нарса ўзига етгани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Бир биродарининг енгиллик аломати бўлган акса ургани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтганини кўриб, эшитган мусулмон у кишини ушбу муносабат ила табриклаб қўйсин.
«Бас, қачон у «Алҳамдулиллаҳ» деса, унга биродари ёки соҳиби «Ярҳамукаллоҳ»десин».
Яъни, Аллоҳ таоло сизга раҳм қилсин, деган эзгу дуони қилсин. Зотан, аксадан кейин акса урган кишига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлиши эҳтимоли кўп.
Акса урувчи ўзига яхши истак билдирган одобли, мусулмон маданиятига амал қилувчи биродарига ўзига яраша лутф кўрсатсин.
«У эса «Яҳдийкумуллоҳу ва йуслиҳу баалакум» десин».
Яъни, Аллоҳ таоло сизни ҳидоятга бошласин ва ҳолингизни салоҳиятли қилсин деган дуони қилсин. Бу мўмин-мусулмонларнинг улардан бири акса ургандаги одобларидан экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ аксани яхши кўради ва эснашини ёқтирмайди. Кимки акса уриб, сўнг Аллоҳга ҳамд айтса, буни эшитган ҳар бир мусулмоннинг «Ярҳамукаллоҳ» дейиши ҳақ бўлади. Эснаш эса, шайтондандир. Кимга эсноқ келса, имкони борича қайтарсин. Албатта, бирингиз эснаса, шайтон унинг устидан кулади», дедилар».
Бу ҳадисдан акса банда учун Аллоҳ таолонинг неъмати эканини билиб оламиз. Аввало бу нарса Аллоҳ таоло учун маҳбуб нарса экани бунга далолатдир. Сўнгра акса ургани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтишнинг ўзи ҳам бир неъмат. Бунинг учун банда савоб олади. Ундан кейин акса урган одамга бошқалар яхши дуолар қиладилар. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг неъмати.
Аксинча, эснаш ўз эгаси учун яхшилик аломати эмас. Уни Аллоҳ таоло яхши кўрмайди. Эснаган одамдан шайтон кулади. Шунинг учун мусулмон банда эснамасликка ҳаракат қилиши керак. Агар эсноқ турадиган бўлса, иложи борича қайтариши тавсия қилинмоқда бу ҳадисда. Шу билан бирга эсноқ тутган одам Аллоҳ таолога истиғфор айтиши жорий бўлган.
Абу Жамра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Аббоснинг аксасидан кейин ташмийт айтилса: «Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам дўзахдан сақласин. Аллоҳ сизларга раҳм қилсин», деганини эшитдим».
Бу ривоятдан акса урган одамга яхши истак билдирган шахс учун қилинадиган дуонинг матни бир хил эмаслиги билинади. Балки яхшилик ва эзгуликни англатувчи дуолар бир-бирининг ўрнига ишлатилиши ҳам борлиги чиқади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бир киши акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Ярҳамукаллоҳ» дедилар. Сўнг бошқа бир киши ҳам акса урди ва ҳеч нарса демади. Бас, у: «Ё Аллоҳнинг Расули! Бошқага рад қилдингиз, менга ҳеч нарса демадингиз!» – деди. «У Аллоҳга ҳамд айтди. Сен сукут сақладинг», дедилар».
Демак, акса урган киши Аллоҳ Таолога ҳамд айтсагина, унга Аллоҳдан раҳмат сўралар экан. Акс ҳолда унга бирор нарса дейиш ҳеч кимга шарт бўлмас экан.
Акса уриб ҳамд айтмаган киши Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик қилгани учун, У зотга ҳамд айтмагани учун унга акса уриши муносабати ила яхши истак билдирилмайди.
Акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтмаганга яхши истак билдирилмайди
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган икки киши акса урди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бирига «Ярҳамукаллоҳ» дедилар, иккинчисига айтмадилар. Бас, у: «Бунга ташмийт айтдинггиз, менга айтмадингиз?» деди. «Бу Аллоҳга ҳамд айтди, сен айтмадинг», дедилар».
Демак, акса урган одам Аллоҳ Таолога ҳамд айтса, унга раҳмат тилаб дуо қилиш эшитганларга лозим бўлар экан. Акса ургандан кейин индамай ўтираверган кишига бундай дуо қилиш шарт бўлмайди. Уламоларимиз акса урган шахсга ташмийт айтмаслик – яхши истак билдирмаслик бўйича барча далилларни ўрганиб чиқиб қуйидаги мулоҳазаларни ҳам келтирганлар:
1. Кофир киши акса урса, унга «Яҳдийкумуллоҳу ва йуслиҳу баалакум» дейилади. «Ярҳамукаллоҳу» дейилмайди.
2. Уч мартадан ортиқ акса урган одамга офият сўралади. Чунки бундай одам тумов хасталигига дучор бўлган бўлади.
3. Аллоҳ таолонинг зикр манъ қилинган ҳолатда бўлган одамга ҳам ташмийт айтилмайди.
4. Имом Жумъа намози хутбасини қилиб турганда акса урган одам ҳамд айтса ҳам унга ташмийт айтилмайди.
5. Агар хутба қилаётган одам акса уриб бир оз туриб қолса, ташмийт айтилади. Туриб қолмай давом этиб кетса, ташмийт айтилмайди.
6. Акса урганда ташмийт айтилса ёмон кўрадиган одамга ҳам ташмийт айтилмайди. Суннатни ёқтирмаган одамга ҳурмат кўрсатилмайди.
Акса ургандан кейин нима қилиш керак
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади:
«У қачон акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, ёнидагилар «Ярҳамукаллоҳ» дейишса, доим «Аллоҳ бизга ҳам, сизга ҳам раҳм қилсин, бизни ҳам, сизни ҳам мағфират қилиб, гуноҳимизни кечирсин» дер эди».
Бу ҳадиси шарифда акса урган шахс ва унга шу муносабат ила яхши тилак билдирганлар орасидаги гўзал муомала баёни келмоқда. Бир одам акса урди. Бу аввало яхшилик аломати. Амо шу билан бирга беморликнинг даракчиси ҳам бўлиши эҳтимоли бор. Ўша пайтда акса урган одам Аллоҳ таолога ҳам айтиб бу ҳолатнинг яхшилик дея билди. Албатта, унинг ҳолатини кўрб, Аллоҳ таолога ҳамд айтганини эшитиб турган одамлар индамай, безрайиб тураверишлари одобдан эмас. Ислом маданияти бу пайтда акса урган одамга Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраб дуо қилишни тавсия қилган. Албатта, бу ишни қилиш юксак одоб намунасидир. Шу билан бирга акса урган одам ҳам, ўзидан Аллоҳ таолонинг раҳматини тилаган одамга ўз муносабатини билдириши жуда ҳам яхши бўлади. Мусулмонларнинг бу борадаги одоблари ушбу ривоятда келган «Аллоҳ бизга ҳам, сизга ҳам раҳм қилсин, бизни ҳам, сизни ҳам мағфират қилиб, гуноҳимизни кечирсин» деган дуони қилишдир.
Иёз ибн Саламадан, у отасидан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида акса урди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ярҳамукаллоҳ» дедилар. У киши яна акса урди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу киши тумов бўлиб қопти-ку», дедилар».
Демак, қайта-қайта акса уриш тумовнинг аломати бўлиши ҳам мумкин экан. Бир марта акса уриш эса саломатликнинг, енгиллик ва яхшиликнинг аломати экан. Кетма-кет акса уриб турган одамга ташмийт айтмаса ҳам бўлар экан.
Islom.uz портали таҳририяти